Ўзбекистон: Ҳаммаси Аллоҳдан, тақдир ёки қадарга розимиз – иқлим ўзгариши ўзбекистонликларни қанчалик қўрқитади? Dunyo O‘zbekiston iqlim o‘zgarishi yangiliklar

Пойтахт Тошкент

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Сурат тагсўзи, Жаҳон ва Осиё Тараққиёт Банкининг маълумотларига таянилса, глобал иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон учун ҳам жиддий бўлиши мумкин

Сўнгги йигирма йил ичида дунёда сув тошқинлари, кўчкилар, тўфонлар, жазирама иссиқ ва бошқа нохуш табиий ҳодисалар фаоллашган, қарийб икки баробарига ортган.

Бу агар аҳвол шу тариқа давом этадиган бўлса, Ер юзи, бутун инсониятнинг тақдири хавф остида қолиши мумкинлигига оид жиддий қўрқувларни пайдо қилган.

Ўтган бир неча минг йил давомида одамзод қаршисида бундай муаммо бўлмаган.

Аждодларимиз ўртача йиллик ҳарорат 13-15 градусдан ошмайдиган ўзига хос иқлимий муҳитда маза қилиб яшашган.

Туркиядаги ёнғин

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Сўнгги йигирма йил ичида дунёда сув тошқинлари, кўчкилар, тўфонлар, жазирама иссиқ ва бошқа нохуш табиий ҳодисалар фаоллашган, қарийб икки баробарига ортган

Аммо олимлар ҳозир хавотирда.

Уларнинг огоҳлантиришича, глобал иқлим ўзгариши сабаб кейинги икки ўн йилликда аҳвол кескин ёмонлашиши мумкин.

Иқлимдаги ўзгаришлар қуруқликнинг салмоқли қисмини тап-тақир саҳрога айлантириши, йўқ қилиши ва ҳатто бутун Ер юзини яшаш учун яроқсиз аҳволга келтириши эҳтимоли бор.

Олимлар булар барчасининг олдини олиш учун инсоният ихтиёрида жуда оз вақт қолганидан бонг уришмоқда.

Уларга кўра, келаси 9-10 йилнинг ўзидаёқ вазият ортга қайтиб бўлмас нуқтага етиши мумкин, бунга иқлимий моделлари далолат қилган.

Алоқадор мавзулар

Ўзбекистон ва глобал иқлим ўзгариши

Пойтахт Тошкентлик онахон

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM/ILLYUSTRATIVTASVIR

Жаҳон ва Осиё Тараққиёт Банкининг маълумотларига таянилса, глобал иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон учун ҳам жиддий бўлиши мумкин.

Жорий эмиссия даражаси давом этган тақдирда, 2090 йилга қадар Ўзбекистондаги ўртача ҳароратнинг 4.8°C га қадар кўтарилиши эҳтимоли бор.

Асрнинг охирига бориб, оғир қурғоқчилик эҳтимоли ҳам ортади.

Минтақада музликларнинг шиддат билан эриб кетиши келаси 20-30 йил ичида Амударё ва Сирдарё бўйлаб кескин сув танқислигига олиб келиши мумкин.

Ҳароратнинг кўтарилиши, шунингдек, ичбуруғ каби касалликлар ҳамда безгакнинг қайта бош кўтариши хавфи орқали саломатликни ҳам хатар остига қўяди.

Ўзбекистоннинг аксарият аҳолиси мамлакатнинг чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади

Сурат манбаси, dimaqayum/courtesy

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг йирик давлати бўлади.

Биргина расмий рақамларнинг ўзидаёқ фуқаролари сони ҳозир 35 миллиондан ортади.

Мамлакат иқтисоди асосан қишлоқ хўжалигига асосланган ва аҳолисининг аксарият қисми ҳам чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда газ ва электр таъминотидаги тақчилликлар жиддий ва сурункали тус олган.

Мавжуд ҳолат эса, айниқса, қишлоқ жойларида кўмир, ўтин ва тезак истеъмолини кескин кўпайтирган, уларни аксарият одам учун ягона энергия манбасига айлантирган.

Чорасизлик ҳатто мевали дарахтларнинг кесилиб кетишига ҳам сабаб бўлаётгани ижтимоий тармоқларда энг ташвишли постлардан бирига айланаётгани ҳам кўрилган.

Ўзбекистон минтақанинг йирик саноат корхоналарига ҳам бой мамлакатларидан бири бўлади.

Глобал иқлим ўзгариши натижасида минтақадаги музликларнинг эриши, аҳоли сони ва сўғориладиган экин майдонларининг купайиши сув ва энергия тақчиллигига сабаб бўлиши, буларнинг барчаси ижтимоий ва иқтисодий муаммолар қаторида одамларни оммавий миграцияга ундовчи янги факторларга айланишига оид жиддий хавотирлар ҳам бор.

Яқинда эълон қилинган айрим халқаро ҳисоб-китобларга кўра, Марказий Осиёда сув танқислигининг олдини олиш ва бутун минтақанинг энергия тизимини модернизация қилиш учун камида 90 миллиардча доллар керак.

Бу - Марказий Осиё учун бу жуда катта миқдор, деганидир.

Глобал иқлим ўзгаришидан ўзбекистонликлар қанчалик хавотирда?

Пойтахт Тошкент

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Би-би-си Ўзбек хизматининг Глазго саммити арафасида қўйган айни мазмундаги саволи кўпчилик фолловерларимизни бефарқ қолдирмаган:

Бу хусусда қўйган постимиз сўнгги бир неча кун ичида энг кўп шарҳланган ва ёқтирилганларидан бири бўлган.

Мавзуни киноя, енгил кулгу остига олганлар баробарида ҳаммаси Аллоҳдан экани, қадарга розиликлари ва таваккал қилганликлари мазмунида комент қолдирганларнинг нисбатан кўпроқ экани кузатилган.

Бир фолловеримиз эса, "Эссиз, бизда шунақа муаммоларга ҳеч ким эътибор бермайди. Ахир сен расво қилаётган табиатда болаларинг яшайди. Бизда ўша гап - ўзим соғ-омон бўлсам, бўлди, қолгани бир тийин деган гап бор ҳаммада", - деб ёзган.

"Ундан ташқари муаммолар етарли, вақт йўқ ўйлагани иқлимни", - дейилган коментга эса, қаҳ-қаҳ кулиб турган учта эможи ҳам илова қилинган.

Бирлари глобал иқлим ўзгаришидан ўзларининг хавотирда эканликларини изҳор этган бўлишса, бошқалари бундан қўрқишаётгани йўқлигини билдиришар экан, бунинг сабабини, "ҳаммаси Аллоҳдан-ку", дея изоҳлашган.

Яна бир фолловеримиз, "Одамлар ўзгарди, об-ҳаво ўзгармасинми", деган бўлса, бошқаси, "Иқлим ўзгариб бўлди. Бундан буёғига ёмонлашиб бораверади", деган нуқтаи назарни изҳор этган.

Қолдирилган коментлар орасида, "1 соатдан кейин нима бўлишини билмаймизу, энди келажакдаги иқлим ҳақидаям ўйлаб сиқилайликми, нима бўлса бўлар, Аллоҳ бор-ку, нима ғам бор, ўзи асраса бўлди, 1000 градус бўб кетмайдими", деган мазмундагиларининг ҳам борлиги кўрилган.

Худди шу коментга жавобан ёзилган бошқасида эса, глобал иқлим ўзгариши нима эканига ҳам изоҳ бериб ўтилган ва жумладан, "атмосферага чиқарилаётган зарарли газларни катта корхоналар чиқаради, лекин ўша корхоналар ишламаса, аҳолининг, инсонларнинг таъминоти бузилади, иқтисодиёт синади, демографик жараён ортиб бормоқда, аҳоли ўсиб бораяпти, ечим нимада - экологик тоза технологияларда, бунинг битта лекини бор, бутунбошлик иқтисодни бунақа технологиялар билан алмаштириш, яратиш учун камида 100 йил керак, эҳ-ҳеей, охирини ўйласангиз, миянгиз қизиб, қайнаб кетади..." ҳам дейилган.

Яна бир фолловеримиз эса, "мусулмонлардан сўраб ўтирманг, таваккал қилганмиз", - дебди.

Худди шу мазмундаги коментларнинг давомидек кўринган бошқасида эса, "ҳамма ерни ифлос қилиб, глобал исиш Аллоҳдан дейиш аҳмоқлик. Сиз табиатни асранг, сабабини қилинг, кейин Аллоҳдан десангиз, ярашади!", дея "тавсия" берилган.

Яна бирида, "Мавжудотларнинг барча турлари ўзгарувчандир, агарда ўзгара олмасалар, демак, йўқликка маҳкумлар. Табиатни тўлалигича сақлаб қолиш - инсон қўлида эмас!", - деб ёзилган.

Бошқа бир фолловеримиз эса, "Тўғри, иқлим ўзгариши оддий одамларни хавотирга солаяпти. Энг катта бой давлатлар бунга ҳали анча бепарво. Ҳатто қорлар ёғмай қўйди. Глобал исиш, сув тошқинлари, ёнғин...Инсоният тарафидан табиатга жуда катта зарар берилаяпти", дея "афсус"ларини билдирган.

Дунёнинг тақдири боғлиқ экани айтилаётган икки ҳафталик Глазго саммитида Ўзбекистонни ким намоён этиши маълум эмас, бу ҳақда ҳозирча расман маълумот берилмаган.

Саммит глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келган.

Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади.

Шотландиянинг Глазгосидаги саммит кеча, 1 ноябрь куни расман иш бошлаган.

Бу галги саммитнинг дунё ва инсоният тақдирида муҳим ўрин тутиши айтилади.

Саммитнинг илк кунида дунёнинг юздан ортиқ давлати вакиллари 2030 йилгача ўрмонларга қирон келтиришни бас қилишга келишиб олишган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek