Ўзбекистон: Намойишлар қайтмоқда - сиёсий эркинликлар ҳам қайтадими?

Сурат манбаси, Official
Ўзбекистон тарихида илк бор парламент сайловларида қатнашадиган бешта сиёсий партия раҳбарларининг жонли телевизион дебатлари бўлиб ўтган.
Декабр ойидаги сайловлар Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён илк парламент сайловлари бўлади.
Ҳукумат сайловларни очиқ ва эркин ўтказишга ваъда берган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Жойларда сиёсий партия фаолларининг намойишлари ҳам ўтмоқда.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Ўзбекистон Адолат социал-демократия партияси намойишларига эътибор қаратган.
Унинг Фэйсбукдаги саҳифасида ёзишича, намойишларнинг мотиви, талаби - ҳозирча анча абстракт, аниқ институтларга, шахсларга қаратилмаган. Коррупцияга қарши намойиш - ҳеч кимни айбламасдан, ҳаммага қаратилган даъват, чақириқ деб эътироф этиш мумкин.
Аммо унинг фикрича, намойишларда айтилган шиорлар эмас, балки уларнинг ўзи муҳим.
"Олдинги маъмурият даврида, айниқса, 2005 йилдан бошлаб, ҳатто концертларга одамларни йиғилиши - давлатга таҳдид сифатида кўриладиган бўлиб қолган эди. Ҳукумат "одамлар йиғилмасин, тағин, нималардир бўлиб кетмасин" деган қўрқинчли фобияга чалинган эди. Бу фобияни соғлом одам, соғлом жамият ва нормал давлат тушуниши, ҳазм қилиши қийин эди. Лекин, Ўзбекистон мана шундай даврларни бошидан ўтказди. Аслида, намойишлар - жамиятни ва давлатни соғломлаштирувчи, уни пишиб етаётган муаммоларини кўрсатиб берувчи институт ва инструмент ҳисобланади. Адолат партияси намойишлар ўтказар экан, ундаги талаблар муҳимдир. Лекин, намойишларнинг бўлиб ўтиши, унда юзлаб ва минглаб одамларни қатнашиши - янада муҳим. Бу билан, жамият жонланади, давлат соғломлашади, ҳукумат жамиятнинг-одамларнинг кайфиятини кўриб-билиб туради. Жамият кайфиятини, эҳтиёжларини билдириб турадиган институтлар унчалик кўп эмас. Намойишлар - шулардан бири. Тушунаманки, ушбу намойишлар - ҳукумат розилиги ва назорати остида кечмоқда. Лекин, асосийси, ҳукумат намойишлардан қўрқиш холатида эмас. Эндиги масала, ҳукуматнинг намойишларни тушуниш доираси ва даражасини кенгайиб боришида, жамиятни эса тинч ва муросали йўллар билан ўз муаммоларини билдириш маданиятини ошириб боришида, ҳисобланади. Намойишлар - ашаддий таъқиқ остида эди, мана энди бу таъқиқ ҳам бекор бўлмоқда", - деб ёзган Камолиддин Раббимов.
Рухсат этилган намойишлар
Каримов даврида ҳатто ҳукуматпараст партияларнинг намойишларига ҳам рухсат берилмаган.
Аммо умуман, намойишлар Ўзбекистон учун мутлақо янги кўриниш эмас.
Мустақиллик арафасида Ўзбекистон кўп минг кишилик намойишларга саҳна бўлган, уларда миллий тил ва миллий мустақиллик масалалари кўтарилганди.

Сурат манбаси, Facebook
Ўша тарихий намойишларни суратга олган кинорежиссёр ва ёзувчи Абдулазиз Маҳмудовнинг фикрича, ҳозирги сиёсий партияларнинг намойишига "самимийлик етишмаяпти".
"Бу партияларнинг раҳбарлари ҳозирги ўзгаришлар даврига ярашмаяпти. Ҳукмрон синф, бюрократия назоратни қўлдан бермоқчи эмас. Аммо сиёсий ислоҳотларсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди", - дейди Би-би-си билан суҳбатида Абдулазиз Маҳмудов.
Президент Шавкат Мирзиёев бундан роппа-роса 30 йил муқаддам сиёсатга кириб келганди.
У 1989 йилда Олий Кенгашга депутат этиб сайланган.
Бу собиқ СССР ва Ўзбекистоннинг янги тарихидаги биринчи ва охирги эркин сайловлар эди.
Мирзиёев давридаги илк парламент сайловларининг шиори - "Янги Ўзбекистон - янги сайловлар".
Аммо сайловларда янгилик унча кўпмас.
Каримов давридаги каби унда мухолифат қатнашмайди.
Сиёсий фаоллик эса ҳануз чекланган.
Ўтган ой Хоразмдан Тошкентга Ички ишлар вазири қабулига пиёда йўлга чиққан бир гуруҳ жазоланган.
Рухсат этилмаган юриш иштирокчиси бўлган журналист ва шоир Маҳмуд Ражаб 10 стукалик қамоқ ва жаримага маҳкум этилган, уни ёритган блогер Шабнам Оллошкурова эса 10 суткалик қамоқ ниҳоясида мажбурий даволаниш учун руҳий шифохонага ётқизилгани маълум бўлган.
Икки фарзанднинг онаси бўлган Шабнам Оллошкурова ҳануз Урганчдаги руҳий шифохонада қолмоқда.
Сешанба куни Тошкентда ўтган брифинг чоғида ИИВ ҳамда АОКА мулозимлари Оллошкурованинг блогерлик фаолияти учун жазога тортилганини рад этишган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












