Ўзбек футболига бойкот вазиятни ўзгартирадими?

    • Author, Шодиёр Сайф
    • Role, Би-би-си, Олма-ота

Ўзбекистондаги оммавий спорт сайтларидан бири stadion.uz ўзбек футболини бир неча соат давомида бойкот қилди.

Стадиончилар Инчонда ўтаётган Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонига ютқазиб чорак финалга чиқолмаганидан сўнг шундай қарорга келишди.

27 сентябрь куни эълон қилинган мақолада сўнгги йилларда ўзбек футболида кескин пасайиш бошлангани айтилади.

"Терма жамоаларимизнинг халқаро ўйинлардаги натижалари ёмонлашиб бормоқда. Ўсмирларимиз ЖЧга чиқа олмади, терма жамоамиз Осиё Ўйинларида нимчорак финалдан нарига ўта олмади", - дейилади мақолада.

Веб сайт таҳририяти буларнинг барчасига миллий чемпионат сабабчи эканлигини таъкидлайди.

Чемпионатда келишилган ўйинлар авж олгани айтилади.

"Келишилган ўйинлар, тотализаторга ўйинларни тикиш кундан-кунга авж олиб бормоқда. Ҳаммаёқ "театр". Айниқса, мавсумнинг сўнгида бу ҳолат жуда ҳам авж олади. Медаллар учун курашаётган ва Олий лигада қолишни истаган жамоалар таваккал қилишни, мардларча курашишни исташмайди. Келишади, сотиб олади, керак бўлса ҳакамлар билан "ишлайди".

Спорт сайти келишилган ўйинларга бир неча мисолларни келтиради.

Етарли асослар бўлса-да, Ўзбекистон футбол федерацияси ва Профессионал футбол лигаси ушбу ҳолатлар бўйича жиддий чора кўрмаган.

Стадиончилар вазият ижобий томонга ўзгармагунча ўзбек футболига оид янгиликларни веб саҳифада ёритмаслик орқали ўзбек футболига бойкот эълон қилишини билдирган.

Шунингдек, футбол мутасаддилари билан журналистларнинг учрашувини талаб қилган.

Ушбу бойкот ижтимоий тармоқлардаги футбол мухлислари томонидан илиқ кутиб олинган.

Бироқ бойкот матни сайтда чоп этилишидан бир неча соат ўтиб сайт таҳририяти томонидан олиб ташланди.

Сайт ижодкорлари мақола мурожаат-хат шаклида ЎзПФЛ ва ЎФФга тақдим қилинганини ва ўзбек футболи раҳбарларидан спорт журналистлари билан учрашув ташкил қилиш сўралганини ёзди.

"Шу боис, айрим жиҳатларни инобатга олган ҳолда, бугун эълон қилинган норозилик мақоламизни вақтинчалик сайтдан олиб туришга қарор қилдик", - дейилади кейинги чоп этилган хабарда.

Бироқ сайт ходимлари "театрлаштирилган саҳна"ларни ўз сайтларида ёритмаслик ёки тарғиб қилмаслик қарорида қолганини. Танқидий ва келишилган ўйинларни фош қилишда эса давом этишини маълум қилган.

Осиё ўйинларида терма жамоанинг мувафаққиятсизлигига бир томон мухлислар бош мураббий Миржалол Қосимовни айблаган.

Иккинчи томон эса, айб ички чемпионатни хароб аҳволга солиб қўйган рабариятда эканлигини билдирган.

Фойдаланувчилар журналистларни очиқ гапирмасликда айблаб, федерация президенти Мираброр Усмоновнинг истеъфосини матбуот орқали сўраш кераклигини таъкидлашган.

"Мираброр Усмоновдан ёки Қосимовдан сўранглар унда "қачон жойингизни бўшатасиз," деб. Нега сўрамайсизлар?", -дейди Санъат Шарипов.

Ўзбекистон матбуот эркинлиги чекланган жамият дея кўрилади. Бойкот тўғрисидаги мақоланинг олиб ташланганлигига турли босимлардан хавотир сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Stadion.uz сайтига бир кунда ўртача 35-40 минг мухлис ташриф буюради.

Мақола чоп қилинган куни сайт бир муддат очилмай қолган.