Ўзбекистон футбол федерацияси президенти журналистлардан узр сўради

- Author, Шодиёр Сайф
- Role, Би-би-си, Олма-ота
Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов ўзи танқид қилган журналистларни чақириб узр сўраган. Ўзбекистонда раҳбар одамнинг журналислардан узр сўраш ҳолати деярли кузатилмайди. Федерация биносида бўлган 1,5 соатлик суҳбат давомида Мираброр Усмонов президентлик лавозимидан кетиши мумкинлигини билдирган.
Учрашувда қатнашган журналист Бобур Акмалов твиттердаги саҳифаси орқали Мираброр Усмоновнинг гапларидан иқтибос келтирган:
“Ўтган ишларни унутайлик. Мен сизлардан узр сўрайман. Ривожланишда давом этайлик, олдинга интилайлик”, - деган Мираброр Усмонов.
Усмонов ўзи танқид қилган 4 журналистдан учтаси Олимхўжа Бўронов, Қаҳрамон Асланов, Бобур Акмалов ҳамда championat.asia муҳаррири Нодирхўжа Йўлдошев билан учрашган. Федерация президенти танқидига сабаб бўлган Шуҳрат Шокиржонов шахсий сабаблар билан учрашувга келолмаган.
Stadion.uz сайтининг ёзишича, федерация президенти нима сабабдан журналистларнинг учрашув ҳақидаги таклифини олдин қабул қилмаганига изоҳ берган:
“Ёзда бўлиб ўтган воқеалардан кейин мен 4 кишининг исм-фамилиясини айтиб ўтгандим. Ўшанда сизлардан мен билан учрашиш таклифи билдирилганди. Шунчаки, ўша пайтларда бу учрашувнинг ҳали вақти эмасди. Мана ҳозир сизлар билан суҳбатлашаётимдан хурсандман. Аввал ҳам айтиб ўтганимдек, мен журналистларнинг танқидларини тўғри қабул қилганман ва футболни ривожлантириш борасида қарорлар қабул қилишдан улардан фойдаланганман. Танқид қилишдан ҳеч ҳам қўрқманглар. Фақат танқид қилишдан аввал масалани тўлиқ ўрганиб, эҳтиёткорлик билан ёндашинглар. Сизларга берадиган катта маслаҳатим шундан иборат”, деди Мираброр Усмонов.
Жаноб Усмонов шунингдек 10 декабр куни бўладиган ҳисобот йиғилишида федерацияга янги раҳбар тайинланиши мумкинлигини таъкидлаган.
“Ўйлайманки, янги тайинланадиган ЎФФ президентига анча осон бўлади. Инфратузилма ва фундаментни қўйдик. Ана энди терма жамоаларимиздан конкрет натижа талаб қилса бўлади. Ўсмирлар ва ёшлар терма жамоаларимиздан, ҳар доимгидек, ЖЧга чиқиш ва камида чорак финалга чиқиш вазифаси талаб қилинса, Олимпия терма жамоамиз олдига Рио-де-Жанейродаги олимпиадага чиқиш ва миллий терма жамоамиз олдига эса 2018 йилги ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш вазифалари юклатилади”, дея Мираброр Усмонов гапларидан иқтибос келтиради stadion.uz сайти.
Миржалол Қосимов мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бразилияда бўладиган Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқиш имкониятидан маҳрум бўлгач, stadion.uz сайтида танқидий мақолалар пайдо бўлганди.
Уларнинг ичида терма жамоа бош мураббийи Қосимов ўз вазифасини бажара олмагани учун истеъфога чиқиши кераклиги ҳақида мақолалардан тортиб Қосимовга яна имконият берилиши кераклигини ҳақидаги турли фикрлар бор эди.
22 июлда Sport TV нинг "Футбол шарҳи" ток-шоусида қатнашган Ўзбекистон футбол федерацияси президенти Мираброр Усмонов қатор журналистларнинг номини тилга олиб, уларнинг мақолалари учун танбеҳ берганди.
"Умуман олганда, мен(журналистлар ёзаётган нарсалардан) миннатдорман, лекин Бобур Акмалов, Олимхўжа Бўронов, Шокиржонов ва Қаҳрамон Аслановларнинг ёзганларини ўқиб, шокдаман. Тўхта, сен ўзинг футбол учун, мамлакатимиз тинчлиги, ёшлар фаоллиги учун нима қилдингу, бошқаларни қилаётган иши учун ҳақорат қиласан?", деган футбол федерацияси президенти.
Раҳбарларнинг журналистларни олдига чақириб қилган ноҳақ танқиди ва айблови учун узр сўраш ҳоллари деярли кузатилмайди.
Журналистлар муаммо ҳақида гапирадиган ва ёритадиган бўлса, одатда муаммо қолиб журналистларни таъқиб қилиш ҳоллари одатга айлангани айтилади.








