Skip to main contentAccess keys helpA-Z index
BBCUzbek.com
Рус хизмати
Қирғиз хизмати
Озарбайжон хизмати
Турк хизмати
Араб хизмати
Форс хизмати
Сўнгги янгиланиш: 10 Декабр, 2007 - Published 14:29 GMT
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
Муносабат


ЯНГИ САЙЛОВЛАР ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР ДАЛОЛАТИМИ?


Декабр ойига режаланган Ўзбекистон президентлиги сайловларида жорий президент Ислом Каримов дохил тўрт номзоднинг иштирок этиши кутилмоқда. Бу мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилаётган ҳолатдир. Кўп номзодли овоз беришлар демократиянинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Аммо ғарблик кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ҳали ҳамон демократия сари сезиларли қадамлар қўйилмаяпти. Ҳозирги тўрт номзод ичидан ҳам асосан жорий Президент Ислом Каримовдан ташқари ҳеч бири сиёсий фаолияти ва ёки ҳаракатлари билан халқ олдида танилмаган. Таҳлилчилар ҳам мавжуд ҳолат сайлов натижалари хусусида ортиқча башоратларга ўрин қолдирмайди, деб биладилар. Би-би-си Ўзбек Хизмати бўлажак сайловлар борасида муҳожиротда яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳам фикрларини билиш мақсадида улардан айримларини суҳбатга чорлаган. Айни туркумдаги суҳбатларимиз билан ҳафтанинг ҳар куни Би-би-си Ўзбек Хизматининг "Дараклар" дастури ва веб саҳифамиз орқали танишиб боришингиз мумкин:



10-суҳбат

Мен Бахтиёр Ҳасан, 1970 йилда туғилганман, Андижон шаҳриданман, ёшим 37 да, ҳозирги пайтда бошпана сўраб, Украина давлатига келганман:

Бахтиёр Ҳасан: Менинг бу президентлик сайловларида ҳеч қандай қатнашиш ниятим ва ҳаракатим ҳам йўқ. Нима сабабдан дейдиган бўлсак, бу сайловлар ноқонуний, чунки конституциянинг 90-моддасида аниқ, равшан айтиб қўйилган: президент икки марта сайланади, холос. Январда "уже" янги президент билан чиқишимиз керак эди. Президентлик сайлови ўтган йилнинг декабр ойида ўтказилиши керак эди. Ҳамма ёқ жим-житлик. Давлат ўзининг бутун олиб борган сиёсати билан яна бир бор аниқ-равшан қилиб кўрсатаяптики, давлат шахсан Ислом Абдуғаниевичнинг қўлида. Энди, бу конституцияни ким бузаяпти? - Албатта, Ислом Абдуғаниевич Каримов. Ўзбекларнинг бир мақоли бор-ку, балиқ бошидан,..деган. Демак, биз, яъни халқимиз ҳам айниётгандек бўлаяпмиз мана шу сайловга келиб, президент номзодини сайлаш билан.



9-суҳбат

Фазилат Маъмурова, асли Ўзбекистонданман, айни вақтда Америка Қўшма Штатларида таҳсил оламан, ёшим 23 да, асли касбим журналистман:

Фазилат Маъмурова: Ўзбекистон фуқароси сифатида, албатта, ушбу сайловларда иштирок этиш ниятидаман. Биласизми, одатда президентликка ўз номзодини қўйган ўша номзодлар бир йил, бир ярим йил олдин ўзининг тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришади. Ва шундагина халқ билиши мумкинки, қайси номзод президент бўлишга лойиқ...Лекин Ўзбекистон президентлигига қўйилган номзодлар орасида бу нарсани кўрганимиз йўқ, афсуски. Лекин агар таржимаи ҳоллари асосида овоз берадиган бўлсак, кимга овоз берган бўлардим, Акмал Саидовга. Чунки шу инсондан қандайдир умидим бор...

Давоми бор...



8-суҳбат

Муҳиддин Қурбоновман, 47 ёшдаман. Ўзбекистон фуқаросиман, ҳозир Швециядан бошпана олиб яшаяпман. Мен Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланганим учун таъқибга олинганман ва шунинг учун Ўзбекистонни тарк этганман:

Тошкент. Сайлов тарғиботи
Муҳиддин Қурбонов: Мен президентлик сайловларида иштирок этмаган бўлардим, иштирок этмайман ҳам. Чунки бу олдиндан маълум нарса, ҳар қандай оддий фуқаро ҳам биладики, конституцияда белгилаб қўйилган-президент икки маротаба сайланади, учинчи муддатга сайланиши мумкин эмас. Шунинг ўзи ҳам жиноят, конституцияни оёқ ости қилиш...Демак, конституцияга итоат қилинмас экан, унга итоат этмайдиган президент ҳам, ўша партия вакиллари ҳам ўзбек халқини, унинг манфаатларини ўйлайдиган бир нимаси йўқ...Демак, конституцияни оёқ - ости қилаяптими, бу ўша ўзбек халқини оёқ - ости қилган билан баробар, деб ҳисоблайман мен. Конституцияга зид бўлган сайловларни мен умуман қабул қила олмайман ва бўлмаслиги ҳам керак.



7-суҳбат

Мен Исмоил Дадажонов, Швецияда истиқомат қиламан, ёшим 53 да, 20 йилдан буён сиёсат билан шуғулланаман, сиёсатчиман десам ҳам бўлади:

Исмоил Дадажонов: Бугун Ўзбекистондаги президентлик сайловларида имкониятим бўлса ҳам иштирок этмаган бўлардим. Йўқ. Чунки бу сайловларда ҳамманинг ҳуқуқлари чегараланган, шунинг учун ҳам иштирок этмаган бўлардим. Ҳеч нарсага эриша олмаслигимни билганлигим учун ҳам қатнашмаган бўлардим. Чунки бугунги сайловларнинг тақдири аввалдан ҳал қилиб бўлинган. Сайловларда ким ғолиб чиқиши ҳам маълум бўлганлиги учун, яъни Ислом Каримовдан бошқа ҳеч қандай шахс бу сайловларда ғолиб чиқа олмайди... Агар Ислом Каримовнинг Ўзбекистонда эркин сайловлар ўтказиш нияти бўлиб, ўзига рақиблар танлашни чегараламаган бўлганида эди, биз ҳам қатнашган бўлардик...

Давоми бор...



6-суҳбат

Мен Баҳром Ҳамроев, асли Ўзбекистонда туғилганман, ҳозир Москва шаҳрида яшайман, 1992 йилдан буён муҳожирман, инсон ҳуқуқлари ҳимоячисиман:

Баҳром Ҳамроев: Мен Ўзбекистонда бўлганимда, албатта, одамларни сайловга умуман қатнашмасликка чақирардим. Чунки сайловда қатнашишнинг умуман мантиғи қолмади. Бугунги ҳолат шуни кўрсатиб турибдики, Ўзбекистон ҳукуматига ҳеч қандай таъсир қилувчи давлат қолмади, чунки ўзбек ҳукуматининг ҳамма қилаётган ҳатти-ҳаракати бутун Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқларини поймол этишдан нарига ўтмаяпти. Ва кимлар сайланади, қанақа ҳолатда сайланади, кимларнинг сайланишга ҳуқуқи бор, кимларнинг умуман ҳуқуқи йўқ бугун, бу ҳақда ҳукумат мум тишлаб турибди...



5-суҳбат

Мен Намозова Дилоромман, 5 йилдан бери Россияда "продовец" бўлиб ишлайман:

Дилором Намозова: Албатта, албатта сайловларда иштирок этиш ниятим бор. Мен Россиядан туриб ўзимизнинг жорий президентимиз Ислом Каримовга овоз бераман.

Би-би-си: Нима учун айнан Ислом Каримовга, яна қолган уч номзод ҳам бор-ку?

Дилором Намозова: Йўқ, биз ўша Ислом Каримовни танлаймиз. Бу ерда роса ҳам кўп ўзбек аёллари ишлашади. Ўшалар ҳаммасининг номидан шуни айта олишим мумкинки, фақат Ислом Каримовга овоз берамиз...



4-суҳбат

Мен Баҳодир Файзи, 36 ёшдаман, Америкада яшайман, у ердаги банклардан бирида ишлайман:

Баҳодир Файзи: Агарда Ватанда бўлиб, сайловларда иштирок этиш имконимиз бўлганда эди, бир ватандош сифатида албатта иштирок этган бўлардик. Бу ҳам ватандошлик ва ҳам виждоний бурчимиз бўларди. Бугун Ислом Каримов қаршисида ким туришидан қатъий-назар, унинг қаршисидаги муқобил бир номзодга овоз берган бўлардим, гарчи Ислом Каримовнинг сайланишини билиб турсам ҳам...



3-суҳбат

Оврўпо мамлакатларидан бирида истиқомат қиламан, талабаман:

Талаба: Президентлик сайловларида иштирок этиш имконияти бўлганида сайловга кўрсатилган номзодлар орасида Ислом Каримовга овоз берган бўлардим. Чунки мана шу сайловлар Ислом Каримов учун сўнгги имконият ҳамдир...Ўзи мана шу даражага олиб келган Ўзбекистонни, анчайин иқтисодий турғунликка кириб қолган бир мамлакатни энди бир демократик давлат сифатида қолдириш учун ҳам бир имконият деб кўраман ва бошқа номзодлар билан таққослаб қараганда, буни фақат Ислом Каримов қила олади деб ўйлайман...



2-суҳбат

Мен Нуриддин Низом, ёшим 25 да. Ҳозирда Голландия мамлакатида истиқомат қиламан. "Уйғон Ўзбекистон" ёшлар демократик ҳаракатини ташкил қилиш учун тузилган ташаббус гуруҳининг аъзосиман:

Нуриддин Низом: Йўқ, мен қатнашмаган бўлардим. Чунки сайловларда амалдаги ҳукумат раҳбари Ислом Каримовнинг номзоди қайтадан президентликка кўрсатилмоқда. Бу эса конституцияга хилоф бўлиб, сайловлар ўз-ўзидан ноқонуний тус олади. Шундай вазиятда овоз бериш жараёнида қатнашиш-сайловларни қонуний деб тан олиш билан баробар...



1-суҳбат

Мен Исоқжон Зокиров, Украинада сиёсий қочоқман, Андижон вилоятиданман, ёшим 51 да, "Бирлик халқ ҳаракати" партияси, "Amnesty International" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси ва "Бирдамлик" халқ ҳаракатининг Украина бўлими раисиман:

Исоқжон Зокиров: Шахсан мен ўзимга келсак, мен Ўзбекистон президентлик сайловига бормаган бўлардим. Бунинг фойдаси йўқ. Чунки Ўзбекистонда диктатура тузуми ҳукмрон. Якка ҳокимлик биласиз... Ва шу сабабдан ҳам И.Каримовнинг номзоди қолиши аниқроқ. Қолганларидан бирортаси ҳам ўта олмайди. Улар фақат Каримовнинг президент бўлиши учун йўл очиб беришаяпти...


Эътиборингизга ҳавола этилаётган мавзу юзасидан ўз фикру мулоҳазаларингизни билдирмоқчи бўлсангиз, бизнинг электрон манзилимиз: [email protected] га мактуб жўнатишингиз ёки саҳифанинг ўнг томонидаги махсус формадан фойдаланишингиз мумкин.

Исм
Фамилия*
Манзил
Мамлакат
Электрон манзил
Телефон*
* Ихтиёрий
Фикрингиз
Сиз берган шахсий маълумот bbcuzbek.com томонидан фақатгина талабномангизни қондириш мақсадида ишлатилади
Сўнгги янгиликлар
Дўстингизга йўллангПринт - босма кўриниши
BBC Copyright Logo^^ Юқорига қайтиш
Bosh Sahifa|Ob –havo|Dasturlar|To’lqinlar
BBC News >> | BBC Sport >> | BBC Weather >> | BBC World Service >> | Learning English >>
Biz haqimizda|Aloqa|privacy