|
Муносабат | |||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
ЯНГИ САЙЛОВЛАР ЯНГИ ЎЗГАРИШЛАР ДАЛОЛАТИМИ?
Декабр ойига режаланган Ўзбекистон президентлиги сайловларида жорий президент Ислом Каримов дохил тўрт номзоднинг иштирок этиши кутилмоқда. Бу мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор кузатилаётган ҳолатдир. Кўп номзодли овоз беришлар демократиянинг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади. Аммо ғарблик кузатувчиларга кўра, Ўзбекистонда ҳали ҳамон демократия сари сезиларли қадамлар қўйилмаяпти. Ҳозирги тўрт номзод ичидан ҳам асосан жорий Президент Ислом Каримовдан ташқари ҳеч бири сиёсий фаолияти ва ёки ҳаракатлари билан халқ олдида танилмаган. Таҳлилчилар ҳам мавжуд ҳолат сайлов натижалари хусусида ортиқча башоратларга ўрин қолдирмайди, деб биладилар. Би-би-си Ўзбек Хизмати бўлажак сайловлар борасида муҳожиротда яшаётган ўзбекистонликларнинг ҳам фикрларини билиш мақсадида улардан айримларини суҳбатга чорлаган. Айни туркумдаги суҳбатларимиз билан ҳафтанинг ҳар куни Би-би-си Ўзбек Хизматининг "Дараклар" дастури ва веб саҳифамиз орқали танишиб боришингиз мумкин: 1-суҳбат Мен Исоқжон Зокиров, Украинада сиёсий қочоқман, Андижон вилоятиданман, ёшим 51 да, "Бирлик халқ ҳаракати" партияси, "Amnesty International" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси ва "Бирдамлик" халқ ҳаракатининг Украина бўлими раисиман: Исоқжон Зокиров: Шахсан мен ўзимга келсак, мен Ўзбекистон президентлик сайловига бормаган бўлардим. Бунинг фойдаси йўқ. Чунки Ўзбекистонда диктатура тузуми ҳукмрон. Якка ҳокимлик биласиз... Ва шу сабабдан ҳам И.Каримовнинг номзоди қолиши аниқроқ. Қолганларидан бирортаси ҳам ўта олмайди. Улар фақат Каримовнинг президент бўлиши учун йўл очиб беришаяпти... Би-би-си: Бу галги президентлик сайловларида бир эмас, тўртта номзоднинг иштирок этиши кутилмоқда. Бу каби ҳолат, масалан, Ўзбекистоннинг мустақиллик тарихида кузатилмаган. Сиз учун мана шунинг ўзи демократик янгиланишлар, ўзгаришлар далолати эмасми? Исоқжон Зокиров: Йўқ, албатта ўзгаришлардан далолат эмас. Улар кўзбўямачиликка қўйилган. Ўзбекистонда диктатура тузуми ҳукмрон экан, албатта, И.Каримовнинг ғалаба қилиши ва бошқа номзодларнинг ғалаба қила олмасликлари 100 фоиз аниқ. Бу қўйилган номзодлар ўзларининг ўта олмасликларини яхши билишади ва улар, албатта, ўзларининг ташаббуслари билан қўйилмаган... Би-би-си: Сизнинг назарингизда, янги президент ким бўлишидан қатъий назар, Каримов бўладими ёки бошқа, у ҳал қилиши, амалга ошириши керак бўлган, энг долзарб ислоҳотлар нималардан иборат ва қайси соҳаларда амалга оширилиши керак? Исоқжон Зокиров: Ўзбекистонда янги президент бўлса, энг биринчи навбатда сиёсий ислоҳотларни амалга ошириши керак. Сиёсий ислоҳотлардан сўнг иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириши керак...Сиёсий ислоҳотларни ўтказмай туриб, иқтисодий ислоҳотлар ўтказиб бўлмайди. Ўзбекистонда энг аввало демократияга ҳам кенг йўл берилиши керак. Чунки халқ ана шу демократиядан фойдаланиб, ўз фикрларини айта олади. Сўз эркинлиги, матбуот эркинлиги ва ҳоказолар ана шу демократияда акс эттирилган бўлиши керак...Ана шундагина, Ўзбекистонда ўзгариш бўлади. Би-би-си: Сиз ишонасизми янги президент ким бўлишидан қатъий назар, худди шундай иш қилишига? Исоқжон Зокиров: И.Каримов мабодо яна 7 йилга президентлик лавозимида қолса, ҳеч қачон ҳеч қандай ислоҳотларни, демократик ўзгаришларни қилмайди. Каримовнинг яна етти йилга қолиши халқ учун ниҳоятда қийин аҳволларга олиб келади. Мана, мисол қилиб оладиган бўлсак, Ўзбекистон бу йил давлатга олти миллион тонна буғдой топширди. Лекин дўконларда ва бозорларда бунинг аксини кўраяпмиз. Унлар, нонларнинг нархи кўтарилган ва топиб бўлмайди. Дўконларнинг пештахталари бўм-бўш. Агарда бу диктатура тузуми яна давом этса, Ўзбекистонда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди, нарх-наволар кўтарилади, халқнинг турмуш даражаси қийинлашади ва ҳоказо... Эътиборингизга ҳавола этилаётган мавзу юзасидан ўз фикру мулоҳазаларингизни билдирмоқчи бўлсангиз, бизнинг электрон манзилимиз: [email protected] га мактуб жўнатишингиз ёки саҳифанинг ўнг томонидаги махсус формадан фойдаланишингиз мумкин. | ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||
| ||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||||