Панама Ҳужжатлари: Қозоқ Президентининг мулкдор набираси

Нурлан Алиев Қозоғистоннинг энг бой одамларидан ҳисобланади

Сурат манбаси, occrp

Сурат тагсўзи, Нурлан Алиев Қозоғистоннинг энг бой одамларидан ҳисобланади

Панамадаги Mossack Fonseca юридик компаниясидан сизиб чиққан маълумотларга кўра, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг оила аъзолари солиқ паноҳларида пулларини яшириб келадилар. Бу ҳақда Уюшган жиноят ва коррупция ҳақида хабар тарқатиш лойиҳаси (OCCRP) ўзининг "Қозоғистон: Президент набираси ўзининг мулкини офшорда яширган" деган мақоласида ёзади. Қуйида Би-би-си мақоланинг қисқача мазмуни билан таништиради.

Уюшган жиноят ва коррупция ҳақида хабар тарқатиш лойиҳаси (OCCRP) қўлга киритган ҳужжатларга кўра, Президент Назарбоевнинг невараси Нурали Алиев Қозоғистонда иқтисодий инқироз ҳукм сурган даврда ўз пулларини ва ҳашаматли мол-мулкини офшор ҳисобларида рўйхатдан ўтказган.

Президентнинг қизи Дариға Назарбоеванинг ўғли бўлмиш Нурали Алиев Британия Виргин оролларида икки ширкатга эгалик қилган, ҳамда ўз банк ҳисоби ва яхтасини бошқариш учун офшор ҳисобларни юритган.

Алиев жаноблари OCCRP ва ICIJ ушбу мулк ҳақидаги саволларини жавобсиз қолдирди.

Оилавий "бизнес"

Нурали Алиев ўз автобиографиясида ёзишича, 19 ёшида Қозоғистондаги энг йирик шакар ишлаб чиқарувчи "Сахарный центр" ширкатига президент этиб тайинланган. Ширкатга унинг отаси Роҳат Алиев эгалик қилгани хабар қилинган.

Президентнинг собиқ куёви Роҳат Алиев бир вақтлар Қозоғистон сиёсатидаги энг етакчи арбоблардан бири эди. У қатор юқори даражали мансабларга тайинланган, жумладан солиқ полицияси раҳбари, миллий хавфсизлик хизмати раҳбари муовини, ташқи ишлар вазири муовини ва элчи вазифаларини бажарган. Айни дамда у матбуот, банк ва қишлоқ хўжалик соҳаларида кўплаб ширкатларнинг билвосита эгаси бўлган.

2007 йилда Роҳат Алиев президент билан келишолмай қолиши ортидан мамлакатни тарк этган. Қотилликда айбланган Алиев ўтган йил февралида Австриядаги қамоқхонада қўлбола дордан осилган ҳолда топилган.

Аммо, Нурали Алиев ўз бобоси билан ҳеч қачон урушмаган, ҳамда ўз отасининг бойликлари ва мавқеини мерос қилиб олган. 2006 йилда у Қозоғистонда энг йириклардан ҳисобланган Нурбанк раҳбари муовини бўлди, 2007 йилда эса ўзи ва онаси ҳиссадор бўлишлари ортидан Нурали Алиев Нурбанкнинг директорига айланди.

2013 йилда Форбс Нурали Алиевнинг бойлигини 200 миллион доллар дея қайд қилган ва мамлакатдаги 32-энг бой шахс дея хабар қилган эди.

2014 йил декабрида у 29 ёшида пойтахт Астана ҳокимининг муовини этиб тайинланган. Хабарларга кўра, ўтган ой у ушбу лавозимни тарк этган.

Офшор ҳисоблар

"Панама ҳужжатлари"га кўра, 2014 йил 15 сентябрида Британия Виргин оролларида қайд қилинган "Alba International Holdings" ширкати янги эга қўлига ўтган.

"Alba International" токча ширкати (shelf company) бўлган, яъни у ҳеч қандай бизнес олиб бормаган ва керак бўлиб қолгунча, "токчада турган".

Токча ширкатлари одатда мижозлар бир неча ширкатлар орасида пулни тезроқ ўтказиш заруратини кўрганида, ёки кредит олиш учун ариза топшираётганида, ёки сармоядорларни қидирганида тузилади.

Alba эгаси дея Британия Виргин оролларида қайд этилган яна бир ширкат - "Invigorate Group" кўрсатилган, бироқ бу ширкат ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Аммо "Alba International"нинг ҳужжатларида ширкатга аслида ким эгалик қилиши ва фойда кўриши ҳақида маълумот бор. Ҳужжатлардаги фото, туғилган сана ва йил, ҳамда исмга қаралса, бу Назарбоевнинг невараси экани кундек равшан, деб ёзади Уюшган жиноят ва коррупция ҳақида хабар тарқатиш лойиҳаси (OCCRP) ўзининг "Қозоғистон: Президент набираси ўзининг мулкини офшорда яширган" деган мақоласида.

Мақолага кўра, қоғозда "Alba International"га Дубайда яшаши айтилган 33 ёшли Асқар Тарабаев эгалик қилади. У Қозоғистон давлатига тегишли Аграр кредит корпорацияси раисининг собиқ муовини Балташ Тарабаевнинг ўғлидир. Балташ Тарабаев 2011 йилда қаллоблик ва мансабини суистеъмол қилишда айбдор деб топилган, аммо жазоси бекор қилинган.

Кўчманчи яхта

Ҳужжатларга биноан, президентнинг невараси ўзининг яхта харидини яширишга уринган.

2008 йил апрелида Британия Виргин оролларида уч ойдирки қайд қилинган "Baltimore Alliance Inc." қарз орқали 23 метрли яхтани сотиб олган.

Ҳужжатларда унинг нархи қайд қилинмаган, аммо яп-янги экани ҳақида маълумот бор. Худди шундай яхта бозорда 1,8 миллион доллар турган.

Mossack Fonseca ҳужжатларида айтилишича, Алиев яхтага ўзи ном берган - "Nomad" - яъни "Кўчманчи".

Аммо, терговчи журналистларга кўра, Нурали Алиев ўзининг янги ўйинчоғи билан ўйнаш бахтига муяссар бўлмади.

2008 йил ноябрида Италиянинг Геноа портидан Бирлашган Араб Амирликларидаги Жибал Али портига кўчирилаётганда "Кўчманчи"нинг арқони узилиб, қаттиқ шикаст еган.

Жаҳон бўйлаб кемалар ҳаракатини бошқарувчи "Worldwide Shipping" кўчманчи яхтани Рим яқинидаги портда сақлаб туриш билан 355,000 доллар сарфлаши ортидан Алиевнинг "Baltimore Alliance" ширкатини судга берган.

Суд иши давом этаётган вақтда Алиев жаноблари ўз ҳиссаларини кўчиришга қарор қилган. 2009 йил февралида у ўзининг 1 мингта ҳиссасини Британия Виргин оролларида қайд қилинган яна бир ширкати - "Schneider System Ltd."га ўтказган деб ёзади Уюшган жиноят ва коррупция ҳақида хабар тарқатиш лойиҳаси (OCCRP) ўзининг мақоласида.

Мақолага кўра, айни кунда қолган акциялар, яъни 10,111та акция бошқа ширкат - "Greatex Trade and Invest Corp"га ўтказилган.

2011 йилда Алиев жаноблари синиқ яхтани сотишга қарор қилган.

2011 йил июлида "Greatex Trade and Invest Corp." кўчманчи кемани уни ишлаб чиқарган "Astilleros Astondoa S.A" ширкатига "қарзлар, тўловлар, ипотекадан ҳоли тарзда" қайта сотган.

"Глобал Витнесс" ташкилотининг "Бейкер стритдаги сир" номли ҳисоботига кўра, Нурали Алиевга алоқадор "Greatex Trade and Invest Corp." ширкати Лондонда умумий қиймати 212 миллион долларга тенг кўчмас мулкка эгалик қилган деб ёзади Уюшган жиноят ва коррупция ҳақида хабар тарқатиш лойиҳаси (OCCRP) ўзининг "Қозоғистон: Президент набираси ўзининг мулкини офшорда яширган" деган мақоласида.

Би-би-си бу мақола ва унда келтирилган фактлар юзасидан Қозоғистон Ташқи Ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Расман олинган жавобга кўра: "Қозоғистон Ташқи Ишлар Вазирлигининг Матбуот хизмати бу масала бўйича шарҳга эга эмас".

"Панама ҳужжатлари" дея ном олган қоғозлар Германиянинг Süddeutsche Zeitung, сўнгра эса Журналист-терговчиларнинг халқаро консорциуми (ICIJ) ва Уюшган жиноят ва коррупция ҳақида хабар тарқатиш лойиҳаси (OCCRP) ташкилотларига узатилган.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEKOdnoklassniki - BBCUZBEK
  • Facebook - BBC UZBEK
  • Google+BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - uzbekbbclondon
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.