Сирли ва "ғалати" Ашхабодга саёҳат

Сурат манбаси, bbc
"Қорақум саҳросининг этакларида оппоқ мармарлардан тикланган бир шаҳар пайдо бўлади, бамисоли сароб деб ўйлайсиз.
Худди келажак ҳақида саргузашт филм олинаётган саҳнага ўхшайди…Сартарош маҳорати билан кесилган майса, олтин суви югуртирилган ҳайкаллар… Ашхабод ажойиботлар шаҳри, бир томондан Пхенян билан ғайриоддийликда, Дубай билан эса мисли кўрилмаган қурилишларда рақобат қилишга чоғлангандай…
Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари Буюк Ипак йўлининг қадимий карвонсаройлари ва тарихий шаҳарлари билан кўкрак керишса, Туркманистон ўзининг мармарлардан бино бўлган пойтахти билан мақтанади.
Аслида Ашхабод Осиёнинг сайёҳлардан бўшамайдиган йирик бир шаҳрига айланиши керак!
Аммо бенаво ва бўм-бўш Қорақум саҳроси каби Ашхобод кўчалари ҳам ҳувиллаб ётади.
Мен қуёшда ял-ял товланаётган Президент қасри томон йўл оламан.
Бу атрофда фақат мармар ётқизилган йўлни тозалаётган туркман аёлини кўраман.
Жазирамага чидаб бўлмайди.
Камерамни тилло суви юрғизилган гумбазни суратга оламан деб ишга соламан.
Ҳеч ким йўқ атрофда!
Гўё бутун шаҳар ўзимга қолгандай...
Бирданига ҳуштак чалинади.
Аскар югуриб келади ҳузуримга…
Мен турган жойимда қотиб қоламан.
Яқинлашиб келгач, фото камерамни беришимни талаб қилади.
У менинг суратларимни бирма бир ўчира бошлайди.
“Суратга олиш мумкин эмас!”
Шундай деб ўшқирар экан, президент саройи томон ишора қилади.
Мен хўп деган бўламан, аммо миямдан бир савол ўтади.
Ҳукумат нимани яширишга ҳаракат қилмоқда?

Сурат манбаси, AP
Туркманистон бир пайтлар Совет Иттифоқининг таркибида бўлган.
1991 йили Иттифоқ қулаши билан ўзини Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан узоқроқ тутишга ҳаракат қилди.
Янги ва мустақил, бетараф бир давлатни “порлоқ келажак томон” етаклайман деб собиқ президент Сапармурод Ниёзов мисли кўрилмаган диктаторга айланди.
Ойларнинг номини ўз оила аъзолари исми билан ўзгартирди.
“Руҳнома” номли китоб ёзди.
Барча мактабларда бу китобни ўқиш мажбурий бўлди.
Кўчаларда итлар йўқолди.
Эркакларга соқол қўйиш тақиқланди.
2006 йилда вафот этар экан, Гурбангули Бердимуҳаммедов янги президент деб эълон қилинди.
У тезликда Туркманбошининг ғалати қонунларини бекор қилди.
Туркманистон диктаторлик ва бу каби “ўзига хослик”дан воз кечаётгандай эди.
Аммо бугунга келиб Бердимуҳаммедов ҳам авторитар раҳбарга айланди.
Мамлакат аҳолиси 5 миллион бўлса, унинг камида бир миллиони Ашхободда истиқомат қилиши айтилади.
Буюк Ипак йўлида жойлашган Марв шаҳри, Дарвоза Газ чуқури (кратер) ва Янгиқалъа манзаралари ҳар кимни ҳайратга солади.

Аммо бу ерларга бориш учун рухсат олиш жуда мушкул.
Сайёҳлик визасини олиш учун учун қиммат ва ўта чекланган саёҳат турларига қўшилиш керак.
Мустақил саёҳат қилиш учун уч кунлик транзит виза олган маъқулроқ.
Шунда ҳам қаерга ва қачон боришингизни аниқ кўрсатишингиз керак бўлади.
Ҳужжатларингиз бенуқсон бўлиши виза берилиши учун кафолат эмас.
Кўплаб ҳолатларда ҳеч бир изоҳсиз виза сўровингизга рад жавоби берилади.
Туркманистонга сафарим давомида менга ҳамроҳлик қилган Муроднинг айтишича, “Туркманистон иқтисоди шундоқ ҳам тез ўсиб бормоқда, бизга туризмдан тушадиган фойда керак эмас”.
Ашхободда сайёҳлар оз бўлишига қарамай, янги ва қиммат меҳмонхоналар қурилиши давом этмоқда.
Шаҳарда атиги бир неча кун бўлдим.
Очиғи, ҳайратланмаган куним бўлмади.
Фақат тинмай турфа саволлар бошимда айланарди.
Нима учун оммавий-ахборот воситаларининг вакиллари қўйилмайди бу мамлакатга? Нима учун суратга олиш ноқонуний? Нима учун ҳукумат хорижликларни хушламайди?.."
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype – uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг












