Тожик милицияси 13 минг соқолни олди

Тожик милицияси миллатнинг ташқи кўриниши учун жавоб беради

Сурат манбаси, Getty

Сурат тагсўзи, Тожик милицияси миллатнинг ташқи кўриниши учун жавоб беради

Тожикистон жанубидаги Хатлон вилоятида ўтган йили қарийб 13 минг нафар эркак соқолларини олишга мажбурланган.

Бу ҳақда вилоят милицияси бошлиғи Баҳром Шарифзода маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, 2 минг нафар аёллар "ихтиёрий равишда" ҳижоб ўрашдан воз кечганлар.

Душанбедаги мухбиримиз Анора Саркорованинг айтишича, соқол ва ҳижобга қарши кампания Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларининг "тожик маданиятига бегона" унсурларга қарши курашининг бир қисмидир.

Бутун Тожикистон бўйлаб милиция юз минглаб соқоллиларни ушлаган.

Милиция уларнинг шахсларини аниқлаб, бармоқ изларини олгач, мажбуран соқолларини қиртишлаган.

Президент Раҳмон бу борада фуқароларга махсус мурожаат билан чиққан.

Раҳмоннинг ўзи яқинда умра зиёратини адо этган

Сурат манбаси, httpwww.president.tjnode10537

Сурат тагсўзи, Раҳмоннинг ўзи яқинда умра зиёратини адо этган

"Ёт маданиятларга берилманглар! Қора либосларни эмас, миллий либосларни кийинглар. Тожик аёлларининг ҳатто мотам либослари ҳам оқ бўлган, қора бўлмаган", - дея ёзғирган яқинда "Миллат раҳнамоси" мақомини олган Раҳмон.

Таҳлилчиларга кўра, соқол ва ҳижобга қарши кампания замирида жамиятдаги радикаллашувга қарши кураш ва дунёвий тузумни сақлаб қолиш уринишлари ётади.

Тожикистонда соқол қўйишни тақиқловчи қонун мавжуд эмас.

Қонунсизлик

Соқолларини олишга мажбурланган бир неча киши Би-би-си билан суҳбатда милиция ўзларини дўппослаганини айтишган.

Милиция кийимидаги "сартарошлар"дан бирининг қурбони Жовди Акрамов бўлган.

Милиция ходимлари Акрамов ҳамда унинг 7 ёшли ўғлини уйлари яқинида ҳибсга олиб, туман ички ишлар идорасига олиб борганлар.

"У ерда қўполлик билан нимага соқол қўйганим ҳақида сўроқ қилишди. Салафий, радикал, халқ душмани деб айтишди. Очиқчасига сўкиниб, динни, масжидга борадиганларни ҳақорат қилишди. Кейин иккитаси менинг қўлимдан ушлаб турди, биттаси эса соқолимнинг ярмини қирқиб ташлади".

Унинг айтишича, соқол ўсади, аммо у таҳқирлашларни унутмайди.

"Энг ёмони одамларни таҳқирлашдан лаззатланадиган милиционерларнинг жазосиз қолиши",- дейди у.

Унинг айтишича, шикоят қилиш бефойда.

"Ҳокимият ҳам, суд ҳам милициянинг тарафини олади".

"Шу воқеадан кейин мен одамлар нима учун радикаллашади, деган саволга жавоб топдим,- дейди Жовди Акромов.

"Соқол ўсади, аммо таҳқирлар унутилмайди"
Сурат тагсўзи, "Соқол ўсади, аммо таҳқирлар унутилмайди"

Ўтган йил ёзида милиция соқоли учун ушланган талабани уриб, ўлдириб қўйган эди.

Санкт-Петербург ҳуқуқшунослик Академиясида таҳсил олган Ваҳдат туманилик Умар Бобожонов милициянинг дўппослашларидан сўнг ҳушсиз аҳволда шифохонага тушган ва орадан бир неча кун ўтиб, ҳаётдан кўз юмган.

Сўнгги пайтларда одатда бошларига рўмол ўраб юрадиган тожик аёллар ҳам милициянинг ўзларига нисбатан ҳаддан ташқари эътиборидан шикоят қилишади.

Тожикистонда фақат ўқув муассасаларида ҳижоб ўрашга расмий тақиқ қўйилган.

Амалда эса бу тақиқ барча давлат идораларида амал қилади.

Аёлларни ишга олишда бошларидан рўмолларини ечиш талаб қилинади.

Аввалроқ тожик ҳукумати ота-оналарга фарзандларига миллий исмлар беришни тавсия этган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистон аҳолисининг 99 фоизи Исломга эътиқод қилади.

Тоғли Бадахшондаги унча кўп бўлмаган шиа исмоилийлар жамоасидан ташқари деярли барча мусулмонлар Ҳанафий мазҳабидаги суннийлардир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio