Россия ҳаво зарбалари:Марказий Осиё нега жим?

Россия Президент Асаднинг муҳим иттифоқчиси ҳисобланади

Сурат манбаси, RIA Novosti

Сурат тагсўзи, Россия Президент Асаднинг муҳим иттифоқчиси ҳисобланади

Марказий Осиё давлатлари ҳозирга қадар Россиянинг Суриядаги ҳаво зарбалари борасида сукут сақламоқда.

Москванинг Суриядаги амалиёти минтақада "Исломий давлат" гуруҳининг таъсири борасида хавотирлар кучайган пайтга тўғри келган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафта Тошкентга ташриф буюрган Россия Мудофаа вазирининг ўринбосари бошчилигидаги ҳарбий ҳайъат Суриядаги амалиётларнинг мақсади борасида ўзбек томонига тушунтириш берганини маълум қилган.

Айрим таҳлилчиларга кўра, Россия қанотли ракеталарининг Каспий денгизидан отилиши Москва бу каби зарбаларни Марказий Осиёда ҳам амалга ошириши мумкинлигига ишорадир.

Хўш, Марказий Осиё давлатлари Россияни хавфсизлик кафолати сифатида кўрадиларми?

Биз ушбу саволни Лондондаги Мудофаа масалалари бўйича Қироллик институти ходими Игор Сутягинга бердик.

Игор Сутягин: Марказий Осиё республикаларидан Россиянинг бу ҳужумлари борасида ҳозирча ҳеч қандай муносабатни эшитганим йўқ. Менимча бу ҳолат асосланган. Чунки ишончим комилки, Марказий Осиёда сиёсатчилар анчайин реал жаҳонда яшайдилар ва Россиянинг бу ҳужумлари ҳарбий жиҳатдан катта аҳамиятга эга эмаслигини тушуниб етадилар. Россия томонидан энг аввало бу ички "бозор"га ва бир қадар Оврўпо ва АҚШдагиларга қаратилган сиёсий қадамдир. Осиёликлар бунинг ўйин эканлигини яхши тушунадилар ва кўра биладилар, шунинг учун ҳам муносабат билдириш маъно касб этмаслигини биладилар.

Би-би-си: Демак баъзи шарҳловчилар айтаётган, "бу ҳужумлар нафақат Яқин Шарқ, балки Марказий Осиё ҳам нишонга олинишини англатади" деган нуқтаи назар асоссиз деб ҳисоблайсизми?

Игор Сутягин: Бу нарса аён эди-ку, бу ҳужумлар бирон янги жиҳатни очгани йўқ. Бу ракеталар Каспий Денгизи ҳудудида уч йил аввал пайдо бўлганди. Минтақа мамлакатлари учун бу янгиликни ҳазм қилиб, ўз сиёсатларида эътиборга олиш учун бу етарли вақт, менимча. Шунинг учун минтақа мамлакатларини хавотирга соладиган жиҳати йўқ.

Би-би-си: Хавотирга ўрин йўқ деяпсиз, лекин хавотир эмас, аксинча, қандайдир қўшимча умидга асос бўла оладими бу ҳужумлар. Яъни биламизки, Марказий Осиё давлатлари ўзини Исломий Давлат, дея атовчи гуруҳнинг Афғонистон орқали ўз чегараларига яқинлашаётганидан хавотирда. Бу нарса "керак бўлса Россиядан сўраймиз, Афғонистондаги нишонларни ҳам уриб беради" деган умидга етаклаши мумкинми?

Игор Сутягин: Гап шундаки, Марказий Осиё давлатлари авваллари ҳам Россияга ҳарбий ёрдам ва қўллов сўраб мурожаат қилганлар. Ракета ҳужумлари каби йирик қўллов бўлмаса ҳам, бир қадар соддароқ ёрдам. Масалан, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси механизмлари асосида қандайдир ички кучларга қарши курашда ёрдам учун кучларни юборишни сўрашган. Россия эса бунга жавоб бермаган. Шунинг учун Марказий Осиё давлатлари учун балки Россия ракета ҳужумлари билан ёрдам беради деган умидга боришлари бир қадар асоссиз бўлиши мумкин. Россия, эҳтимол бунга қодирдир, лекин бу қадамга борадими-йўқми, катта савол остида.

Би-би-си: Нима учун бунинг эҳтимоли кам деб ўйлайсиз, Суриядаги "Исломий Давлат"ни нишонга олган Россия Афғонистондаги "Исломий Давлат"ни нима учун нишонга олмасин?

Игор Сутягин: Чунки биринчидан, Россияда ҳуда-беҳуда куч қўллайвериш одати йўқ. Иккинчидан, ракета ҳужумлари моддий ва ҳарбий-иқтисодий жиҳатдан у қадар ҳам муваффақиятли амалиёт бўлди, деб айтиб бўлмайди. Битта ракета ҳужуми Россияга унга қадар тайёргарлик вақтида бир ҳафта мобайнида кетган маблағдан қимматроққа тушди. Бу ҳужумлар Россияга 64 миллион долларга тушди.

Би-би-си: Демак, Марказий Осиё давлатлари бу каби сўров билан мурожаат қилган вақтда Россия ҳаражат нуқтаи назаридан ҳам келиб чиқиб, рад этиши мумкин, шундайми?

Игор Сутягин: Россия яна бир сабаб туфайли рад этиши мумкин, у ҳам бўлса, бу ракета ҳужумлари энг аввало сиёсий-тарғибот қадами эди. Бу Россия томонидан жаҳондаги йирик қудрат эканлигини кўрсатиб қўйиш йўлида қўйилган охирги қадамлардан бири эди. Умуман, Россиянинг Суриядаги амалиётларининг асосий мақсади ҳам шунда. Россия ҳам мамлакат ичида ва ҳам хорижда АҚШдан қолишмаслигини намойиш этиб қўймоқчи. Шунинг учун ҳам Россия ҳарбийлари томонидан ошкор этилган тасвирлар Америка ҳарбийларининг ўз ҳужумлари ҳақида ошкор қилган тасвирларига ўхшайди. Бу Россиянинг "Бизнинг сиздан қолар еримиз йўқ, шунинг учун бизга ҳам қулоқ тутинг" деган муждасидир.

Би-би-си: Ана шу муждани етказишда Россия муваффақиятли бўлаяпти, деб ўйлайсизми?

Игор Сутягин: Бу ерда Россия учун бир муаммо бор. Бу муаммо шундаки, ҳам ичкаридагилар ва ҳам ташқаридагиларга биз йирик қудратмиз, деб ишонтириш йўлида охирги чорадир. Лекин қудратли давлатга мос атрибутлар борми бу мамлакатда, йўқми-ана шуниси бош оғриқ. Россиянинг ўзида қудратли давлат эканлигига ишонч йўқ, чунки унинг йирик қудрат эканлиги фақат ташқи атрибутларга асосланган. Аксар россияликлар ўйлаши мумкин "агар бизнинг америкадан кам еримиз йўқ бўлса, нима учун биз америкаликлардек яшамаяпмиз, нима учун музлатгичимиз бўш?" деб. Бошқа томондан, Россия Бош қўмондонлиги яхши биладики, ракета ҳужумлари билан кўп нарса ҳал қилинмайди. Агар ҳал қилинганда, ИД ҳам аллақачон бўлмасди, Форс кўрфазида икки урушни олиб боришга ҳам ҳожат қолмаган бўлур эди. Ҳаммага маълумки, тасвирларда рисоладагидек кўринган ракета ҳужумлари билан муаммони ечиб бўлмайди. Шунинг учун мен ўйлайманки, Россия бундан буёғига марказий осиёликларнинг ҳарбий қўллов ҳақидаги мурожаатларига янада камроқ эътибор қаратадиган бўлади.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio