Тожикистон: YouTube ва ижтимоий тармоқларга тўсиқ олиб ташланди

Сайтлар собиқ қўмондон Гулмурод Ҳалимовнинг видеоси тарқаганидан сўнг очилмай қолганди

Сурат манбаси, YOU TUBE

Сурат тагсўзи, Сайтлар собиқ қўмондон Гулмурод Ҳалимовнинг видеоси тарқаганидан сўнг очилмай қолганди

Тожикистон YouTube ва Facebook дохил қатор оммабоп сайтларга қўйилган тўсиқларни олиб ташлаган.

Маҳаллий журналистларга кўра, Odnoklassniki ва VKontakte каби рус ижтимоий тармоқ сайтлари, шунингдек, Asia Plus агентлигининг сайтлари ҳам қайта очилган.

Айни пайтда "Озодлик-Озод Оврўпо" радиосининг Тожик хизмати "Озоди"га қўйилган тўсиқ ҳануз олиб ташланмагани хабар қилинмоқда.

Ўтган ҳафта АҚШнинг Душанбедаги элчихонаси бир баёнот чиқариб, тожик ҳукуматини интернетга қўйилган тўсиқларни олиб ташлашга чақирганди.

"Биз Тожикистон ҳукуматини Фэйсбук, "Радио Озоди" ва бошқа барча интернет янгилик ва ижтимоий тармоқ сайтларига қўйилган тўсиқларни олиб ташлашга чақирамиз", дейилади баёнотда.

Айни пайтда Тожикистон коммуникация хизмати расмийлари интернетга тўсиқ қўйилишига алоқалари йўқлигини айтишган.

Франс-Пресс агентлигинининг Тожикистон Интернет сервис провайдерлари уюшмаси раиси Асомуддин Атоевдан иқтибос келтиришича, айрим маҳаллий провайдерлар юқорининг оғзаки кўрсатмаси билан саҳифаларга тўсиқ қўйган бўлишлари мумкин.

Унинг тахминича, тўсиқ собиқ ИИВ қўмондони Гулмурод Ҳалимовнинг видеоси билан боғлиқ.

Тожикистонда YouTube ва бошқа сайтлар 28 май куни, Ички ишлар вазирлигининг собиқ қўмондони Гулмурод Ҳалимов Исломий давлат гуруҳига қўшилганини эълон қилган видео тарқалганидан бир кун ўтиб, ёпиб қўйилган.

12 дақиқалик видеомурожаатда Гулмурод Ҳалимов "Исломий Давлат" сафларига қўшилишини тожик ҳукуматининг диний эркинликларни чеклаётганидан норозилиги билан изоҳлаган.

Тожикистон собиқ қўмондонни ватанга хиёнатда айблаган ва халқаро қидирувга берган.

Тожикистон Ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзоданинг айтишича, Суриядаги уруш бошидан буён камида 412 нафар тожик фуқаролари ИД сафларига қўшилган.

Улардан 71 нафари жангларда ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio