Тожикистонда кучли ер силкиниши кузатилди

10 ноябр якшанба, маҳаллий вақт билан эрталаб 9да Тожикистон пойтахтида 5,2 баллик зилзила юз берган.

Зилзила маркази Душанбедан 20 чақирим жануби-шарқда, Ёвондан 11 км узоқликда жойлашган, деб хабар беради АҚШ Геология хизмати.

Зилзиланинг чуқурлиги 17 кмни ташкил қилган.

Кўп қаватли биноларда зилзила кучли сезилгани хабар қилинади. Қурбонлар ва талофотлар ҳақида маълумот йўқ.

Тожикистон ахборот воситаларига кўра, 2014 йилда Овроосиё мамлакатлари орасида зилзила хавфи кучли ҳудудлар рейтингида Тожикистон учинчи ўринда.

"Азия плюс" интернет нашрининг ёзишича, қозоғистонлик Сергей Брешук томонидан тузилган хусусий лойиҳада келгуси йилда сезиларли ер қимирлашлари кутиладиган 12 мамлакат бор.

"Небесний патрул" лойиҳаси муаллифи 2014 йил Тожикистоннинг тоғли ва марказий қисмида икки ер қимирлаши бўлиш эҳтимолини келтиради.

Тожикистон Геология институти бундай башоратлар илмий асосланмаганини ва зилзилани ўрганиш билан алоҳида шахслар эмас, илмий тадқиқот институтлари шуғулланиши лозимлиги, жамоатчиликда ваҳима уйғотиш керакмаслигини айтган.

Юқоридаги рейтингга кўра эса, Каспий денгизи атрофи ва Қовқоз мамлакатлари хавфли ҳудудлар қаторида турибди.

Шимолий Эрон, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон, Хитой Шинжони ва Ўзбекистон рейтингдаги юқори бешликка киритилган.

Маълумки, Тожикистон Марказий Осиёнинг сейсмик фаол ҳудудларидан бири ҳисобланади. Сейсмологларнинг билдиришича, Тожикистонда кучсиз ер силкинишлари деярли ҳар куни содир бўлади.

Ҳисор-Олой, Помир, Суҳроб водийси, Сарез кўли, Искандаркўл атрофлари зилзила хавфи доим мавжуд ҳудудлардандир.