Қозоғистон: Меҳнат муҳожирлари учун баъзи енгилликлар бекор қилинди

Қозоғистон парламенти мамлакатдаги меҳнат муҳожирларининг фаолиятини легаллаштириш учун қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қабул қилган.
Депутатлар ушбу қонунинг асосий мақсади ноқонуний равишда ишлаётган 100 минглаб меҳнат муҳожирларининг меҳнатини легаллаштириш ва ишга рухсат бериш жараёнини енгиллатиш эканлигини айтмоқда.
Парламент ушбу қонун лойиҳасини ёзги таътилга чиқиб кетишдан олдин ҳам қабул қилган ва уни сенат тасдиғига юборган эди.
Би-би-си Қонун лойиҳасини ишлашда бевосита қатнашган Қозоғистонда меҳнат муҳожирларининг мослашишига кўмак кўрсатувчи ижтимоий жамғарма раиси ўринбосари Акбар Ҳусаинов билан боғланиб парламент нима сабабдан қонун лойиҳасини иккинчи марта кўриб чиққани ҳақида сўради.
Унинг айтишича, ёзда тасдиқланган қонун лойиҳасига нисбатан сенат томонидан ва Қозоғистондаги йирик амалдорлар томонидан қаршиликлар бўлган.
Акбар Ҳусаинов: Улар ушбу қонун қабул қилинганидан кейин меҳнат муҳожирларининг сони янада кўпайиб кетади ва ўзининг қонуний ҳақларини талаб қила бошлайди, дея шубҳа билдира бошлашди.
Би-би-си: Бу каби қаршиликлар манзарасида парламент ушбу қонунни иккинчи марта тасдиқлади. Қандай ўзгартиришлар киритилди?
Акбар Ҳусаинов: Ёзда қабул қилинган қонун лойиҳасига киритилган бир икки енгиллик ҳолатлари йўқ қилинди. Масалан, олдинги лойиҳа бўйича, Қозоғистон фуқаролари ўз эҳтиёжлари учун солиқни тўлаган ҳолда 3 ойгача меҳнат муҳожирини ишлатиши мумкин эди. Энди ушбу муддат 30 кунгача қисқартирилди. Бундан ташқари эски қонун лойиҳасида ишга рухсатнома олиш учун миграция полицияси номига ёзилган битта ариза кифоя қиларди. Энди эса миграция полициясидан ташқари Меҳнат ва ижтимоий муҳофаза вазирлиги номига ҳам ариза ёзиш керак.
Би-би-си: Бу эски тос эски ҳаммомга қайтиш эмасми. Меҳнат муҳожири вазирликка ҳужжат тўғрилашга югириб юргунча, ҳозиргидек порасини бериб ноқонуний равишда ишлашга мажбур бўлмайдими?
Акбар Ҳусаинов: Афсуски, шунақа бўладиганга ўхшайди. Одамларни Қозоғистон келишини тўхтатиб бўлмайди. Чунки эҳтиёж бор. Қонун қабул қилинса ҳам меҳнат муҳожирлари эски ноқонуний тизимга қайтиб ишлашига тўғри келади. Афсуски, ҳозирча бошқа иложи бўлмайди.
Би-би-си: Сиз қонунни ишлаб чиқаришда фаол бўлган шахс сифатида ушбу масалани яна кўтариб чиқиш режангиз борми?
Акбар Ҳусаинов: Биз бу янгиликни жуда ачинарли ҳолда қабул қилдик. Биз аҳвол ўзгариши учун қанча ҳаракат қилдик. Бугунги кунга мослашган демократик қонунлар ишлаб чиқилишига жуда ишонган эдик. Биз ўз гуруҳимиз билан бу борада ҳаракатимизни давом этирамиз. Яна афсусланарли томони шундаки, Қозоғистондаги жуда ҳам бадавлат ва таъсир кучга эга бўлган этник ўзбекларни ушбу муаммоларга қизиқтириш жуда ҳам қийин бўлаяпти. Меҳнат муҳожирлари масаласига пастдан юқоригача бўлган одамлар қатнашса, биргалашиб қандайдир ўзгартиришлар киритса бўлади.
Би-би-си: Меҳнат муҳожирлари пул юбориш орқали Ўзбекистон бюджетига яхшигина ҳисса қўшмоқда. Уларнинг меҳнатини легаллаштиришда балки Ўзбеистон ҳукуматининг ҳам аралашуви даркордир?
Акбар Ҳусаинов: менинг фикримча, албатта қатнашиши шарт. Айни вақтда Ўзбекистон халқи жуда кўп ва ёш. Бугунги кунда ривожланган давлатлар ва ҳаттоки Россияда ҳам ишчи муҳожирнинг кераклиги аён бўлиб бормоқда. Меҳнат муҳожирлари жуда ҳам аҳамиятли бўлган экспорт кучидир. Ўзбекистон ҳукумати мана шу соҳани қўллаб қувватлаб ташаббусни ўз қўлига олиши керак. Чунки меҳнат муҳожирлиги бюджетни кўтариш ва халққа ёрдам беришнинг йўлларидан биридир. Боз устига атрофимиздаги давлатларда ишчи кучига эҳтиёж бор. Ўзбекистондаги каби демографик қулай вазият бошқа жойда йўқ. Шунгдан ўз фойдамизга фойдаланиб қолишимиз керак.












