Муҳиддин Кабирий: 'Сиёсатчи қатли генерал қатлидан камроқ эмас'

Марказий Осиёда ягона Исломий фирқа - Тожикистон Ислом уйғониш партияси мамлакат расмийларини партиянинг Бадахшон вилоятидаги масъули Сабзали Мамадризоевнинг ўлдирилиши юзасидан "жиддий" текширув олиб боришга чақирган.
Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг раиси Муҳиддин Кабирийнинг хабар беришича, партиянинг Бадахшон вилояти бўлими масъули Сабзали Мамадризоев Бадахшон вилояти маркази - Хоруғ шаҳрида юз берган зўравонликлардан бир кун муқаддам уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган.
Унинг жасади бир кун ўтиб топилган, деб айтган Муҳиддин Кабирий.
"Мен Тожикистон расмийлари билан алоқага чиқдим ва ушбу ҳодисани жиддий кўриб чиқишларини талаб қилдим,” - дея илова қилган жаноб Кабирий.
21 июл куни Тожикистон давлат миллий хавфсизлик қўмитаси Бадахшон вилоят бошқармаси бошлиғи Абдулло Назаров ўлдириб кетиши ортидан вилоятда қотилларни тутиш бўйича кенг кўламли амалиёт бошлади.
Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг раиси Муҳиддин Кабирий Душанбе шаҳрида ўтказилган матбуот йиғинида "сиёсатмадор қатли генерал қатлидан камроқ эмас ва расмийлар икки ҳодисага нисбатан бир хил муносабатда бўлишлари зарур," дея изҳор этган.
Тожикистон Бош прокуратураси "вилоятдаги тамаки ва наркотик контрабандаси билан шуғулланувчи қуролли гуруҳ" аъзоларини, жумладан "Ишкошим" чегара постининг қўмондони Толиб Айёмбековни қотилликда айблаган.
Толиб Айёмбеков Тожикистонда фуқаролар уруши йилларида қуролли мухолифатнинг Бадахшондаги қўмондонларидан бири бўлган.
Ҳукумат кучлари ва собиқ қўмондон тарафдорлари ўртасида юз берган қуролли тўқнашувларда, расмий маълумотларга кўра, 40 дан зиёд инсон ҳалок бўлган.
Ҳозирда Тожикистон президенти буйруғи билан Бадахшон вилоятида ҳарбий амалиётлар тўхтаган, бироқ кузатувчиларга кўра, вазиятни барқарор деб бўлмайди.
Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг раҳбари шунингдек Хоруғда оташкесим эълон қилиниши ва қуролсизлантириш жараёнининг бошлатилганини қўллаб қувватлашини маълум қилган.
"Тожикистон давлати ушбу минтақада муҳлатсиз оташкесим эълон қилиши керак," - дея илова қилган Муҳиддин Кабирий. - "Ишонишимизча, ҳозирги вазиятни мулоқот йўли билан ҳал қилиш учун шароит мавжуд."
Унга кўра, Бадахшондаги беқарорликни бартараф этиш учун ҳукумат "фуқаровий жамият ва халқаро ташкилотлар вакилларига" воситачилик қилишлари учун изн бериши керак.
"Агар ҳарбий ечим йўли давом этса, ушбу ишга хорижий кучлар аралашишлари эҳтимоли мавжуд,” - дея огоҳлантирган Муҳиддин Кабирий.
У Тожикистон ҳукуматидан Бадахшон вилояти билан алоқани қайта тиклаш ва халқаро инсонпарварлик ёрдамларини етказиб беришга изн беришни сўради.
Шу билан бирга Муҳиддин Кабирий мамлакат мусулмонларини ўзларининг бир кунлик ифторлик маблағларини Бадахшон вилоятидаги йўқсилларга бағишлашга чақирди.
Жаноб Кабирий маҳаллий журналистлардан "ҳозирги ўта ҳассос вазиятда нотўғри хабарни тарқатишдан тийилиш"ни сўради.
Бадахшонда қонли ҳодисалар юз беришидан бир кун олдин Сабзали Мамадризоевнинг Хоруғ аҳолиси ўнгида қилган чиқиши интернет сайтларига қўйилган.
"Мухолифати бўлмаган давлат давлат эмас... Ўзингиз айбдорсиз. Вақтида ҳаммангиз бир патияга овоз бердингиз, ана энди тепадагилар нима деса, бош силкитасизу холос. Гапиришга ҳам ҳаққингиз йўқ,” - деб айтган Сабзали Мамадризоев.
Охирги йилларда Тожикистон Ислом уйғониш партиясининг Бадахшондаги бўлимини бошқариб келган Сабзали Мамадризоев 32 ёшда эди. Хабарларга кўра, Тожикистон Ислом уйғониш партияси Бадахшон вилоятида тўрт мингдан кўпроқ аъзога эга.
Афғонистон билан чегарадош Тоғли Бадахшон Тожикистон шарқидаги аҳолиси кам ва энг камбағал ҳудудларидан биридир.
Вилоятда тамаки энг асосий қишлоқ хўжалик маҳсулотларидан ҳисобланади.
Маҳсулот маҳаллий ва қўшни Қирғизистондаги корхоналарга сотилади.












