Улар ватанни нега тарк этишди? Муҳожирликдаги Би-би-си журналистлари сони икки баравар кўпайди

Афғонистонда маҳаллий аёлни интервью қилаётган Шозия Ҳайя
Сурат тагсўзи, Шозия Ҳайя репортёр сифатида Афғонистон бўйлаб сафар қиларди
    • Author, Стефани Ҳегарти
    • Role, Би-би-си Жаҳон Хизмати мухбири

2020 йилдан буён ўз мамлакатида эркин журналистик фаолият билан шуғуллана олмасдан чиқиб кетган Би-би-си Жаҳон Хизмати - BBC World Service журналистларининг сони қарийб икки баравар кўпайиб 310 га етди.

3 май - Жаҳон матбуоти эркинлиги куни муносабати билан эълон қилинган рақамлар Россия, Афғонистон ва Эфиопияда журналистларга зуғумлар ортганини намойиш этади.

Бошқа мамлакатлар, хусусан, эронлик журналистлар ўнлаб йиллардан буён муҳожирликда яшашга мажбур бўлганлар.

Алоқадор мавзулар:

Лилиан Ландордан иқтибос

Сурат манбаси, .

Уларнинг кўпчилиги ҳам реал ҳаётда ва ҳам Интернетда кўп йиллик қамоқ жазоси, ўлим таҳдиди ва бошқа тажовузлар билан юзма-юз келганлар.

"Уларнинг ўз репортёрлик фаолиятини давом эттиришнинг ягона йўли - ўз уйини ташлаб кетишга мажбур бўлиш. Биз кўриб турганимиз муҳожирликдаги журналистларнинг сони ортиши матбуот эркинлиги учун ўта ташвишли вазият", дейди Би-би-си Жаҳон Хизмати директори Лилиан Ландор.

Толибон 2021 йили Афғонистон устидан назоратини қўлга киритганида Би-би-си ўз ходимларининг кўпчилигини мамлакатдан олиб чиқиб кетишга мажбур бўлди. Аёл журналистларнинг ишлашларига рухсат йўқ, эркак журналистлар эса таҳдидларга рўпара келдилар.

Мянмар ва Эфиопияда ҳам журналистларга нисбатан босимлар кучайди, оқибатда мухбирлар бу мамлакатлардан эркин хабар тарқатолмай қолдилар.

"Мен ҳар доим орқамга қараб юраман," дейди Би-би-си Форс хизмати мухбири Жияр Гул.

У ҳар қандай хонага кирганидан кейин дарҳол қочиб чиқиб кетишнинг йўлини қидиришини айтади.

"Уйимда роса кўп кузатув камераси бор. "Қизингизнинг мактабини ўзгартирсангиз, яхши иш бўларди", деган маслаҳатни олдим", дейди у.

Жияр 2007 йилдан буён Эронда бўлгани йўқ. Онаси оламдан ўтганида дафн маросимида қатнашолмади, лекин онаси қабрини зиёрат қилиш учун чегарадан яширинча ўтиб келишга муваффақ бўлди.

Тўрт йил олдин рафиқаси саратондан вафот этганидан кейин у янада эҳтиёткорроқ бўлиб қолди.

"Мабодо менга бирор кор-ҳол бўлса, қизимга нима бўлади? Бу савол ҳар доим менинг бошимда туради", дейди Жияр Гул.

"Эрон режими янада дадиллашди. Улар санкциялар остидалар. Бошқалардан ажратиб қўйилганлари учун улар халқаро ҳамжамиятнинг ўзлари ҳақидаги фикрларидан хавотирланмайдилар", дейди у.

Нина Назарова эри ва ўғли билан
Сурат тагсўзи, Нина Назарова 2022 йили эри ва бир ярим яшар ўғли билан Россияни тарк этган

Журналистларни Ҳимоя қилиш қўмитасидан Жоди Гинзбургнинг айтишича, ташкилот молиявий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатаётган муҳожирликдаги журналистларнинг сони охирги уч йилда 225 фоиз кўпайган.

"Ҳозир бизда қамоқдаги журналистларнинг, ўлдирилган журналистларнинг сони рекорд даражага чиқди, бундай кўрсаткич 2015 йилдан буён бўлмаган", деди Жоди Гинзбург.

Россия, Эрон ва Саудия Арабистонидаги режимлар мамлакат ичкариси ва ташқарисида тарқатилаётган хабарларни назорат қилишга жон-жаҳдлари билан киришадиган бўлдилар, дейди халқаро ташкилот вакиласи.

Би-би-си Рус хизматининг мухбири Нина Назарова Россиянинг Украинага қарши тўлақонли босқини бошланганидан кейин ватанини тарк этди. Москва аэропортидан осмонга кўтарилган самолётлари ичида эрига қараган Нина ўзи ҳам журналист бўлган турмуш ўртоғи йиғлаётганини кўрди.

"Мен карахт бўлиб қолдим. Мен урушни уруш деб атар эдим. Ва бунинг учун мени осонгина қамоққа тиқишлари мумкин эди", дейди Нина Назарова.

Улар Москвани тарк этган кун 2022 йил 4 марти, Россияда янги цензура қонуни кучга кирган кун эди.

Улар 16 ойлик ўғлини, икки чамадон ва бола аравачасини олишди ва Россиядан четга чиқиш имконини берадиган энг арзон парвоз чиптаси - Туркияга билет олиб йщлга чиқишди.

Туркияда бир ҳафта қолишганидан кейин Дубайга боришди. У ерда ҳордиқни урушдан анча олдин режалаштиришган ва пулини тўлаб қўйган эдилар. Дубайда ҳам сюрреал ҳафтани ўтказишди. Шундан сўнг Монтенегрога, кейин эса Латвия пойтахти Ригага етиб олишди. У ерда Би-би-си ватанидан чиқиб кетган ходимлари учун идора ташкил этган эди.

Шу йил апрелида Нинанинг ҳамкасби, Би-би-си Рус хизматининг мухбири Илья Барабанов "хорижий агент" деб тамғаланди, "сохта ахборот тарқатиш" ва урушга қарши чиқишда айбланди. Илья Барабанов ва Би-би-си судда ушбу айбловларга қарши чиқмоқдалар.

Журналистларга таҳдидлар улар ватанини тарк этганларидан кейин ҳам давом этиши мумкин. Шу йил март ойида Форс тилида фаолият юритадиган Iran International мустақил телеканали бошловчиси Лондондаги уйи ташқарисида бўйнидан пичоқланди ва Британия аксилтеррор полицияси Британияда истиқомат қилаётган Би-би-си Форас хизмати ходимларига нисбатан таҳдид кучайганидан огоҳлантирди.

Би-би-си Форс хизмати телебошловчилари Фарноз Қозизода (чапда) ва Раъно Раҳимпур (ўнгда)
Сурат тагсўзи, Би-би-си Форс хизмати телебошловчилари Фарноз Қозизода (чапда) ва Раъно Раҳимпур (ўнгда)Эронни ташлаб кетганлар

2022 йили Би-би-си Форс хизмати телебошловчиси Раъно Раҳимпурнинг автомобили бузилиб қолган ва машинасини таъмирлаганидан кейин ичига овоз ёзиб оладиган ускуна ўрнатилган, деб шубҳа қилади у.

Чунки Раъно билан онаси ўртасидаги сўзлашув ёзиб олинган ва Эрон ҳукумати назоратидаги платформада эълон қилинган. Бу сўзлашув шундай монтаж қилинганки, унда Раъно Раҳимпур Эрон режимини қўллаб-қувватлаётган инсондек таассурот қолдиради.

Рақиб тармоқлар Раъно Раҳимпурни ёмонотлиқ қилиш мақсадида интервьюларидан фойдалана бошлаганидан кейин у журналистикадан танаффус олишга қарор қилди.

"Режим ўзининг тактикаларида тобора айёр бўлиб бораяпти. Мен билан рўй берган ҳодиса улар бизни обрўсизлантириш, қўрқитиш ва охир-оқибат овозимизни ўчириш мақсадида амалга ошириётган турли сондаги йўллардан атиги биттасидир", дейди Раъно.

Ушбу ҳодиса унинг дўстлари ва ҳамкасблари бошини берк кўчага тиқиб қўйди.

"Ҳар доим Эрондаги онамга қўнғироқ қилганимда, кимдир бизни албатта тинглаётганини яхши биламан", дейди Би-би-си Форс телеканалининг яна бир бошловчиси Фарноз Қозизода.

"Бу қўрқинчли. Чунки улар сени вайрон этиш йўлини топишлари мумкин", дейди у.

Фарноз Эронда бўлмаганига 21 йил бўлди ва яқинда у ва унинг тўққиз ҳамкасби сиртдан бир йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилганларидан воқиф бўлдилар. Бунга хакерларнинг Эрон адлия тизимига тегишли ҳужжатларни Интернетга сиздирганлари сабаб бўлди.

Бундан олдин Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Би-би-си Форс хизмати ходимларини зўравонликларга гижгижлаш, нафрат нутқи ва инсон ҳуқуқларини поймол этишда айблаган эди.

Фарнознинг эри блог ёзгани учун 25 кунлик қамоққа ташлангани ортидан у аёли ва олти ойлик чақалоғи билан Эронни ташлаб чиққан эдилар.

Шундан кейин Фарнознинг отаси мунтазам Эрон хавфсизлик хизматига чақиртириб турилади, пўписалар қилинади, "қизингизга айтинг, ортга қайтсин, биз неварангиз қайси мактабга боришини биламиз" дейишади.

2022 йил Фарнознинг укаси жиддий бетоб бўлди, кекса ота-она уни даволашга қийналдилар. Бир ярим ойдан кейин укаси оламдан ўтди. Ярим йилдан кейин эса Фарноз отасидан ҳам айрилди.

"Бу ҳодисалардан мен ҳалигача ўзимга келолмаяпман. Мен ўша вақт оилам ёнида, онам ёнида бўлгим келди, лекин боролмадим", дейди журналист.

Би-би-си Паштун хизмати мухбири Шозия Ҳайя учун ҳам муҳожиротдаги ҳаёт айбдорлик ҳисси билан йўғрилган.

2022 йили Толибон Афғонистонни қўлга киритганида Шозия ҳам Британияга қочиб келди, ота-онаси ва укаси Кобулда қолди.

"Мен тунги соат 2 да уйимдан чиқиб кетдим. Нега ўша пайти укамни қучоқламаганимни ўзим ҳам билмайман. Шундан ҳалигача афсусланаман. Мен бу ерда эркинман, лекин уларнинг у ёқдаги ҳаёти қамоққа ўхшайди", дейди Шозия.

У мунтазам онлайн безовталик остида қолган.

"Мен телефонимдаги бу хабарлар, ўлим таҳдидларига қарамайдиган ҳам бўлганман. Баъзан улар жинсий мазмунда, жуда хунук кўринишда бўлади", дейди Фарноз.

Ўз исми ошкор этилишини истамайдиган журналистлардан бири мамлакатидаги раҳбарларнинг ғазабига дучор бўлишдан қўрқишини айтади.

"Мен ва ҳамкасбларимнинг энг катта қўрқуви шуки, мабодо ҳукумат бизнинг паспортларимизни янгилашдан бош тортса, биз ватанимиз фуқаролигидан айрилиб қолишимиз мумкин", дейди Би-би-си журналисти.

Пўписалардан ҳам кўра журналистларни ғазаблантирадигани ўз мамлакатидаги воқеа-ҳодисаларни ёритиш имконияти чекланганидир.

Аввал Шозия бутун Афғонистон бўйлаб сафар қилиш имкониятига эга, одамлар, айниқса, аёллар билан уларнинг ҳаётлари ҳақида суҳбатлашарди. Энди эса телефон алоқаси жуда ёмон шароитда одамлар телефонда унга айтган гапларга ишонишдан ўзга чораси йўқ. Афғонистон ва Эронда оддий одамлар Би-би-си билан суҳбатлашганлари учунгина ҳам таҳдидларга дуч келишлари мумкин.

Нина ҳам ўз ишининг қийинлигини айтади. У фақат стол олдида ўтириш унинг ўзининг энг муҳим малакаси - бошқаларга айтилмаган гапни айтишга одамларни кўндириш маҳоратидан айиради деб қўрқади.

Ва Нина ҳаммасидан ҳам соғинадигани - барча қариндошларнинг бир жойга тўпланишлари ва ўғилчасининг ҳамманинг эътиборида бўлиши.

"Меҳр-муҳаббат ҳали ҳам шу ерда, фақат масофавий", дейди у.

Муҳожиротда яшаш ва ишлаш - бу ярим ҳаёт, дейди Фарноз.

"Бунда сен реал ҳаётни яшолмайсан, ҳис қилолмайсан. Ҳозир мен Британия ватандошиман, шу мамлакатда яшайман. Лекин ҳаётинг тўкис бўлолмайди. Сен муҳожиротдасан, бироқ айни пайтда шу ердасанн", дейди Фароз.

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002