BBC Эрон ҳукуматининг Форс хизматига тазйиқларидан БМТга арз қилди - дунё, янгиликлар

BBC Бирлашган Миллатлар Ташкилотига Эрон ҳукумати устидан арз қилган.
Би-би-сига кўра, Форс хизмати ходимлари Эрон ҳукумати томонидан тазйиққа учрамоқда.
Эрон хавфсизлик хизмати агентлари Лондондаги Форс хизмати ходимларини ўғирлаш ва Эронга жўнатиш билан таҳдид қилган.
BBC Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ўз ходимлари хавфсизлиги борасида биринчи марта мурожаат қилаётгани йўқ.
Эрон ҳукумати муқаддам бу каби даъволарни рад этган ва Би-би-си Форс хизматини ёлғон маълумот тарқатиш ҳамда ҳукуматни ағдаришга тарғиб қилишда айблаган эди.
BBC нинг юридик жамоаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини айни масалада амалий қадам қўйишга чақирган.
Эроннинг чорак қисм аҳолиси - тахминларга кўра, 18 миллион эронлик Би-би-си Форс хизматининг вебсайти, радио ва телевизион янгиликларининг муштарийси саналади.
Аммо Форс тилидаги Би-би-си нашрлари, радио ва телевизиони Эронда тақиқ остида ва ҳукумат Би-би-си нашрларига алоқадар шахсларни муқаддам қамоққа олгани ҳақида маълумотлар бор.
Ўтган йил март ойида ўтказилган сўров натижасига кўра, Форс хизматининг 102 нафар ходими Эрон ҳукумати томонидан тазйиққа учраётганини айтган.
Уларнинг учдан бир қисми ё отаси ва ё онаси, айрим ҳолатларда ота-онаси Эрон мулозимлари томонидан сўроққа тутилганини маълум қилишган.
Пайшанба куни БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши билан ўтган мажлисда Форс хизматига бўлаётган тазйиқлар масаласи кўтарилган.
Ана шу тадбирда Форс хизмати мухбири Касра Нажи ўзи ва ҳамкасблари ўзлари ҳамда оила аъзолари дуч келаётган кибертаҳқирлар ва тазйиқлар ҳақида гапириб берган.

Сурат манбаси, Getty Images
Жаноб Нажининг айтишича, 2020 йил декабр охирларида Эрон хавфсизлик хизмати олти журналистнинг оила аъзоларини сўроқ қилган.
Уларнинг барчасига Лондондаги яқинларига ўлим таҳдидларини етказиб қўйиш ҳақида кўрсатма берилган.
"Энг даҳшатлиси шуки, бу хавфсизлик ходимлари бизнинг яқинларимизга ўз телефон рақамларини беришган ва бизни уларга телефон қилишимизни кутишган. Бу айни агентларни ҳукумат қанчалар дастаклаётганидан дарак беради", деб айтган Касра Нажи.
"Сиздан бизнинг ҳолимизни баён қилишингиз ва очиқлашингизни сўраймиз. Бу бизнинг хавфсизлигимиз учун ягона йўл. Бу биз ва оилаларимиз учун ҳаёт-мамот масаласи..."
BBC раҳбарларига кўра, 2009 йилги президент сайловларини ёритиши ортидан Форс хизмати ходимларига нисбатан тазйиқлар кучайган.
Ўшанда миллионлаб эронликлар сайлов натижаларидан норозилик изҳор қилиб, намойишларга чиқишганди.
Сайлов натижалари сохталаштирилгани ҳақидаги даъволар урчиши билан мамлакатда бир неча ой тартибсизликлар давом этганди.
Ҳукумат эса бунда Ғарб мамлакатлари ва халқаро матбуот, жумладан BBC ни айблаганди.
Ўшандан бери Би-би-сига кўра, Форс хизмати ходимлари ўлим таҳдидлари ва тазйиқлар остида қолган.
Ўтган йиллар давомида ҳатто Британия полицияси бир неча ҳолатларда Форс хизмати ходимларини қўриқлаш қарорини олганди.
Форс хизмати журналистларидан бирига Skype орқали ўлим таҳдиди қилинган, ҳамкасблари ортидан жосуслик қилиш ёки ишдан кетиш ва эвазига 27 ёшли ҳибсга олинган синглисининг озодликка чиқиши таклифи берилган.
2017 йилда эса Эрон ҳукумати Форс хизмати журналистларининг Эрондаги мулкини музлатиб қўйишга доир қарор чиқарганди.
2018 йилга келиб Эрон Форс хизматининг ишлаб турган ва собиқ журналистларидан 152 нафарига "миллий хавфсизликка қарши тил бириктириш" айблови билан жиноий иш қўзғаганди.
Ўша йили BBC илк бор БМТга арз қилган ва ташкилот мутахассислари 2019 йилда Эрон ҳукуматининг айни амалларини қоралаб чиққан эди.
Ташкилот Эроннинг Би-би-си ходимларига муносабати халқаро қонунчиликка зид ва "алал-оқибат халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид" қилишини урғулаганди.












