"Худо ҳаққи, у ягона" - Сурия янги биринчи хоними Латифа аш-Шаръа ким?

Сурат манбаси, AFP/Getty Images
- Author, Софья Самохина
- Role, BBC
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа Туркия раҳбари Ражаб Эрдоған билан илк музокараларга рафиқаси Латифа билан борди. Сурия биринчи хонимининг Туркия биринчи хоними билан учрашувидан сўнг ҳеч қандай баёнот берилмади, бироқ ижтимоий тармоқларда уларнинг биргаликдаги сурати пайдо бўлди. Хўш, Латифа аш-Шаръа ким ўзи?
"Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" Дамашқни эгаллагани ва Башар Асад оиласи билан Москвага қочишга мажбур бўлганига ҳам уч ой бўлди (кеча собиқ президент тарафдорлари хавфсизлик кучлари билан тўқнашгани маълум бўлди).
Бу вақт мобайнида асосий эътибор исёнчилар етакчиси Муҳаммад ал-Жулонийга қаратилди: у жиҳодий ўтмиши билан боғлиқ мазкур тахаллусдан воз кечиб, асл исми Аҳмад аш-Шаръага қайтди; мамлакатнинг муваққат президенти этиб тайинланди; жаҳон оммавий ахборот воситаларига кўплаб интервьюлар берди; илгари Суриянинг Араб давлатлари лигасидаги аъзолигини 10 йилга тўхтатиб қўйган араб давлатлари раҳбарлари билан муносабатларни илиқлаштирди.
Февраль бошида Сурия раҳбари сифатидаги илк хорижий сафари доирасида аш-Шаръа Саудия Арабистонига борди ва у ерда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон билан учрашди.
Аш-Шаръанинг ёзма баёнотида шаҳзода билан гуманитар ва иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, "энергетика, технология, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги кенг қамровли келажак режалари" муҳокама қилингани айтилган.
Бироқ ОАВ ва ижтимоий тармоқлар нафақат Сурия янги ҳокимиятининг Ар-Риёд билан муносабатларни мустаҳкамлашга уринишларига, балки аш-Шаръа умра маросимини бирга ўтказган аёлга ҳам эътибор қаратди.
Шундан сўнг, Сурия муваққат президенти Туркия раҳбари Ражаб Таййип Эрдоған билан музокаралар ўтказиш учун Анқарага борди.
Расмий тадбирларда нафақат аш-Шаръанинг ўзи, балки Суриянинг биринчи хоними ҳам иштирок этди. Хўш, Латифа аш-Шаръа ким ўзи?
Машҳур оила ва магистрлик даражаси
Латифа ад-Дарубийнинг (кўпинча унинг фамилияси ад-Друбий деб ёзилади) расмий таржимаи ҳоли йўқ. Бироқ, у илк бор оммага кўрингандан сўнг, араб оммавий ахборот воситалари унинг оиласи ва ҳаёти ҳақида баъзи тафсилотларни маълум қилди.

Сурат манбаси, Turkish presidency
Жумладан, Саудия Арабистонининг "Оказ" газетаси Латифа Самир ад-Друбийнинг Хомс вилоятидаги Ал-Қарятайн шаҳридан эканлигини ва унинг аш-Шаръа билан учта ўғли борлигини ёзди.
Нашр "норасмий манбаларга" таяниб, унинг араб тили ва адабиёти бўйича магистрлик даражасига эгалигини ҳам маълум қилган.
Латифа ад-Друбий оиласига суриялик Қуръон қориси Шайх Абдул Ғаффор ад-Друбий (2009 йилда вафот этган) каби таниқли диний арбоблар ҳам мансуб.
Американинг Яқин Шарқ воқеаларини таҳлил қилишга ихтисослашган энг машҳур оммавий ахборот воситаларидан бири "Al-Monitor" таъкидлашича, "Суриядаги ад-Друбий оиласи илдизлари Усмонли империяси даврига бориб тақалади.
Унинг аждодларидан бири Ала ад-Друбий Усмонли империяси элчиси ва 1920 йилда Суриянинг иккинчи бош вазири бўлган, аммо лавозимга киришганидан атиги 26 кун ўтгач ўлдирилган."
1970 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан сўнг алавийлар Сурияни асрлар давомида бошқарган сунний зодагон оилаларни сиёсий саҳнадан сиқиб чиқарди. Энди бу оилалар яна ўйинда, деб ёзади Италиянинг "Ла Репубблиcа" нашри тадқиқотчи Седрик Лабруссга таяниб.
Шунингдек, у нашрга Латифа университетда ўқиб юрган пайтида Дамашқда аш-Шаръа билан танишганини айтган (бу маълумотни қаердан олганини аниқлаштирмаган). 2013 йилда у "Жабҳат ан-Нусра" етакчиси бўлганида унга турмушга чиққан ва фуқаролар уруши пайтида у билан яшаган.
"Қизиғи шундаки, – деб таъкидлайди Лабрусс, – Асад ҳам Хомснинг зодагон уруғидан бўлган аёлга уйланган ва бунинг тарихий сабаби бор: бу шаҳар сунний исломнинг бешиги ҳисобланади."
Х'даги ўз саҳифасида Лабрусс, шунингдек, бундай аёл "ажойиб сиёсий, диний ва ижтимоий фаол" эканлигини таъкидлайди: "У ўзи билан тан олинган ва нуфузли оиланинг ҳурматини олиб келади." Бироқ, унинг қўшимча қилишича, аш-Шаръа ҳам Сурияда ҳурматли уруғдан келиб чиққан. "Шундай қилиб, Сурия президентлик жуфтлигини ҳамон нуфузли оилаларнинг икки меросхўри ташкил этади," дея хулоса қилади тадқиқотчи.
Ягона хотин
Латифа аш-Шаръа таржимаи ҳолидаги яна бир муҳим маълумот унинг турмуш ўртоғи январь ойи охирида Дамашқда суриялик-америкалик аёллар делегацияси билан учрашганида маълум бўлди. Сурия оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, бу йиғилишнинг амалий мақсадлари бор эди: янги Сурия маъмурияти хориждаги суриялик диаспоралар билан алоқаларни мустаҳкамлашга ва шу билан бирга янада очиқ ҳокимият қиёфасини яратишга ҳаракат қилмоқда.
Xudo haqi, u yagona, boshqa hech kim yoʻq. Ijtimoiy tarmoqlarda eshitayotganlaringiz shunchaki mish-mishlar.
Ўтган икки ой ичида аш-Шаръа жаҳон оммавий ахборот воситаларига, жумладан, Би-би-си телеканалига ўнлаб интервьюлар берди. У ўзининг жиҳодчилик ўтмишидан воз кечгани ҳақида кўп гапирди, мамлакатда аёллар ҳуқуқлари чекланиши мумкинлиги тўғрисидаги хавотирларни аритишга ҳаракат қилди ва алавийларга (Суриянинг собиқ раҳбари Башар Асад оиласи мансуб бўлган ва унинг тарафдорлари ҳисобланган диний-этник гуруҳ) тазйиқ ўтказмасликка ваъда берди.
Эҳтимол, худди шу сабабларга кўра, суриялик-америкалик аёллар делегацияси билан учрашув чоғида Сурия муваққат президенти кутилмаганда меҳмонларга ўз рафиқасини таништирди. "Худо ҳақи, у ягона, бошқа ҳеч ким йўқ. Ижтимоий тармоқларда эшитаётганларингиз шунчаки миш-мишлар," деди аш-Шаръа очиқчасига киноя билан.
Учрашувда иштирок этган суриялик-америкалик шифокор доктор Рим ал-Базм Ливаннинг "Ан-Наҳар" газетасига Сурия муваққат президентининг рафиқаси "Дамашқ аёлларига ўхшашини" айтди: "Ёқимтой, хотиржам, гўзал, чодрасиз, ўзига ишонган ва билимли."
Учрашувда қатнашган Сурия-Америка тинчлик ва фаровонлик альянси аъзоси доктор Абдулҳафиз Шараф Латифа аш-Шаръани ҳижоб кийган, аммо ниқоб тақмаган ва анъанавий Сурия услубида кийинадиган ҳурматли ёш аёл дея таърифлади.

Сурат манбаси, @G_CSyriaa
Латифа шу чиқишидан сўнг суҳбатда иштирок этган-этмаганини билиш қийин – Сурия муваққат президентининг делегация аъзолари билан тушган расмий суратида у йўқ. На Сурия, на бошқа араб ОАВлари унинг ушбу тадбирдан иқтибосларини келтирмаган. Аш-Шаръа суҳбатдошларини "суриялик аёллар ҳар доим жамиятда фаол роль ўйнаганига" ишонтирди ва аёлларнинг турли соҳалардаги ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиражагини яна бир бор тасдиқлади.
Ўша учрашувдан бир неча кун ўтиб, The Economist журналистлари Суриянинг муваққат президентидан унинг рафиқаси мамлакатнинг биринчи хоними бўлиш-бўлмаслигини сўрашди. "Бу анъана – президентнинг рафиқаси автоматик равишда бу мақомни эгаллайди. Шунинг учун, албатта, агар "Биринчи хоним" деган мақом бўлса, уни кўчадаги тасодифий аёл эгалламайди," деб жавоб берди аш-Шаръа. Дарҳол қўшиб қўйди: "Бироқ бизнинг биринчи хоним ҳақидаги тушунчамиз шундан иборатки, у жамият хизматчиси, одамлардан юқори мақомдаги хоним эмас."
Бу Суриянинг узоқ йиллик собиқ раҳбари Башар Асаднинг рафиқаси Асмага яққол ишора эди.
Асма Асад ва Сурия сиёсати
"Араб маликаси Диана" деб аталган Асма Асад Лондонда туғилиб ўсган. Буюк Британия пойтахтида университетни тугатгач, у ерда Американинг энг йирик GP Morgan банкида инвестиция банкири бўлиб ишлаган.
2000 йилда у Сурияда кутилмаганда ҳокимиятни қўлга киритган Башар Асадга (Сурия раҳбари Ҳафиз Асаднинг тўнғич ўғли автоҳалокатда вафот этган) турмушга чиқди ва Дамашққа кўчиб ўтди.
Асма Асадни Сурия режимининг юмшоқ кучи деб аташган, унинг номи билан Суриянинг тезроқ модернизация қилинишига умид боғлашган. Ўшанда Сурия Ғарб билан муносабатларни яхшилаши мумкиндек эди.
Эндиликда танқидчиларнинг фикрича, Асма 2011 йилда мухолифат намойишлари билан бошланган ва юз минглаб одамлар ўлимига сабаб бўлган Суриядаги шафқатсиз фуқаролар уруши давомида Асад режимини қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаган.
Бундан ташқари, 20 йилдан ортиқ вақт давомида Суриянинг биринчи хоними сифатида Асма Асаднинг исми Суриядаги сиёсий ва молиявий ҳокимият марказлашуви билан боғланади.

Сурат манбаси, AFP
2023 йилда Financial Times ўтказган катта суриштирувда Асманинг қўли иқтисодиётнинг турли соҳаларида сезилаётгани айтилган: воситачилар орқали у аслида бутун тармоқларни – телекоммуникация, кўчмас мулк, банклар, савдони назорат қилади. Times газетаси эса "оддий сурияликлар қийноққа солиниб, оч қолган" бир пайтда Асманинг Лондон ва Парижда ҳашаматли харидлар қилгани, жумладан, Christian Louboutinʼнинг кристалли пойабзалларини буюртма қилгани ҳақида ёзганди. 2012 йилда у Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг активларни музлатиш ва саёҳатларни тақиқлашни назарда тутувчи санкциялари остида қолди.
2018 йилда Суриянинг собиқ биринчи хонимида кўкрак саратони аниқланган ва у буни енгишга муваффақ бўлган. Бироқ орадан беш йил ўтгач, унга миелоид лейкоз – қон ва суяк илигининг хавфли касаллиги ташхиси қўйилган.
Ўтган йил декабрида Сурияда Асад режими қулаганидан сўнг, Асма оиласи билан Москвада қолди. Британиянинг Telegraph нашри номаълум манбага таяниб, у юқумли касалликларни юқтирмаслик учун бошқа одамлардан ажратилганини, унга Лондондан келган кардиолог отаси қараётганини ёзган.
Баъзи оммавий ахборот воситалари Асма Асаднинг даволаниш учун Англияга қайтиш мақсадида Россияда ажрашишга ариза бериши мумкинлиги ҳақида (расмий тасдиқланмаган) хабар берди. Бироқ Британиянинг Times нашри ўтган йил охирида Асманинг Британия паспорти амал қилиш муддати 2020 йилдаёқ тугаганини маълум қилганди. Газета иқтибос келтирган Буюк Британия ички ишлар вазири Иветт Купер унга соғлиғи баҳонасида мамлакатга киришга рухсат бермаслигини айтди.
Февраль ойи ўрталарида Асма Асад Х ижтимоий тармоғида ҳисоб очиб, "бир муддатлик сукутдан сўнг яна бошлаш вақти келганини" маълум қилди. У Ватан, унинг халқи ва фаровонлиги ҳақида бир нечта батафсил твитлардан сўнг шундай деб ёзди: "Ҳаётда шундай босқичлар борки, улар ўчмас, барча тафсилотлари билан хотирада қолади... Уларни баҳам кўриш вақти келдимикан?" Кўп ўтмай, унинг ҳисоби ўчирилди.
Суриянинг янги биринчи хоними қандай бўлади?
Икки аёлнинг ташқи қиёфаси бир-бирига мутлақо қарама-қарши кўринса-да, Асма Асад ва Латифа аш-Шаръа ўртасида умумийлик ҳам бор. Уларнинг оиласи Суриянинг Хомс шаҳридан бўлиб, иккала аёлнинг ҳам уч фарзанди бор: Латифанинг уч ўғли, Асманинг икки ўғли ва бир қизи.
"Асма Асад ҳам дастлаб эрининг соясида иш бошлаган, кейинчалик унинг оиласи ва унга яқин бўлган одамлар иқтисодий ресурсларнинг катта қисмини ўз қўлларида жамлади ва мамлакатдаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатишди," дейди Би-би-сига шарқшунос ва "Фалафелная" Telegram канали муаллифи Марианна Беленкая (Россияда "хорижий агентлар" рўйхатига киритилган). У Латифа аш-Шаръанинг баъзи оилавий алоқалари ҳам намоён бўла бошлаганига эътибор қаратади. "Синглисининг эри Дамашқ губернатори этиб тайинлангани муҳокама қилинмоқда," дейди Беленкая.
Шу билан бирга, Суриянинг янги биринчи хонимининг оммавий қиёфаси ҳали ҳам сир қолмоқда. У аллақачон уч марта омма олдида пайдо бўлган – Америка-Сурия делегацияси билан учрашувда, Саудия Арабистони ва Туркияда – шундан бери жим.

Сурат манбаси, AFP
"Ҳозирча Сурия биринчи хонимининг оммавий қиёфаси қандай бўлишини айтиш қийин. Аммо уни тарғиб қилишлари, оммага кўрсатишлари аниқ, чунки Аҳмад аш-Шаръа ўзини очиқ раҳбар, тор фикрли исломчи эмаслигини кўрсатмоқчи," деб ҳисоблайди Беленкая.
"Аш-Шаръа турмуш ўртоғини кўрсатмоқда, чунки ҳозир вазият шуни талаб қилмоқда. Аммо бу ҳар доим ҳам шундай бўлавермайди: ҳозир бу Суриядан санкцияларни олиб ташлаш, ХТШни террорчилар рўйхатидан чиқариш учун зарур, – дейди Би-би-си билан суҳбатда шарқшунос ва "Сулейманов" телеграм-канали муаллифи Руслан Сулейманов. – Агар Суриянинг янги ҳокимияти халқаро ҳамжамият томонидан тан олинса, аш-Шаръанинг хотинини намойиш этишга эҳтиёжи қолмайди."
Унинг эслатишича, "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" (ҲТШ) Идлиб вилоятини назорат қилган даврда аш-Шаръа турмуш ўртоғини кўрсатмаган. Мутахассис таъкидлашича, ХТШ гуруҳи ва радикал исломга эътиқод қилувчи бошқа гуруҳларда ўз хотинлари ва умуман оилаларини намойиш этиш одат тусига кирмаган.
Шу билан бирга, иккала эксперт ҳам Асма Асад араб дунёсидаги нуфузли аёл ва/ёки биринчи хонимнинг ягона намунаси эмаслигини айтади. Марианна Беленкая Қатарнинг собиқ амирининг рафиқаси, ҳозирги амирнинг онаси – "Ғарбда таҳсил олган, Қатарни ривожлантириш ва унга замонавий қиёфа бериш учун кўп ишлар қилган" Шайха Мозани, шунингдек, Саудия Арабистони биринчи қиролининг синглиси ва унинг маслаҳатчиси бўлган Нура Ас-Саудни эслайди.
Сулеймановнинг тушунтиришича, араб мамлакатларида биринчи хонимларнинг таъсир даражаси давлатларнинг дунёвийлик даражасига ва ғарблашувнинг таъсирига боғлиқ. У Миср президентининг хотини Энтиссар ас-Сиси ва Иордания қироли хотини Рания ал-Абдуллани мисол қилиб келтиради. Иккаласи ҳам, Сулеймановнинг сўзларига кўра, оммавий, фаол ижтимоий аҳамиятга эга фаолият кўрсатади, интервью беради. Масалан, Ғазодаги кескинлашувдан сўнг араб дунёсида Рания айниқса ҳурмат қозонди, чунки у фаластинликларни ҳимоя қила бошлади, дея қўшимча қилади эксперт.















