Мирзиёев президентлигининг 9 йилига келиб, жиноятчилик ва коррупцияга қарши жиддий кураш бошлангани эълон қилинди

korrupsiya

Сурат манбаси, DXX

Сурат тагсўзи, Иллюстратив тасвир.
Ўқилиш вақти: 4 дақ

Ўзбекистонда жиноятлар олдини олиш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилгани ҳамда эндиликда жамиятда коррупцияга имкон бераётган туб сабабларни аниқлаш учун ҳар бир соҳага чуқур кириб борилиши эълон қилинди. Бу ҳақда бош прокурорнинг мамлакат аҳолисига мурожаатида сўз боради.

19 март куни давлат телевидениеси орқали Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевнинг аҳолига мурожаати намойиш этилган.

Вақти-вақти билан халққа шундай мурожаатлар билан чиқиб турувчи Йўлдошев бу сафар мамлакатда жиноятчилик ва коррупцияга қарши жиддий кураш бошланаётганини маълум қилган.

Эътиборлиси, мамлакатда қонунлар ижросини назорат этувчи асосий орган раҳбарининг бу баёноти Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганининг тўққизинчи йилида янграган.

Шунингдек, бош прокурорнинг чиқиши етти йилдан вақт мобайнида ИИВни бошқарган Пўлат Бобожоновнинг ишдан олинган, жиноятлар сони каррасига ошгани эълон қилинган ва президент коррупция билан боғлиқ мавжуд муҳитдан норозилигини билдирган бир пайтга тўғри келган.

Алоқадор мавзулар:

"Фуқаробай" ишлаш тизими

Ниғматилла Йўлдошевнинг видеомурожаати ўтган йиллар давомида жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш борасида муайян ишлар қилинганини эътироф этиш ва, бир вақтнинг ўзида, "ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам кўп" эканини тан олиш билан бошланади.

У аввало жиноятчиликка қарши курашиш йўлида белгилаб олинган ишларни санаб ўтган.

"Биринчидан, жиноятларнинг олдини олиш, мамлакатда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш бўйича кучайтирилган иш тартиби жорий этилди. Энди барча куч ва воситаларни, жиноятларнинг оқибати билан курашишга эмас, уларни келтириб чиқараётган туб сабаб ва омилларни аниқлаб, бартараф этишга сафарбар қиламиз".

Бош прокурорнинг маълум қилишича, эндиликда, ҳуқуқбузарликлар омилларини аниқлаш ишлари хонадонлар ва, ҳатто, фуқаролар даражасида амалга оширилади.

Senat
… jinoyat sodir etgan va bunga moyilligi bor fuqarolar bilan bevosita uchrashuvlar oʻtkazib, “fuqarobay” ish tizimini joriy qilamiz.
Nigʻmatilla Yoʻldoshev
Bosh prokuror (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"… жиноят содир этган ва бунга мойиллиги бор фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказиб, "фуқаробай" иш тизимини жорий қиламиз", маълум қилган Йўлдошев.

Бироқ у фуқароларнинг жиноят содир этишга мойиллиги қандай мезонлар асосида аниқланиши режаланаётганига ойдинлик киритмаган.

"Иккинчидан, тергов сифати янада оширилади, бу жараёнларда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари поймол этилишига йўл қўйилмайди. Қайси идорада бўлмасин, ҳар бир текширув ҳамда тергов иши прокурорларнинг кундалик ва қатъий назоратида бўлади", таъкидлаган бош прокурор.

Йўлдошев бундан буён "одамларнинг тергов идораларида сарсон бўлишига, тазйиқ ва зўравонликка учрашига, ноқонуний ҳибсга олиниши ва жавобгарликка тортилишига йўл қўймасликнинг барча чоралари кўрилиши"ни алоҳида урғулаган.

Унинг мурожаатида коррупцияга қарши кураш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган – бош прокурор бундан кейин "прокуратура органларининг энг юқори тизимидан қуйи бўғинигача, умуман, барча куч ва воситалар коррупцияга қарши курашишга тўлиқ сафарбар қилиниши"ни маълум қилган.

"Коррупцияга имкон бераётган омилларни, туб сабабларни аниқлаш учун энг чекка ҳудудларгача борамиз, ҳар бир соҳага чуқур кирамиз", сўз берган Йўлдошев.

Бош прокурор ҳар бир фуқарони "жонажон ватанни жиноятдан, коррупциядан холи, тинч ва хавфсиз ўлкага айлантиришга ўз ҳиссасини қўшиш"га чақирган.

Норози президент

Жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бўйича ўхшаш мурожаат ва таъкидлар Ўзбекистон юқори доираларидан илк бор чиқаётгани йўқ.

Президент Мирзиёев март ойи бошида коррупцияга қарши кураш масаласи бўйича йиғилиш ўтказган.

Унда Ўзбекистон етакчиси ўтган вақт давомида бу борада қилинган ишлар ва эришилган ютуқларни санаб ўтган, аммо мавжуд вазиятдан қониқмаётганини ҳам билдирган.

Хусусан, президент Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятидан мутлақо норозилигини айтган.

Президент матбуот хизмати унинг агентлик ходимлари "вазирликларга, ҳудудларга бориб, аниқ бир соҳани таҳлил қилиб, муаммоларга ечим бериш ўрнига, қўзғатилган жиноят ишларини санайдиган қуруқ статист бўлиб қолганини қайд этган"ини хабар қилган.

prezident

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Март ойи бошида коррупцияга қарши кураш масаласида йиғилиш ўтказган президент Шавкат Мирзиёев мамлакатдаги мавжуд вазиятдан қониқмаётганини билдирган.

Шунингдек, Мирзиёев ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупциявий омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив чораларни эътиборсиз қолдираётганини таъкидлаган.

Йиғилишда президент бош вазирга 117 та вазирлик ва идорадаги "коррупцияга қарши ички назорат" тузилмалари раҳбарларини ишдан олиш ва уларнинг ўрнига "ҳалол, фидойи ва профессионал кадрлардан қўйиш" вазифасини топширган.

"Коррупцияга қарши кураш – умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон ишидир. Умуман, бу жараёндан ҳеч ким четда турмаслиги керак", деган мамлакат раҳбари.

У мазкур йиғилишда ўз қўл остидаги амалдорларни коррупцияга қарши курашда намуна бўлиш ҳамда "ортиқча ҳашамат ва дабдаба"дан воз кечишга буюрган, "иномаркалар"дан воз кечиб, миллий автомобилларга ўтишга кўрсатма берган.

2024 йилда Ўзбекистоннинг Transparency International ташкилоти тайёрлайдиган Коррупцияни ҳис қилиш индексидаги ўрнида охирги ўн йилликдаги илк салбий ўзгариш қайд этилган – мамлакат бир балл йўқотиб, рейтингда келтирилган 180 давлат ичида 121-ўринни эгаллаган.

Ой аввалида Ички ишлар вазирлигини 2017 йилдан буён бошқариб келган Пўлат Бобожонов ишдан олинган ва бунинг ортидан вазирлик тизимида қатор кадрлар алмашинуви жараёни бўлиб ўтган эди.

Ҳукумат бу ўзгаришлар сабабини расман изоҳламаган, аммо Статистика агентлигининг сўнгги маълумотларига таянилса, мамлакатда жиноятлар сони 2024 йилда 27 фоизга, 2020 йилдан буён эса нақ икки каррадан ортиқ – 113 фоизга ошган.