Суриянинг темир хоними Асмо Асад ким?

Сурат манбаси, Getty Images
- Author, Ксения Гогитидзе
- Role, Би-би-си Рус хизмати
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
Россиянинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиси Сурия 13 йиллик урушдан кейин вайронага айланган. Ундан нима қолган бўлса, бари бир неча киши қўлида жамланган. Улар орасида Сурия Президенти Башар ал-Асаднинг рафиқаси Асмо ал-Асад ҳам бор.
Унинг номи урушдан кейинги Сурияда сиёсий ва молиявий ҳокимиятни мустаҳкамлаш рамзи бўлди. Унинг хабарисиз ҳеч қандай битим тузилмайди ва муҳим қарорлар қабул қилинмайди. У мамлакатдаги мулк тақсимоти ортида турибди.
Бутун Сурия Асмоники - суриялик тадбиркорлар у ҳақида шундай дейишади.
Алоқадор мавзулар:
Беш йил олдин унга кўкрак бези саратони ташхиси қўйилган. У тузалиб кетди, аммо шу йилнинг май ойида шифокорлар унга янги саратон ташхисини қўйишди - миелоид лейкемия (қон ва суяк илиги касаллиги).

Сурат манбаси, .
"Араб Дианаси", "Маъюс Сурия воқелигидаги ёруғлик", "Чўл гули", "Халқ онаси", «Суриялик Мари Антуанетта», "Темир хоним" - бундай таърифлар Асмо Асадга турли даврларда берилган.
Суриянинг биринчи хоними ким ўзи?
"Урушдан фойда олувчи"

Сурат манбаси, AFP
Араб баҳори бошланишида Асмо норозиликлар қонли бостирилиши олдини олишга қодир шахс сифатида умид қилинган эди. Ҳозир улар у ҳақда Суриядаги фуқаролар урушидан фойда кўрган шахс деб айтишади.
"Урушдан фойда кўрганлар ҳақида гапирганда, Асмо Асаднинг ролини тушуниш керак. Бир пайтлар чўл атиргули деб аталган эди, ҳозир у Суриянинг темир хонимига айланди", дейилади Қатарнинг Harmoon замонавий тадқиқот маркази тадқиқотида.
Асмонинг қўли иқтисодиётнинг турли соҳаларида сезилади, деб ёзади Financial Times Суриянинг биринчи хоними ҳақида ўзининг катта суриштирувида. Воситачилар орқали Асмо аслида бутун тармоқларни - телекоммуникация, кўчмас мулк, банклар, савдони назорат қилади.
Асмо Асадга қарши Европа Иттифоқи ва АҚШнинг санкциялари киритилган.
2020 йилда санкциялар жорий этган АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Суриянинг биринчи хоними ҳақида: "У эри ва Ахрас оиласи аъзоларининг кўмаги билан Суриядаги урушдан энг виждонсизларча фойда кўрмоқда", деганди.

Сурат манбаси, Reuters
Асмо Асад Лондонда туғилиб ўсган. У бир вақтлар Американинг энг йирик банки JP Morgan'да ишлаган. Ҳозир у Сурия президенти ҳузуридаги иқтисодий кенгашни бошқаради, уларнинг шериклари ва бизнес ҳамкорлари ёпиқ эшиклар ортида масалаларни муҳокама қилишади.
Кенгаш иқтисодиёт ва ресурслардан фойдаланиш қоидаларини, шу жумладан, озиқ-овқат ва ёқилғи учун субсидияларни белгилайди.
Асмо номи давлат молияси президент оиласи ва уларнинг яқинлари қўлида жамланиши даври билан синонимга айланди. Суриялик тадбиркорлардан бири Financial Times газетасига айтганидек: "Энди бутун Сурия Асмога тегишли".
2020 йилда у бир пайтлар мамлакатнинг энг бой одами бўлган Рами Маҳлуфни шарманда қилди. Президент Доналд Трамп даврида АҚШ Давлат департаментида Сурия бўйича махсус элчи бўлиб ишлаган Жоэл Рейберн Financial Times'га "Асмо Суриядаги иқтисодий кучнинг асосий манбаига айланиб бораётгани ўшанда аён бўлди" деди.
Суриянинг янги элиталари: уруш кутилмаган бойларни дунёга келтиради

Сурат манбаси, Getty Images
Суриядаги 13 йиллик уруш Сурия иқтисодиётини, ўрта синфни вайрон қилди ва камбағалларни тиланчига айлантирди. Аммо одамларнинг кичик бир қисми учун уруш бойиш учун янги имкониятлар очди.
Сурия иқтисодиёти (ундан нима қолган бўлса) аслида Башар, унинг укаси Маҳер ва Асмо ўртасида бўлинган, деб ёзади FT. Улар урушдан фойда кўришга муваффақ бўлган янги бойлар синфининг энг юқори қисмидир.
Ҳозирда Сурия дунёдаги энг коррупциялашган давлатлар индексида иккинчи ўринда.
"Асадлар Сурияни оилавий бизнес каби бошқаради. Коррупцион синфлар эса бизнес фаолиятини таъминлайди", дейилади 2006 йилда сиздирилган Америка дипломатик ёзишмаларида.
Урушдан бойиган савдогарларнинг янги тоифаси - чайқовчилар, контрабандачилар, металлолом сотувчилар, рэкетчилар, назорат пунктларидаги масъуллар, режим томонидан назорат қилинмайдиган ҳудудларда нефть сотишда воситачилардир.
Суриянинг эски савдо элитаси ўрнини аста-секин янги ишбилармонлар эгаллади. Суриялик бой оилалар, асосан, суннийлар ё касод бўлган, ўлдирилган ёки сургунда.
"Сурия молиявий элитаси ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Уруш илгари маргиналлашган одамларга улкан бойлик орттириш имконини берди. Улар аста-секин эски гвардияни - тарихий зодагонларни ҳам, Башар ал-Асад ҳокимият тепасига келган 2000 йилдан кейин кўтарилганларни ҳам сиқиб чиқармоқда", дейди Қатарнинг Harmoon араб тадқиқотлари маркази тадқиқоти муаллифлари.
Асадларни четлаб ўтган бизнесга йўл ёпиқ, деб таъкидлайди Etana тадқиқот хизмати. Унинг ҳисоботида айтилишича, режим Асаднинг ишончли вакиллари томонидан бошқариладиган мураккаб компаниялари тармоғини бошқаради ва Сурия ҳуқуқий тизими бунга ёрдам беради:
"Бундай тизим мамлакатдаги ҳар қандай йирик бизнесни режим билан яқиндан ишлашга мажбур қилади."
Асмо Асад ва унинг империяси

Сурат манбаси, Syrian presidency Facebook
Асмонинг асосий ташаббуси у 2007 йилда ташкил этган Сурия Тараққиёт жамғармаси хайрия ташкилотидир. Бу фонд ва Сурия араб Қизил ярим ой жамияти мамлакатдаги гуманитар ёрдам сектори устидан тўлиқ назоратга эга.
Бошқа хайрия ташкилотларининг Сурияга молиявий ва озиқ-овқат ёрдами жўнатиш учун бошқа имкони йўқ.
Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази схемани шундай тушунтирди: "Ушбу тизим режимга ёрдамни, масалан, муҳтож тинч аҳолига эмас, балки аскарларга озиқ-овқат бериш орқали йўналтиришга имкон беради".
Жамғарма БМТдан олинган маблағларни нотўғри ишлатганликда бир неча бор айбланган ва ўтган йилги даҳшатли зилзиладан кейин ташкилот фақат режимга содиқ бўлганларга ёрдам берганликда айбланди.
Сурия Тараққиёт жамғармаси Асад оиласининг асосий даромад манбаларидан бири саналади. Қўшма Штатлар ҳозир уни санкциялар рўйхатига киритиш ҳақида ўйламоқда.
Сурия Тараққиёт жамғармаси раҳбари сифатида Асмо бир неча йил аввал Economist ёзганидек, бойликдан кўпроқ нарсани қўлга киритди.
"БМТ ёрдамидан фойдаланиб, у Сурия қўмондонларини ўз ичига олган кенг ҳомийлик тармоғини яратди. Баъзи маълумотларга кўра, унинг ҳимояси ва ҳомийлиги учун миннатдорлик сифатида у билан боғлиқ ташкилотларга пул тўла чамадонлар юборилган.
Таъсир қудрати ва мулкни қайта тақсимлаш учун кураш

Сурат манбаси, Syrian presidency Facebook
2019 йилда Суриянинг бир вақтлар асосий олигархи ва Башар ал-Асаднинг амакиваччаси Рами Маҳлуфда муаммолар пайдо бўла бошлади. У миллионлаб доллар солиқ тўлашга мажбур бўлган ва уй қамоғига олинган. Бошқа одамлар унинг активларига эга чиқишди.
Маҳлуф юлдузи сўниши ортида айнан Асмо Асад турган ва мулкни қайта тақсимлашдан мақсад, экспертлар ва иқтисодчилар тахминича, унинг фарзандларини Сурия ҳукумати тепасига олиб чиқиш бўлган.
Асмо ва Башарнинг уч фарзанди бор - 23 ёшли Ҳофиз, 21 ёшли Зайн ва 20 ёшли Карим.
Бундан буён Маҳлуф ўрнига Суриянинг энг йирик уяли алоқа оператори «Syriatel» биринчи хонимга яқин одамларга ўтди. Асмонинг ўзи Маҳлуфнинг "Ал-Бўстан" хайрия компаниясини назоратга олди ва кейинчалик ўзининг «Emmatel» телекоммуникация компаниясига асос солди (Асмони Лондонда яшаётганида Эмма деб чақиришган).

"Асмо ўз фарзандлари ҳақида ўйлайди, уларнинг манфаатлари узоқ вақт таъминланишини хоҳлайди", дейди Суриянинг All4Syria мустақил нашри раҳбари Айман Абдун Нур 2020 йилда Le Monde нашрига берган интервьюсида.
"У энди ҳукуматпараст бизнесменлар тўловларидан қониқмаяпти - уларнинг мол-мулки ўзига ва Башарга ўтказилишини истайди".
Ҳаммаси қандай бошланди: 2000 йилда Сурия - ўзгаришларга умид

Сурат манбаси, Reuters
24 йил олдин Сурия ўзгаришларни кутаётган эди. Мамлакатни 30 йил давомида темир мушт билан бошқарган Ҳофиз Асад вафот этди.
Унинг ўрни кутилмаганда кенжа ўғли Башарга насиб этди. Сурия тахти дастлаб унинг акаси Басилга тайинланган, бироқ у автоҳалокатда вафот этган эди.
90-йилларда Башар Лондонда офтальмология бўйича ўқиган ва у ерда бўлажак рафиқаси билан учрашган. Асмо Ҳарвардда ўқиш учун АҚШга кетмоқчи эди. Аммо режалар ўзгариб кетди: турмуш қуриш ва ота-боболари ватанига кўчиб ўтиш.
"Ким севгидан кўра Ҳарвардни танлайди?" - Асмонинг ўзи ўша пайтдаги қарорини шундай шарҳлаган эди.
Асмо Асад Сурия режимининг юмшоқ кучи, Асад оиласининг асосий пиар воситасига айланди. Сурия тезда модернизация қилинишидан умидлар бор эди. Ўшанда Яқин Шарқ давлати Ғарб билан муносабатларни яхшилашни хоҳлаётгандек эди.
Аммо аввалига Ироқдаги уруш, кейин эса 2011 йилги "Араб баҳори" умидларга чек қўйди. Бироқ, кўпчилик умидлар бундан олдин ҳам асоссиз бўлганига ишонишади.
Суриядаги Асмо: ислоҳотлар ва пиар кампанияси

Сурат манбаси, AFP
Сурия президенти сифатида отаси ўрнига келган Башар ал-Асад сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларни бошлади. У Сурияни дунёга очиш ва унинг репрессив ўтмишига барҳам беришни ваъда қилди.
Сиёсий маҳбуслар қамоқхоналардан озод этила бошлади, биринчи мустақил газета нашр этилди, оммавий ахборот воситаларида ҳукуматни танқид қилишга йўл қўйилди, нодавлат университетлар очилди, кабель телеканаллари ва FM радиостанциялари пайдо бўлди, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва инсон ҳуқуқлари гуруҳлари иш бошлади. Дамашқда хусусий банклар очилди.
Сурияга Франция ва АҚШдан делегациялар келди. Асмо Дамашқда Анжелина Жоли ва Бред Питт, Стинг ва Blur'дан Деймон Албарн билан учрашди.
Эриш узоқ давом этмади - Ҳофизга хизмат қилган эски гвардия аралашди.
"Ҳофиз Асад ҳамма нарсани бошқарадиган саккизоёқ каби эди. Башар унинг пайпаслагичлари ёрдамида шқараётган эди", дейди режим билан ишлаган суриялик тадбиркор Economist билан суҳбатда.
Ислоҳотлар тўхтаб қолди, кўпчилик фикрича, улар асосан элита ва ҳукмрон синф вакилларига фойда келтирди. Шунда ҳам иқтисодий куч аста-секин ҳокимиятга яқин бўлганлар атрофида тўплана бошлади.
Бу вақтда Асмо ўз имижини яратиш устида ишлаётган эди.
Унинг имижига машҳур британиялик политтехнолог лорд Тимоти Белл жавобгар эди. У Bell Pottinger пиар агентлиги раҳбари Маргарет Тетчернинг учта сайлов кампаниясида маслаҳатчи бўлган. Унинг мижозлари орасида Александр Лукашенко ва Августо Пиночет, енгил атлетикачи Оскар Писториус ва бошқалар бор эди.
"Башар одамлар билан қандай мулоқот қилишни билмайди. Шунинг учун мен юмшоқ куч ва одамлар билан мулоқотни ўз зиммамга оламан», дейди лорд Белл Асмонинг биринчи учрашувидаги сўзларини эслаб.
У Асмо учун концепцияни ўйлаб топди. У учта нарсага эътибор қаратиши керак эди - хайрия, маданият ва шахсий жозиба.
Белл унга Суриядаги камбағалларга ёрдам беришни ва қишлоқларда ривожланиш дастурларини бошлашни тавсия қилди.
2011 йилда Яқин Шарқда Араб баҳори авж олди. Асад уни танклар билан кутиб олди. Шу билан бирга, Американинг Vogue журнали Асмони кўкка кўтариб, "Чўл гули" сарлавҳали мақола чоп этди. Ёш, ҳашаматли, жозибали, таҳлилий фикрга эга - журналист мақтовга саҳий эди. Бир неча ой ўтгач, мақола сайтдан олиб ташланди, Vogue бош муҳаррири Анна Винтур шармандалик учун шошилинч узр сўрашга мажбур бўлди ва ушбу мақола интернетдан эҳтиёткорлик билан тозаланди.
Лорд Белл бир неча йил олдин Германиянинг Zeit Magazin журналига берган интервьюсида тан олганидек, Асмо пиар вазифасини «мукаммал» бажарди.
Юз минглаб одамларнинг умрига зомин бўлган режим ҳали ҳам дўстона чеҳрада кўринарди. "Ўшанда биз ҳамма нарсани тўғри қилдик", дейди Белл ўз иши ҳақида.
Эмма

Сурат манбаси, AFP
Асмо 1975 йилда Лондонда, Британия пойтахти ғарбидаги Актон ҳудудида туғилган. Унинг ота-онаси сунний мусулмонлар. 70-йиллар бошларида улар яхшироқ ҳаёт излаб Лондонга кўчиб ўтишганди.
Мактабда уни Эмма деб чақиришарди. У сурияликка ўхшамасди, дея эслайди Сурия диктаторининг бўлажак рафиқаси қўшниси. У инглизга ўхшарди ва Сурия билан ҳеч қандай алоқаси йўқдек туюларди, дейди оила дўсти Economist нашрига.
Асмо ва Башарнинг турмуш қуришини Асмонинг онаси Саҳар кўпроқ истарди, деб эслайди журналист Сэм Дагер. У Сурияда узоқ вақт ишлаган ва Сурия президенти ҳақида китоб ёзган.
Фуқаролар уруши бошида Асмони эри билан гаплашиш, норозиликларни куч билан бостиришни тўхтатиши учун Башарга босим ўтказишга чақиришган.
"Баъзи аёллар учун ўзларининг услублари муҳим, бошқалари эса ўз халқи ҳақида қайғуради. Сизга нима бўлди, Асмо? <...> Ўз сўзингизни айтинг, эрингизни ва унинг тарафдорларини тўхтатинг, бир четда туришни бас қилинг. Муҳими сизнинг имижингиз эмас, сизнинг ҳаракатларингиз муҳим", дея БМТдаги Германия ва Британия вакиллари рафиқалари Асмога видеомурожаат қилишганди.
Можаро авжига чиққанида биринчи хоним Сурия террорчилар ҳужумига учраганини, унинг турмуш ўртоғи Башар эса бир ҳовуч исёнчиларнинг эмас, балки барча сурияликларнинг президенти эканлигини эълон қилди. У бир неча йил сояда юрди ва фақат 2016 йилда, Асмо билан муносабатлари кескинлашган қайнонаси Анис вафот этганида оммага кўрина бошлади.
Урушдан кейинги Сурия

Сурат манбаси, AFP
Жаҳон банкининг сўнгги маълумотларига кўра, сурияликларнинг чорак қисмидан кўпроғи - 5,7 миллионга яқин киши ўта қашшоқликда яшайди. Тахминан 90% қашшоқликда яшайди. Илгариги ўрта синф аллақачон йўқолган. Ҳамма нарсада танқислик.
Кўпчилик фақат чет элга кетган қариндошларининг ёрдами билан яшайди.
Ўтган йил баҳорида рўй берган кучли зилзила туфайли шундоқ ҳам аянчли вазият янада баттарлашди.
Турмуш шароитининг ҳар қандай ёмонлашуви одамларни очлик ёқасига қўяди. Сурия лираси пасайишда давом этмоқда: таққослаш учун, урушдан олдин 2011 йилда доллар 47 Сурия лирага сотилган бўлса, 2023 йилда бу 14 минг лирага етди.
Ўтган йили ҳукумат ёқилғи субсидияларини бекор қилди ва нархлар икки-уч баравар кўтарилди. Икки йил олдин давлат хизматчилари ойига 20-30 доллар маош олган бўлса, ҳозир улар 10-20 доллардан ошмайди.
2015 йилда Россиянинг аралашуви ва Эроннинг кўмаги Ассадга катта ҳудудлар устидан назоратни тиклашга ёрдам берди. Кўпчилик Асаднинг яшаётгани ва сиёсий узоқ умр кўришининг асосий сабабини Кремль ёрдами деб билади.
13 йиллик урушдан кейин у Суриянинг тахминан 70-80 фоизини назорат қилмоқда. Идлибда собиқ мухолифатчиар ва жиҳодчиларнинг қолдиқлари, Сурия шимолида курдлар ва турклар, Дайр-аз-Зор минтақасида "Исломий давлат" гуруҳи бор.
Гарчи сўнгги йилларда фаол жанглар бўлмаган бўлса-да, сиёсий келишув бўлмагунча уруш тугади дейишга ҳали эрта.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBCUZBEK.COM bilan Telegram orqali +44 7858860002 nomeri bilan bogʻlaning.














