Россия ва Қозоғистон тарих деб, энди уришмайдими, Москва Остонага нимани таклиф қилди ва Путин Қозоғистонга келади

Сурат манбаси, kremlin.ru/illyustariv
Россия Ташқи ишлар вазирининг Қозоғистонга битта амалий ташрифининг ўзи янги саволларни пайдо қилди. Аксарият минтақавий нашрларнинг эътиборини ўзига тортди. Путиндан аввал Қозоғистонга келиб, Сергей Лавров пойтахт Остонада нималар деди?
Россия томони таклифи...
"Rosatom” davlat korporatsiyasi bu masalani qozog‘istonlik do‘stlarimiz bilan hal qilish uchun o‘z vakolatlarini taqdim etishga to‘la hozir.
Хабарларга кўра, Россия атом электр станцияси қурилиши юзасидан Қозоғистонга “таклифлар берган”.
Сўнгги янгилик Россия Ташқи ишлар вазирининг Остонага амалий ташрифи манзарасида олинган.
Маълум бўлишича, Сергей Лавров бу ҳақда кеча, 7 ноябр куни ўз ташрифи якунида Қозоғистон пойтахтида берган матбуот анжумани чоғида гапирган.
Унинг айтишича, “Россия нафақат ёрдам беришга тайёр. Россия аллақачон ўз таклифларини ҳам илгари сурган”.
“Росатом” давлат корпорацияси бу масалани қозоғистонлик дўстларимиз билан ҳал қилиш учун ўз ваколатларини тақдим этишга тўла ҳозир. Биз бошқа давлатларнинг тегишли идора ва тузилмалари билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, - дея баён қилган Россия Ташқи ишлар вазир.
Аммо расмий хабар тафсилотларидан Сергей Лавров шундай деркан, бу таклифларнинг айнан нималардан иборат экани, ҳамкорлик қилишга тайёрмиз дейилганида, Қозоғистон истаётган халқаро консорциумдагилар назарда тутилгани ёки йўқлиги ноаён қолган.
Россия Ташқи ишлар вазирига кўра, мамлакати АЭС қурилиши бўйича Қозоғистондаги референдумни ҳам беэътибор қолдирмаган – кузатган.
Биринчи АСЭ масаласи

Сурат манбаси, rasmiy
Ўтган ойги референдум ортидан, 70 фоиздан ортиқ қозоғистонлик ҳукуматнинг мамлакатда атом электр станциясини қуриш ташаббусини қўллаб-қувватлагани эълон қилинган.
Улардан фақат “Қозоғистонда атом электр станцияси қурилишига розимисиз?”, - деган битта савол сўралган.
Ўшанда айрим хорижий нашрларда мухолифатнинг овоз бериш жараёнида расмийлар томонидан “катта сохтагарчиликларга йўл қўйилгани”га оид иддаода эканлиги, референдум арафасида ўнлаб маҳаллий фаолларнинг ҳибсга олинганликларига оид хабарлар ҳам бўй кўрсатган.
Расмий Остона орада Қозоғистондаги илк атом электр станциясини қуришни қандайдир битта ширкатга эмас, балки халқаро консорциумга ишониб топшириш истаги борлигини маълум қилган, унинг бештагача давлатни ўз ичига олиши мумкинлиги айтилган, хабарларда эҳтимолий пудратчилар сифатида Россиядан ташқари, Франция, Жанубий Корея ва Хитой ширкатлари номлари тилга олинган.
Расмий Тошкент ўзининг биринчи атом электр станцияси қурилишини Россия билан расман келишиб бўлгани воқеълиги манзарасида референдум баробарида Қозоғистоннинг айни истаги Ўзбекистондаги кўпчиликнинг эътиборидан ҳам четда қолмаган, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга қадар сабаб бўлган.
Россия Ташқи ишлар вазирининг пойтахт Остонада янграган сўзларига Қозоғистон томонининг расмий муносабати қандай бўлгани тафсилотлари ҳозирча маълум эмас.
Аммо Қозоғистоннинг анча йиллардан буён АЭС қуриш шартномасини “Росатом”га бериши юзасидан Россиянинг босими остида қолиб келаётгани халқаро матбуотда ҳам алоҳида таъкид топиб келаётган нуқталардан бири бўлади.
АЭС ва Россия

Сурат манбаси, AFP
Қозоғистон ичкарисида мазкур лойиҳага Россиянинг аралашувидан ҳамма ҳам мамнун эмас.
Улар бу Қозоғистоннинг Россияга геосиёсий қарамлигини кучайтириши, ўзларига қарши Кремль қўлида яна бир босим воситасига айланишидан хавотирда.
Марказий Осиёдаги икки атом электр станцияси қурилишига оид саъй-ҳаракатлар Россия Украинага очган уруш манзарасида геосиёсий танглик кучайиб бораётган, худди шу тажовуз боис, коллектив Ғарб ўзининг устма-уст санкциялари билан уни халқаро миқёсда ҳар томонлама иҳоталаб қўйишга интилаётган, расмий Москва эса, бунинг аксини исботлашга уринаркан, глобал Жанубга юз тутган, минтақа давлатларига янада яқинлашиш, улар билан ҳар томонлама алоқаларини кучайтиришга интилаётган бир пайтга тўғри келмоқда.
“Росатом” СССР парчаланганидан кейин ҳам кўп йиллар давомида постсовет маконида монопол ядровий ёқилғи таъминотчиси ва атом электр станцияси қурувчиси бўлиб келган.
Ўзининг геоиқтисодий ва геосиёсий босимини ўтказишда Кремлнинг қўлидаги муҳим босим ва таъсир воситаларидан бири ўлароқ кўрилган ва кўрилади.
Экспертларга кўра, Россиянинг, айниқса, сўнгги йиллардаги агрессив ташқи сиёсати ва Украинага қарши уруши бу вазиятни жиддий ўзгартирган.
Қозоғистон Марказий Осиёнинг энг йирик иқтисоди саналади, табиий энергия захираларига бой ва минтақанинг Россияга чегарадош ягона давлати.
Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари фонида айнан Қозоғистон Путин ва Россиянинг бошқа номдор сиёсатчилари “нишони”га айланган.
Улар томонидан ери, давлатчилиги қайта-қайта ошкора савол остига олинган, бу Қозоғистоннинг Украинадан кейин Россиянинг навбатдаги нишонига айланажагига оид қўрқувларни ҳам уйғотган.
Расмий Остонанинг Украина, унинг бўлгинчи ва ишғол остидаги ҳудудлари мустақиллиги, аннексияси юзасидан Россия мавқеига зид чиқишлари эса, сўнгги йилларда икки ўртада даҳанаки жангларга ҳам сабаб бўлган.
Қолган минтақа давлатлари билан қиёсланганда, сўнгги йилларда Россия билан ўзаро муносабатларининг қанчалик танглашгани бобида четда ҳам эътиборга тушган.
Мавжуд вазият Ғарбнинг Қозоғистон мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қўлловчи устма-уст баёнотлар билан чиқишига ҳам олиб келган.
Кузатувчиларга кўра, Қозоғистон бу ишни Россиясиз амалга оширишни истайди, аммо ҳар доим ҳам энергия хавфсизлигини сиёсий манипуляцияларсиз таъминлашнинг иложи йўқлигини яхши англайди.
Даҳанаки жанглар тугайдими?

Сурат манбаси, rasmiy
Хабарларга кўра, Россия Ташқи ишлар вазири ўзининг амалий ташрифи давомида кеча, пайшанба куни Қозоғистон президенти билан учрашган, томонлар Путиннинг 27 ноябр куни Остонага кутилаётган давлат ташрифини муҳокама қилишган.
Лавров худди шу куннинг ўзида қозоғистонлик ҳамкасби билан ҳам музокаралар олиб борган.
Хабарларга кўра, Россия президенти 28 ноябр куни Қозоғистонда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этади, олиймақом йиғин теграсида президент Тоқаев билан ҳам учрашади.
Остонада сўзлаган Лавровнинг билдиришича, Россия ва Қозоғистон “умумий тарих бўйича баҳсларни ҳал қиладиган” тарихчилардан иборат махсус қўшма гуруҳ тузилган.
Россия ташқи ишлар вазири икки давлатнинг муштарак тарихи ҳақидаги муҳокамалар жамиятда кескинликни келтириб чиқараётганлигини қайд этган.
Лавров, шунингдек, Москва ва Остона икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни Ғарб санкцияларидан ҳимоя қилиш бўйича “амалий масалалар”ни ҳам муҳокама этиб олганликларини билдирган.
Қозоғистон президенти эса, Путиннинг давлат ташрифига жиддий тайёргарлик кўраётганликларини айтган.
Қасим-Жомарт Тоқаевга кўра, бу давлатлараро муносабатларида “муҳим воқеа” бўлади.
Россия президентининг бўлажак ташрифи “стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига қўшимча туртки беради", - деган у.
Путиннинг давлат ташрифи, бошқа томондан, Қозоғистон Россия етакчилигидаги BRICS ташкилотига қўшилмаслиги ҳақидаги баёнотидан кўп ўтмай амалга ошади.
Қозоғистон президенти бу ҳақда ўтган ой охирида, ташкилотнинг йиллик саммити арафасида гапирган, унинг сўзлари Россиянинг геосиёсий босимига бўйин эгмаслик талқинида айрим етакчи минтақавий нашрларда хос таҳлилларга ҳам сабаб бўлган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг айни мазмундаги баёноти, бошқа томондан, Қозоғистондан Россияга олиб кириладиган буғдой ва қатор мева-сабзавотга вақтинчалик тақиқ қўйилиши воқеълиги фонида Кремль расмий Остонани “жазолагани”га оид гап-сўзларга ҳам туртки бермай қолмаган.
Қозоғистонга икки кунлик амалий ташрифини якунлаган Сергев Лавровнинг ҳозир Сочида Ташқи ишлар вазирларининг Россия-Африка ҳамкорлик форуми биринчи анжуманига мезбонлик қилаётгани айтилади.














