Хавфсизликдан тежаш: АҚШ жиҳодчилар оилалари лагерини молиялаштиришни тўхтатмоқчи. Бу қандай хавф келтириб чиқариши мумкин?

ayollar

Сурат манбаси, DELIL SOULEIMAN/AFP via Getty Images

Ўқилиш вақти: 7 дақ

АҚШнинг дунёдаги энг йирик инсонпарварлик ёрдами ташкилоти – USAID агентлиги фаолиятини тўхтатиш тўғрисидаги қарори Суриядаги жиҳодчи аёллар лагерларига бевосита таъсир кўрсатди.

Уларнинг энг каттаси – "Ал-Хол" илгари ҳам озиқ-овқат, тиббий ёрдам танқислиги ва қўриқлаш муаммоларига дуч келган эди.

Ҳозирда лагерни назорат қилаётган курд маъмурлари Ғарб ёрдамисиз вазиятни назоратда тутиш қийин бўлишидан хавотирда.

BBC Суриядаги лагерларни молиялаштириш тўхташи минтақа учун қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида хабар қилмоқда.

Нон бўлмайди

Узоқдан "Ал-Хол" лагери 40 мингга яқин одам яшайдиган чодирли шаҳарга ўхшайди. Бу ерда ўзини қурбон бўлган ва "адашиб" Сурияга келиб қолган деб даъво қилаётган аёлларни ҳам, халифалик учун қурол кўтаришга тайёр эркакларнинг янги авлодини тарбиялаётган "Ислом давлати"нинг содиқ тарафдорларини ҳам учратиш мумкин.

Бу "ёпиқ лагер" деб аталади: унинг тутқунларига ҳеч қандай айблов қўйилмаган, аммо улар жиҳодчиларга хайрихоҳликда гумон қилингани сабабли бу ерни тарк эта олмайди.

The Economistʼнинг таъкидлашича, лагер қамоқхонадан кўра кўпроқ ИШИД базасига ўхшайди.

Алоқадор мавзулар:

20 январь куни, Доналд Трампнинг қарори билан USAID ҳомийлигидаги барча лойиҳаларни молиялаштириш 90 кунга тўхтатилганда, АҚШнинг Blumont ширкати ўз ходимларини лагердан олиб чиқиб кетди ва тартибсизлик ҳукм сурган пайтда бошқа ширкатлар билан минимал миқдорда асосий хизматлар кўрсатиш бўйича келишувга эришишга ҳаракат қилди.

Лагер раҳбари Жаҳон Ханан Би-би-си билан суҳбатда унинг ҳамкасблари, жумладан, лагер қўриқчилари нодавлат ташкилотлар ёрдамисиз ишламаслигини айтди.

Хусусан, унинг таъкидлашича, Трампнинг қароридан бир неча кун ўтгач, "Ал-Хол"дан 500 дан ортиқ одамни режаланганидек ўз ватани Ироққа жўнатиш имкони бўлмади, ироқликларни қайтариш билан шуғулланувчи ННТ қўриқлаш хизматлари учун пул тўлай олмади, лагер ҳудудида қўриқчисиз қолиш эса жуда хавфли.

lager

Ўша куни "Ал-Хол" маъмурияти лагерга нон етказиб бермасликка мажбур бўлди.

Лагерда бўлган аёллардан бири – россиялик Хадича (у мобил телефондан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлмагани учун тўлиқ исмини ошкор қилмасликни сўради) лагер маъмурияти озиқ-овқат захираларини тежашни маслаҳат берганини айтди, чунки "кейин нима бўлиши номаълум."

Бош ҳомий

"Ал-Хол" ва унинг кичик "ҳамроҳи" "Рож" лагери Сурия шимоли-шарқида, Сурия демократик кучлари – АҚШ томонидан қўллаб-қувватланадиган ва асосан курд ва араб тузилмаларидан иборат ҳарбий иттифоқ бошқарадиган автоном ҳудудда жойлашган.

Башар Асад режими қулаши ортидан ҳам Россияда, ҳам АҚШда террорчи деб тан олинган "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом" гуруҳи минтақадаги энг таъсирли кучга айланганидан сўнг, ҲТШ етакчиси Аҳмад аш-Шаръа курдларни қуролсизлантирмоқчи. Курдлар унинг армияси таркибига киришдан бош тортишмоқда, бунга жавобан ҲТШ курдларга ҳарбий ҳаракатлар билан таҳдид қилмоқда.

Бу таҳдидларни Сурияда йиллар давомида нафақат "Ислом давлати"га, балки курдларга қарши ҳам курашиб келган қўшни Туркия қўллаб-қувватламоқда.

Сўнгги пайтларда Туркия Сурия демократик кучлари назорати остидаги ҳудудларда ҳарбий амалиётларни кучайтирди. Анқара агар янги ҳокимият курд тузилмаларини йўқ қилса, Суриядаги ҳарбий иштирокини қайта кўриб чиқишга тайёрлигини билдирди.

Шундай шароитда – бир вақтнинг ўзида Туркиядан ҳимояланиш ва Суриянинг янги ҳукумати билан мураккаб музокаралар олиб боришга уринаётган курдлар ўн минглаб одамлар ҳаётини таъминлаш учун молиявий ёрдамсиз қолди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Ал-Хол"ни қўриқлайдиган курд маъмурияти ўз даромадига деярли эга эмас, шунинг учун лагерни сақлаш ташқи молиявий ёрдамсиз бўлмайди.

БМТ ва баъзи давлатлар (масалан, Британия, Италия, Канада, Норвегия ва бошқалар) айрим гуманитар дастурларга ҳомийлик қилишда иштирок этса-да, энг йирик ҳомий АҚШ бўлиб, у қўриқлаш, ходимларни сақлаш, лагер атрофи ва кузатув минораларини мустаҳкамлаш, шунингдек, ИШИДнинг уйқудаги ҳужайраларини аниқлаш учун оммавий тинтувлар каби махсус операцияларга маблағ ажратади.

The National нашрининг "Ал-Хол" маъмуриятига таяниб ёзишича, лагерни сақлаш ойига 3 миллион долларга тушиши мумкин.

tramp

Сурат манбаси, Andrew Harnik/Getty Images

Лагер раҳбари Жаҳон Хананнинг айтишича, "Ал-Хол"да фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз маблағларининг 70 фоизигача қисмини АҚШдан олган. "Америка овози" эса бу кўрсаткич 90 фоизгача етиши мумкинлигини хабар қилган. АҚШ Давлат департаменти ва USAID аниқ миқдорни ошкор этмаяпти.

Аҳоли сонига нисбатан ҳисоблаганда, бу йилига киши бошига тахминан 900 долларни ташкил этади, бунда маблағнинг катта қисми озиқ-овқатга эмас, балки қўриқлаш ва тартибни сақлашга сарфланади.

Аммо барча ёрдамни ҳисобга олганда ҳам, лагердаги вазият оғир. Аёллар ва болалар яшайдиган чодирлар жала ёки жазирама иссиқда етарли бошпана бўла олмайди. Қишда болалар исиниш учун етарли қувват йўқлигидан совуқ қотади ва чодирлар орасида изғиб юрган кемирувчилар билан ёнма-ён яшайди. Тоза сув етмайди, лагердаги шифокорлар барча эҳтиёжмандларга ўз вақтида ёрдам кўрсата олмайди. Касалликлар тез тарқалади ва тўйиб овқатланмаслик ҳамда асосий санитария шароитлари йўқлигидан заифлашган болалар кўпинча ёрдам етиб келгунча вафот этади.

Хавфсизлик муаммоси

"Ал-Хол"га ўхшаш бошқа лагерларни сақлаш учун ажратиладиган маблағлар ҳақида кўп нарса маълум эмас. Улардан бири – Иорданиядаги "Азрак" лагери бўлиб, у ерда 40 мингга яқин суриялик қочқин яшайди, яъни ўлчамига кўра "Ал-Хол" билан тенг.

"Азрак"ни эркин тарк этиш мумкин бўлмаса-да, у ердаги шартлар анча енгилроқ: лагернинг баъзи аҳолиси давлат текширувидан муваффақиятли ўтса, эркинлик ва ишлаш имкониятига эга бўлади. Лагернинг ИШИДга алоқадорликда гумон қилинаётган одамлар сақланаётган бир қисми қаттиқроқ қўриқланади, аммо у ердаги шароитлар "Ал-Хол"дагига қараганда анча инсонийроқ ва атиги бир неча минг киши бор.

Фақатгина "Азрак" қурилишига 63,5 миллион доллар сарфланган бўлса, уни сақлаш учун ҳар йили "ўнлаб миллион" (аниқ сумма айтилмаган) маблағ ажратилади. Мисол учун, етти йил олдин лагерни электр энергияси билан таъминлаш учун қуёш станциясини ўрнатиш IKEA жамғармасига 10 миллион долларга тушган (жамғарма БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасига дўконларда сотилган ҳар бир чироқ учун бир евродан хайрия қилган).

Аммо "Азрақ" нисбатан хавфсиз жойда бўлса, "Ал-Хол"га кетаётган гуманитар машиналар доимий ҳужум ва талончиликка учрайди: ўтган йил май ойида, масалан, ННТ ходими пичоқланган, машинада бўлган бошқа одамлар калтакланган. Ўшанда бир нечта халқаро ва маҳаллий ташкилотлар ишни тўхтатган, кейин эса фақат колонналарда, баъзан йигирматача автомобилда ҳаракатланишга қарор қилинган. Бу ташкилот ходимлари хавфсизлигини оширади, аммо ёрдам кечикишига ва донорларнинг қўшимча харажатларига сабаб бўлади.

lager

Сурат манбаси, Elke Scholiers/Getty Images

Молиялаштиришни тўхтатишдан олдин АҚШ лагердаги вазиятни аниқлаши керак эди, дейди Жаҳон Ханан.

"Кутилмаган вазиятлар учун ҳаракатлар режасисиз сувни тўсиб қўйиш ва нонни [етказиб бермаслик] мумкин эмас, – деб ҳисоблайди лагерь раҳбари. – Норозиликлар ва ёрдам марказларига ҳужумлар хавфи ортиб бормоқда, бу эса ИШИД учун вазиятдан фойдаланиш ва янги одамларни ёллаш имкониятини яратади."

Ёллаш нишони

"ИШИД мағлубиятга учраганидан кейин АҚШ ёрдами лагерларни бошқариш ва хавфсизлигини таъминлашда ҳаётий муҳим роль ўйнади [...], аммо бу ёрдам абадий давом этиши мумкин эмас. АҚШ оғирликнинг катта қисмини жуда узоқ вақт кўтариб келди," деди АҚШнинг БМТдаги доимий вакили Дороти Ши.

Январь ойи охирида USAID томонидан молиялаштириш музлатилиши туфайли юзага келган тартибсизликдан сўнг, икки америкалик пудратчи – Blumont ва Proximity International (Сурия шимоли-шарқида ва "Ал-Хол"да хавфсизлик кучларини ўқитиш билан шуғулланади) бир неча ҳафтага кечиктириш олди. Аммо иккала ташкилот ҳам бу муддат ўтгач нима бўлишини тушунмаяпти.

"Ислом давлати" Ироқ ва Сурия ҳудудларининг катта қисмидаги назоратни йўқотган бўлса-да, террорчи гуруҳ ҳамон жиддий хавф туғдирмоқда. Янги шароитда у уйқудаги ячейкалар кўринишида турибди, партизанлик урушини олиб бормоқда. Ўтган йили ИШИДнинг Суриядаги ҳужумлари сони аввалги йилга нисбатан уч баравар кўпайган.

ИШИД Африкада ҳужумлар уюштирмоқда, Афғонистонда ўз ячейкаларига эга бўлиб, у ерда Марказий Осиё мамлакатларидан янги аъзоларни ёлламоқда, Сурияда эса сиёсий беқарорлик ёлловчиларга қўл келмоқда.

"Ал-Хол"да сақланаётганлар эса ёллашнинг муҳим нишонларидан биридир. У ерда ҳали ҳам халифалик тарафдорлари кўп. Яккаланиш, таълимнинг йўқлиги ва нормал ҳаётга қўшилмаслик ҳатто ўз позициясига ишонмаган одамларнинг ҳам радикаллашувига олиб келади.

ayol

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва лагер маъмурияти кўп йиллардан бери турли мамлакатлардан ўз фуқароларини олиб кетишни сўрамоқда, аммо кўпчилик жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган одамларни ватанига қайтаришни истамай, қаршилик кўрсатмоқда.

Реприэве инсон ҳуқуқлари ташкилоти директори Мая Фоанинг фикрича, "Ал-Хол" маҳбусларининг кўпчилиги қурбонлардир: "Баъзи одамлар уларнинг ҳимоясизлигидан фойдаланиб, мажбурлаб Сурияга олиб кетишган, энди эса ўз ватанлари ҳам улардан воз кечди."

Британия MI-6 разведка хизматининг терроризмга қарши кураш бошқармаси собиқ раҳбари Ричард Барретт таъкидлашича, кўплаб аёллар ва уларнинг фарзандлари кўпчилик тайёр бўлмаган бундай зўравонликка гувоҳ бўлган. Бундай кечмиш руҳият учун кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин.

"Терроризм мафкурага қанчалик боғлиқ бўлса, ҳис-туйғуларга ҳам шунчалик боғлиқдир. Шунинг учун ҳатто ИШИДдан бутунлай кўнгли қолган одамлар ҳам вақт ўтиши билан унинг давридаги ҳаётни ижобийроқ эслай бошлашлари мумкин," дейди у.

2000 йиллар бошидаёқ "Ислом давлати" "деворларни бузиш" тактикасини ишлаб чиқди – исломчилар қамоқхоналарга ҳужум қилиб, маҳбусларга қочишга кўмаклашди.

Агар АҚШ молиялаштиришдан бутунлай воз кечса, эҳтимолий сценарийлардан бири қуйидагича бўлади: Blumont лагерга озиқ-овқат етказиб бера олмайди, "Ал-Хол" аҳолиси исён кўтариб тартибсизликлар уюштиради, уларни бостириш қийин бўлади, чунки ҳеч ким ўқитмаган ва ҳеч ким маош тўламаган қўриқчилар самарали ишлай олмайди. Бундан уйқу ҳолатидаги ячейкалар фойдаланиб, нафақат потенциал террорчилик таҳдидини юзага келтириши, балки кейинчалик ёллашда муҳим роль ўйнаши мумкин бўлган ИШИДнинг ўн минглаб тарафдорларини озод қилиши мумкин.

Халқаро ёрдам дастурларини қайта кўриб чиқишда Доналд Трамп "Америка ҳамма нарсадан устун" ғоясига асосланмоқда. Аммо "Ислом давлати" нафақат Европага, балки Америкага ҳам таҳдид солмоқда: яқиндагина, шу йилнинг бошида, ИШИД тарафдори Янги Орлеанда янги йилни нишонлаётган одамлар устига енгил автомобилни ҳайдаб кирганди.