ИШИД раҳбари Бағдодий беваси унинг жангда ва оилада қандай бўлгани ҳақида нималарни очиқлади? - Видео

Ўзини Исломий Давлат деб атаган гуруҳ - ИШИД Ироқ ва Сурияда халифалик эълон қилиб қўрқув салтанатини ёйганига қарийб 10 йил бўлди.
Язидийлар энг қаттиқ жабр кўрганлардан бўлди.
Алоқадор мавзулар:
Ум Ҳузайфа 1976 йили Ироқда туғилган диндор оилада туғилган, уни 1999 йили Иброҳим Авад ал-Бадрийга турмушга узатишган.
2014 йили ал-Бадрий бутун дунёга Абу Бакр ал-Бағдодий номи билан танилади.
Ум Ҳузайфа айтишича, оила қуришган вақти эри Бағдод университетида шариатни ўрганаётган талаба бўлган.
2003 йили АҚШ бошчилигидаги коалиция Ироққа бостириб киради, 2004 йили ал-Бадрийни ҳибс қилишиб, бир йил Ироқ жанубидаги Кемп-Букка лагерида сақлашади.
Кемп-Буккада Бағдодий билан бирга сақланган бир неча тутқун кейинчалик ИШИД ва бошқа жиҳодчи гуруҳларнинг раҳбарларига айландилар.
Ум Ҳузайфа айтишича, қамоқдан эри кескин ўзгариб қайтган.
У жуда тез жаҳли чиқадиган бўлиб қолган.
Ал-Бағдодийни таниган бошқа одамлар эса у ҳали америкаликлар томонидан ҳибсга олинишидан олдин ҳам "Ал-Қоида" билан алоқаси бўлган дейишади.
Рафиқасининг сўзларига кўра, "у руҳий муаммолардан азият чека бошлаган".
Нега бунча руҳий ўзгариб кетгани ҳақида сўраганимда, "мен бошимдан кечирганларимни сен тушунмайсан", деб жавоб берарди, дейди Ум Ҳузайфа.
"Мен, тутқунлик пайти уни жинсий қийноққа солишган, деб ишонаман", дейди Бағдодий беваси.
Ум Ҳузайфанинг ушбу даъвоси бўйича сўровимизга Пентагон ҳозирча жавоб бермади.
Ўша йили жаҳон матбуотида АҚШнинг Ироқдаги бошқа бир қамоқхонаси Абу-Ғрайбда олинган фото суратлар тарқалиб кетди.
Бу суратларда қўриқчилар тутқунларни яланғоч қилиб, ҳар хил уятли таҳқиромуз кўринишларда туришга мажбурлаганлари кўринган.

Сурат манбаси, AFP
Ум Ҳузайфа айтишича, қамоқдан чиққанидан кейин эри яширин гуруҳга қўшилганини гумон қилган.
Оила яшаб турган жойини тез-тез ўзгартириб турадиган бўлган.
2006-2008 йилларида Ироқда суннийлар билан шиалар ўртасидаги қонли тўқнашувлар кўпайди, Ум Ҳузайфа эрини қуролли сунний гуруҳ аъзоси эканига шубҳаси қолмаган.

Сурат манбаси, .
2010 йили Бағдодий "Ироқ Исломий давлати" раҳбарига айланади.
"Биз 2012 йили бир қишлоқ жойга кўчиб ўтдик ва менда унинг гуруҳ амири эканига шубҳам қолмади", дейди Ум Ҳузайфа.
Бу жой Суриянинг Идлиб шаҳрига яқин қишлоқ эди.
"Ироқ Исломий давлати" кейинроқ ўзини "Исломий Давлат" халифалиги деб эълон қилган катта гуруҳ ичига қўшилди.
"Ироқ ва Шом Исломий давлати" ёки ИШИД Ироқ ва Суриянинг катта ҳудудини ўз назоратига киритди.
Ум Ҳузайфа айтишича, ўшандан бошлаб эри афғонча кийим кийиб юрадиган бўлган, соқолини ўстирган ва ёнида тўппонча олиб юрадиган бўлган.
Сурия шимоли-шаридаги фуқаролар уруши туфайли вазият ёмонлашганидан оила Раққа шаҳрига кўчиб ўтади.
Ана ўшандан бошлаб Раққа ИШИД халифалиги пойтахтига айланади.
2014 йили ИШИД Ироқ шимолида Язидийлар таъқибини бошлади.
Минглаб Язидийни ўлдирди, кўплари ўғирланди.
Қиз ва аёллар жинсий қуллар сифатида ушлаб турилди.
Улардан бири Суад. Уни 14 ёшида ИШИД жангарилари уйидан олиб кетишган, бир неча йил жинсий таҳқирларни бошидан кечирган.
"Бизнинг оиламиздан фақат мен ва укам тирик қолдик", дейди Суад.
Суаднинг опаси Зена ва амакиси Ҳамиднинг олти фарзанди, шу жумладан, қизи Самара ҳалигача бедарак кетган.
Қизлар "Исломий Давлат" раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодийнинг уйида сақланганлар.
Ум Ҳузайфа бедарак кетган қизлар қисқа вақт ўзларининг уйида туришганини тан олди.

"Ўша вақт бундан уялганман. Аёл кишини шу даражада ҳам ҳам таҳқирлаш мумкинми? Менинг ўзим бунга қарши эдим. Лекин қўлимдан ҳеч нарса келмасди", дейди Ум Ҳузайфа.
Суад эса, Ум Ҳузайфа бегуноҳ эмас, дейди. Жиноятлари учун жавобгарликка тортилиши керак, дейди.
Суад ва Ҳамид ҳозир Бағдоддаги қамоқхонада сақланаётган Ум Ҳузайфани жинсий савдо ва суистеъмолда айблаб судга беришган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
"У Ал-Бағдодийнинг хотини. У ҳам худди Бағдодийдек жиноячи. Менинг оилам қаерда? Мен уларни тополмаяпман. Бунинг асосий сабабчилари Бағдодий ва унинг хотини эмасми? Мен уни кечирмайман. Мен ундан ўзимнинг ва Язидий қизларнинг қасосини оламан", дейди Суад.
Би-би-си мухбири Ферас Келаний Ум Ҳузайфадан нега қизларни қутқаришга ёрдам бермагани ҳақида сўради.
"Менинг ўзим чиқиб кетолмасдим. Қандай қилиб бошқага ёрдам беролардим? Эрим жиноятчи бўлганини рад этмайман. Уларнинг кўргуликлари учун мен кечирим сўрайман. Лекин менинг ҳеч ҳам айбим йўқлигини улар билишларини истайман", дейди Бағдодийнинг беваси.

Сурат манбаси, Iroq razvedka xizmati
Бевасининг айтишича, Абу Бакр ал-Бағдодийнинг ўзи бирорта ҳам жангда қатнашмаган.
2019 йили Президент Доналд Трамп буйруғига кўра, АҚШ махсус кучлари Бағдодий оиласи билан яширинган Ироқ шимоли-шарқидаги жойга рейд уюштиради.
Отишмада Бағдодийнинг тўрт хотинидан иккитаси ўлдирилади.
Туннелга қамалиб қолган Бағдодий ўзи ва икки боласини портлатиб юборади.
Бу вақтда бошқа ном билан Туркияга қочиб кетган Ум Ҳузайфа қўлган олинган эди.
Уни Ироққа жўнатишган, ҳозир устидан тергов бораяпти.
Терговда Ум Ҳузайфанинг ИШИД фаолиятидаги роли ўрганилаяпти.
Язидий оилалар эса уни жинсий савдо бўйича жавобгарликка тортишга аҳд қилганлар.
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













