Тожикистонлик Кёлн ибодатхонасини портлатмоқчи бўлдими? Янгиликлар Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, AFP
Бу саволга жавоб топиш учун 25 ёшли асли Тожикистонда туғилган йигитни яна икки ҳафта ҳибсда ушлаб туришга қарор қилинди.
Германия расмийлари Кёлн насроний ибодатхонасига Янги йил байрами нишонланаётган кунларда ҳужумларни режалаштиришда гумон этилаётган икки гумондорни яна сўроқда ушлаб туриш муддати 14 кунга узайтирилганини хабар қилдилар.
Алоқадор мавзулар:
Қўлга олинган яна уч киши қўйиб юборилган.
Асли Тожикистонда туғилган йигитдан бошқа қўлган олинганларнинг қаерлик экани ҳақида маълумот берилгани йўқ.
Германия матбуотининг расмий органлардаги масъулларга таяниб хабар қилишларича, гумондорлар гўёки Исломий Давлатнинг Афғонистондаги қаноти - "Исломий Давлат Хуросон" номидан худди 2016 йилги Берлин ҳужумидек ҳужумни режалаганлар.
ИД охирги йилларда Европанинг қатор шаҳарларида насронийлар Исо мавлудини нишонлайдиган Рождество байрамлари кунлари қонли ҳужумлар уюштирди, улардан бири 2016 йили Берлин шаҳридаги Рождество бозорига автомобил ҳайдалди.
Ислолмий Давлат аъзоси экани айтилган ҳужумчи одамларнинг устига машина ҳайдаб 12 инсон умрига зомин бўлган эди.
2023 йил ноябр ойидан хавфсизлик хизматлари Европанинг бир неча мамлакатида Рождество байрамини нишонга олган террорчилик хуружлари режалаштирилаётгани ҳақида жосуслик маълумотини қўлга киритдилар.
Германиядан ташқари, Австриянинг Вена шаҳри ва Испаниянинг Мадрид шаҳрида ҳам хавфсизлик чоралари кучайтирилди.
Австрияда ҳам тўрт киши ҳибсга олинди.
Декабр ойида Дания ва Нидерландияда ҳам исломий гуруҳларга алоқадорлик гумони билан бир неча киши қўлга олингани хабар қилинди.
2023 йили ИШИДга нима бўлди?

Сурат манбаси, Getty Images
BBC Monitoring тўплаган маълумотларга кўра, бир вақтлар Сурия шимоли-шарқидан шимолий Ироқ ҳудудларигача катта ҳудудни босиб олган Исломий давлат гуруҳи ҳужумлари сони 2023 йилда сезиларли камайган.
ИДнинг фаолияти ўтган йилга нисбатан икки баробар сустлашган, гуруҳ раҳбарияти орасида ҳам йўқотишлар бор.
Гуруҳнинг Миср шўъбаси бу йил деярли кўринмади, Ливия ва Ямандаги шўъбалари ҳам уйқуга кетган. Айни пайтда, унинг Афғонистондаги шўъбаси - ИШИД Хуросоннинг ҳужумлари сони ҳам ўтган йилга нисбатан анча камайган.
Гуруҳнинг Саҳелдаги ҳужумларини ҳисобга олмаса, Африкадаги амалиётлари ҳам камайган. Унинг Шарқий Малига томон кенгайган Саҳелдаги бўлими Нигердаги қатор ҳужумларни бўйнига олган ва асосан пропаганда билан шуғулланган.
Рақамлар нима дейди?
Декабр ойини ҳисобга олмаганда ИШИД 2023 йилда бутун дунё бўйлаб 838 та ҳужумни амалга оширган бўлса, ўтган йил шу давридаги 1811 та ҳужум 53 фоизга камайган.
Ҳужумлар сони бўйича таҳлил ва хулосалар "Исломий давлат"нинг расмий баёнотлари, ҳисоботлари ва ташвиқотлари, шунингдек, унинг тарафдорлари баёнотларига асосланади. Шундай қилиб, рақамлар бўрттирилган ва баъзан аслидагидан кам баҳоланиши мумкин.
2023 йил учун тақдим этилган барча рақамлар 1 январдан 30 ноябргача содир этилган ҳужумларни акс эттиради.
ИД ҳужумлари ҳақида нималарни биламиз?
Гуруҳ ўзининг "олтин даври"да Сурия ва Ироқнинг катта қисмини назорат қилган, аммо 2017 йилга келиб у ўз ҳудудининг 95 фоизини йўқотган.
2019 йилда АҚШ ва курд жангарилари бошчилигидаги халқаро коалиция ИДнинг Суриядаги сўнгги таянчи бўлган Бағуз қишлоғини олди, сўнг гуруҳ яна қатор мағлубиятларга учради.
Ўшандан бери ИД эътиборни Африкага қаратди ва Яқин Шарқдаги мағлубиятдан эътиборни чалғитишга уринди.
Гуруҳ ҳали ҳам Ироқ ва Суриядаги амалиётини давом эттирмоқда, Осиё, Африка ва Яқин Шарқдаги камида ўнлаб бўлинмалари тармоғини назорат қилмоқда, бироқ фаолликда сезиларли пасайиш кузатилган.
Март ойида ИД ўз ҳужумлари камайгани сабабини тушунтиришга уриниб кўрди ва хавфсизлик нуқтаи назаридан амалга оширилган барча ҳужумлар ҳақида ошкора хабар бермаслигини айтди.
Мисрнинг Синай яриморолида жойлашган ИД бўлими ўтган йилги 102 тага нисбатан бу йил ҳеч қандай ҳужумни бўйнига олмаган (шу жумладан, йил охиридаги Сувайш канали яқинидаги ҳужумларни ҳам). Бу эса уларнинг Миср армияси томонидан жиддий зарбага учраганини кўрсатади.
ИДнинг Афғонистондаги Хуросон вилояти бўлими томонидан уюштирилган ҳужумлар сони ҳам камайди. Гуруҳ ўз иддаосига кўра, 2023 йилда 20 та ҳужум уюштирган. Ўтган йили 145 та, Толибон ҳокимиятга қайтган 2021 йили эса 293 та эди.
Ҳужумлар сони камайган бўлса ҳам, қурбонлар сони кўп. Июль ойида ИД Хуросон Покистон шимоли-ғарбида "Жамиат Улема-э-Ислом-Фазл" исломий партиясининг сиёсий митингида худкушлик ҳужумини уюштирди ва унда камида 60 киши ҳалок бўлди.
Ироқда ИД 2023 йилда 141 та ҳужумни ўз зиммасига олди, ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткич 401 та эди.
Гуруҳ жорий йилда Сурияда 112 та ҳужумни ўз зиммасига олди, ўтган йили бу кўрсаткич 292 та бўлган.
ИД Африкада ўсиб бормоқдами?
2019 йилда Бағузни йўқотганидан бери ИД ўз тарғиботини ўзгартириб, асосий эътиборни Саҳрои Кабир жанубига «кенгайиш» ва «ғалабалар»га қаратди, бу ерда унинг бешта шўъбаси бор: Нигерияга йўналтирилган Ғарбий Африка вилояти шўъбаси, Угандага вақти-вақти билан бостириб кирадиган Конго вилояти шўъбаси, Саҳел шўъбаси, Мозамбик шўъбаси ва Сомали шўъбаси.
Энг фаол бўлим Ғарбий Африка вилояти шўъбаси бўлди, у асосан Нигерия шимоли-шарқида ва Чад кўли минтақасида ҳужумлар уюштиради, аммо унинг фаоллиги ҳам 2023 йилда камайди. Гуруҳ 2022 йилда 470 та, 2023 йилда эса 266 та ҳужумни ўз бўйнига олди.
Гуруҳнинг Марказий Африка вилояти ва Мозамбикдаги шўъбалари ҳам асосий таҳдид бўлиб қолса ҳам, камроқ ҳужумлар содир этилгани ҳақида хабар бермоқда. Иккаласи ҳам маҳаллий ва минтақавий кучларга, шунингдек, заифроқ нишонларга, яъни насроний қишлоқ аҳолисига қарши ҳужумларни давом эттирмоқда.
Марказий Африкадаги "Исломий давлат" шўъбаси ҳам бу йил Угандада тўртта ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди, улардан бирида икки сайёҳ ва гид ҳалок бўлган, бироқ июнь ойида Уганда ғарбидаги ўрта мактабга қилинган ҳалокатли ҳужумни бўйнига олгани йўқ.
Умуман олганда, ИД томонидан Африканинг Саҳрои Кабиридаги шўъбалари томонидан даъво қилинган ҳужумлар сони 2023 йилда бир йил илгариги 847 тага нисбатан 508 тага тушди. Бу ИДнинг бутун дунё бўйлаб ҳужумлари 60 фоизини ташкил этади.
ИД фаолияти қаерда кучаймоқда?

Сурат манбаси, Getty Images
BBC Monitoring маълумотига кўра, ИДнинг Саҳел минтақаси ва Филиппиндаги шўъбалари бу йил фаолроқ бўлган.
Апрель ойидан буён ИД ўз фаолиятини Малининг шарқий қисмида Нигер билан чегара яқинида кенгайтираётгани хабар қилинган. Гуруҳнинг бу ерда ўсиши Саҳел мамлакатларида давом этаётган сиёсий ва хавфсизлик муаммолари манзарасида содир бўлмоқда.
Июль ва октябрь ойлари орасида ИД ўзининг май ойидан бери "жиноятчиликка қарши кураш" ва «адолат» ўрнатиш учун олиб борган "ҳарбий кампанияларини" акс эттирувчи ҳисобот ва тасвирларни эълон қилди. Уларнинг тарғибот материаллари Мали ва Нигер ўртасидаги чегара ҳудудларида шариат қонунларини жорий этишга чақиради.
Нигерда, мамлакатда июль ойидаги давлат тўнтаришидан сўнг, ИД мамлакат ғарбида армияга қарши бир қатор ҳужумлар уюштирганини эълон қилди. Октябрь ойи бошида содир бўлган бир ҳужумда 60 га яқин аскар ҳалок бўлгани хабар қилинганида Нигер ҳукумати уч кунлик мотам эълон қилган.
2014 йилдан бери ИД Жануби-Шарқий Осиёдаги жангари гуруҳлардан ҳам байъат олган. Гуруҳнинг минтақадаги бўлимлари асосан христианлар кўпчиликни ташкил қилувчи Филиппин жанубидаги оролларга ўрнашган.
Июль ойидан бери гуруҳ шўъбалари жорий йилда 20 та ҳужум ҳақида хабар берган, 2022 йилда 7 та ҳужум бўлган эди.
Шунингдек, ИД 3 декабрь куни Филиппин жанубидаги католик муассасасига уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди ва минтақада одам ёллаётганини ҳам эълон қилган.
ИД етакчилари ҳақида нималарни биламиз?
Сўнгги пайтларда гуруҳ раҳбариятида катта йўқотишлар бўлди.
Бир йил ичида ИД уч етакчини йўқотди, уларнинг барчаси 2022 йил февралидан 2023 йил апрелигача Сурияда ўлдирилган.
2019 йил 27 октябрда АҚШ рейдида Абу Бакр ал-Бағдодий ўлимидан сўнг гуруҳга Абу Иброҳим ал-Ҳошимий ал-Қурайший, кейин Абу ал-Ҳасан ал-Қурайший, кейин эса Абу ал-Ҳусайн ал-Қурайший раҳбарлик қилган.
Улар бир-бирига қариндош эмас - «Ал-Қураший» нисбаси уларнинг Муҳаммад пайғамбарнинг Маккадаги Қурайш қабиласи билан алоқадорлигини билдиради.
Гуруҳ 2014 йил июнь ойида «халифалик» эълон қилганидан бери, ўз раҳбарларини «халифа» деб атайди, уларнинг биринчиси ал-Бағдодий эди.
2023 йил августида ИД янги етакчи Абу Ҳафс ал-Ҳошимий ал-Қурайшийни таништирди, бироқ у ҳақида кам нарса маълум ва у ҳали етакчи сифатида хутба ўқимаган.
ИД шунингдек, Сурия ва Ироқдаги етакчи қўмондонларини, асосан, АҚШ бошчилигидаги коалиция зарбалари туфайли йўқотди.
Август ойида Мозамбик ҳарбийлари ҳудудда ИД раҳбарини ўлдирганини маълум қилганди, бироқ гуруҳ «халифа» ва унинг вакилидан ташқари бундай ўлимлар ҳақида камдан-кам изоҳ беради.
Ғазодаги уруш таъсири қандай?
ИДга қарши ҳарбий амалиётлар ва баъзи мамлакатларда, жумладан, Сомали, Саҳел, Чад кўли минтақаси ва Суриядаги рақиб гуруҳлар унинг таназзулга учрашига сабаб бўлган омиллардан экани тахмин қилинмоқда.
Раҳбариятдаги йўқотишлар ва жорий бошқарувнинг нисбий анонимлиги ҳам муҳим омил ҳисобланади.
Аммо, айниқса, Африкада, ҳалигача ИДнинг юзлаб ҳужумлари кузатилади ва гуруҳ сиёсий, хавфсизлик ва ижтимоий заифликлардан фойдаланиб, кўплаб давлатларда ўз фаолиятини давом эттиряпти.
Ғазодаги урушни ИД ва бошқа экстремистик гуруҳлар учун шундай «имконият» сифатида кўриш мумкин.
7 октябрь куни Ҳамаснинг Исроилда уюштирган рейдлари ва унда қарийб 1200 киши ҳалок бўлгани (яна 240 нафари гаровга олинган)дан сўнг бошланган урушда Ғазо секторида 22 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлди, 57 мингдан ортиқ одам яраланган.
"Ал-Қоида" мусулмонларни фаластинлик жангарилар билан елкама-елка жанг қилишга чақирган бўлса ҳам, ИДнинг ҳафталик «ан-Наба» газетасида чоп этилган муносабатида на Фаластин гуруҳлари мақталган, на мусулмонлар Ҳамасни қўллаб-қувватлашга чақирилган.
Гуруҳ аввалроқ Ҳамасни Ғазо секторидаги ўз тарафдорларини бостиришда айблаган эди. Бунинг ўрнига ИД бутун дунё бўйлаб қасос олиш ҳужумларини кучайтиришга, шу жумладан, Исроилни "ҳимоя қилаётган" араб ҳукуматларига қарши ҳужумларга чақирди.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













