Эрон АҚШ ва Исроилни доғда қолдирдими? Видео

Эроннинг Фордо ядровий объекти

Сурат манбаси, maxar

Сурат тагсўзи, АҚШ 22 июн куни Эроннинг энг муҳим учта ядровий объектига зарба берган, Исроил-Эрон можаросига бевосита бош қўшган.
Ўқилиш вақти: 9 дақ

Янги саволлар ўртага чиқмоқда – аммо нега?

Четга сизган маълумот

"Эроннинг ядровий дастури буткул яксон этилмаган".

Пентагоннинг АҚШнинг ҳужумлари юзасидан дастлабки хулосаси юзага чиқди.

АҚШ 22 июн куни Эроннинг энг муҳим учта ядровий объектига зарба берган, Исроил-Эрон можаросига бевосита бош қўшган.

Ўзининг "B-2" русумидаги бомбардимончи учоқларини ишга солган.

14 фақат ўзларида бўлган бункер бомбалари илова 75 та мўлжални аниқ нишонга олувчи қурол-яроғини қўллаганди.

Аммо АҚШ Мудофаа вазирлиги Жосуслик бошқармасининг четга сизган дастлабки маълумотларига таянилса, ҳужумлар "Эроннинг ядровий дастурини йўқ қилмаган, фақат ядровий қурол ясаш жараёнини бир неча ой ортга сурган, холос".

АҚШ президенти эса ҳужумлари "муваффақиятли" бўлгани, Эроннинг энг йирик уранни бойитиш объектлари "бутунлай йўқ" қилинганини даъво қилган.

Дональд Трамп АҚШнинг Эронга ҳужумларини "ажойиб ҳарбий ютуқ", деб атаган, Қуролли кучлари дунёдаги қолган бирор бири қила олмайдиган ишни уддалашгани билан мақтанган.

Эрон эса Америка Қўшма Штатларининг ҳужумларидан кейин ҳам уранни бойитишда давом этишларини ваъда қилган.

Исроил ва АҚШ ҳужумлари манзарасида Эронда борлиги айтилаётган 400 килограмм бойитилган ураннинг тақдири ноаён қолган.

Халқаро Атом Энерегияси Агентлиги эса, ўтган ой Эроннинг ҳозир 60 фоиз бойитилган уранга эга эканидан жиддий хавотирда эканликларини билдирган, бунинг фуқаролик мақсадларида ишлатиладиган даражадан анча юқорилигини таъкидлаганди.

АҚШ конгрессменининг айтишича, агар Эрон ҳали ҳам ўзининг ядровий захирасини сақлаб қолган бўлса, бу "тўққизта ядровий қурол учун етарли бўлади".

Оқ Уй сўнгги хабарларни рад этди.

Президент Трамп Эроннинг ядровий иншоотлари "буткул вайрон этилди", деб эълон қилди.

У матбуотни "тарихдаги энг муваффақиятли ҳарбий зарба аҳамиятини пасайтириб кўрсатиш"да айблади.

АҚШ президенти "бошбошдоқликка етаклаши"изоҳида Эронда режим ўзгаришини истамаслиги, можаронинг "тинчиши"ни хоҳлашини ҳам таъкидлади.

Трампнинг Яқин Шарқдаги махсус вакили буни "хиёнат"га тенглаштирди, маълумотни сиздиришга ким айбдор бўлса, унинг жавобгарликка тортилиши керак"лигини айтди.

Кейин чиқажак жосуслик маълумотлари Эроннинг ядровий иншоотларига етказилган зарар кўламига янада ойдинлик киритиши мумкин.

Исроил Бош вазири ҳам кеча, сешанба куни мамлакати Эроннинг ядровий амбицияларини муваффақиятли жиловлашнинг уддасидан чиққанлигини баён қилганди.

Эрон барибир ядро қуроли ярата оладими - видеомизни томоша қилинг.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Устма-уст ҳужум

Дональд Трамп

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, АҚШ президенти эса ҳужумлари "муваффақиятли" бўлгани, Эроннинг энг йирик уранни бойитиш объектлари "бутунлай йўқ" қилинганини даъво қилган.

Исроил ва АҚШ Эроннинг ядровий дастури учун муҳим бўлган учта йирик иншооти – Натанз, Исфаҳон ва Фордага зарба беришган.

Ер остида энг чуқур жойлашган Фордога Исроилнинг кучи етмаслиги, уни яксон этиш учун фақат Америка Қўшма Штатларининг иштироки лозимлиги айтилган.

АҚШ бу иншоотга фақат ўзида бўлган бункер бомбаларини отган, ҳужумларидан кейин сунъий йўлдош орқали олинган тасвирларда унинг сатҳида олтита ўйиқ борлиги кўрилган.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Атом энергияси агентлиги эса, бунгача Эроннинг қолган иккита ядровий объекти Исроилнинг ҳужумларидан "жиддий зарар кўрганлиги"ни айтиб чиққанди.

BBC мухбири Жеймс Лэндейлнинг айтишича, расмийларни хавотирга солаётган нарса фақат Эроннинг ядровий ускуналарига етказилган зиён эмас. Улар бойитиб бўлинган уран қаерда ва қандай аҳволда эканидан ҳам ташвишда.

"Биз музокаралар столига қайтишимиз шарт. Бунинг учун Ядро Қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома ижросига бош-қош МАГАТЭ назоратчиларининг Эроннинг ядровий сатҳларига қайтиб, 60 фоизгача бойитилгани илова уран захираларини ҳисобга олишларига изн берилиши лозим", - дея баён қилган агентлик Бош директори Рафаэль Гросси.

Мутахассисларга кўра, уран газ кўринишида битта юк машинасида бемалол ташиш мумкин бўлган ўнга яқин катта босимли канистрларда сақланаётган бўлиши мумкин.

Аммо, мухбиримизнинг айтишича, уни бомба ясашга яроқли даражада бойитиш учун катта ускуналар лозим бўлади.

Ядро қуроллари бўйича мутахассис Алекс Боллфраснинг маълум қилишича, "Эронликлар 12 июн куни, Исроил ҳужумларидан аввал МАГАТЭга яхши ҳимояланган, уранни бойитиш имкониятига эга янги иншоот қурганликларини айтишган".

"Бу жойнинг қаердалиги ҳозирча бизга номаълум. Буни, эҳтимол, америкаликлар ҳам, исроилликлар ҳам билишмас. Аммо бу захирани бойитишга ойлар эмас, ҳатто бир неча ҳафта кетиши мумкин", - дейди мутахассис.

Дараги йўқ уран исталган жойда бўлиши мумкин.

Улар Америка ҳужумидан аввал ҳар уч сатҳдан ҳам олиб чиқилганига оид хабарлар бор.

Бу уран номаълум янги объектда сақланаётган ёки қисмларга бўлиниб, турли жойларда яширилган бўлиши мумкин.

Оқ уй ураннинг асосий қисми йўқ қилинганига ишонч билдирмоқда.

Исроил эса, бу ҳақда очиқча гапирмасликни маъқул кўраяпти.

"Бизда бу ҳақда қизиқ маълумот бор, агар у билан бўлишмасам, мени маъзур тутинг", - деб айтган, жумладан, Исроил Бош вазири.

Ядро қуроли

1945 йилда бўлгани каби ҳозир ҳам бор-йўғи 60 фоизга бойитилган урандан бомба ясашда фойдаланилиши мумкин.

Аммо, мутахассисларга кўра, у ракета ёки самолётдан ташлашга жуда оғирлик қилади.

Қандай бўлмасин, ҳатто ҳозир ҳам Эроннинг ядровий истакларига оид хавотирлар ҳануз аримаган.

"Менинг энг катта қўрқувим Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши, ундан фойдаланиши ва жойлаштира билишидир. Бу Исроил, бутун минтақа ва дунёнинг қолган қисми учун бўйиндаги сиртмоқ бўлади", - дея орада баён қилган НАТО Бош котиби.

НАТОнинг Гаагадаги саммитида ҳам Эрон масаласининг кун тартибида бўлиши кутилаётир.

22 июн: Америка барибир Исроил-Эрон можаросига қўшилди, Эронга зарба берди - Теҳрон 'туганмас' оқибатлар билан огоҳлантирди, расмий Тошкент 'чуқур хавотирда'
Infografika

АҚШ Эроннинг учта энг йирик ядровий объектига ҳужум қилди. Қаршисида Исроилнинг ҳарбий қудрати ожиз Фордони ҳам нишонга олди.

Исфаҳон ва Натанзга эса бундан олдин Исроилнинг ўзи ҳам зарба берганди.

АҚШ зарбаси

АҚШ шанбадан якшанбага ўтар кечаси Эроннинг учта йирик ядровий иншоотига ҳужум қилди, бевосита Исроил-Эрон можаросига қўшилди, кутилганидек, "В-2" русумидаги бомбардимончи самолётларини ҳам ишга солди, фақат ўзида бўлган "бункер бомба"ларини отди.

14 та шундай бомба илова жами 75 та "мўлжални аниқ олувчи қурол" қўллаганини айтди.

Ҳужумлари натижасида Эроннинг ядровий дастурини "вайрон қилганликлари"ни даъво қилди.

BBC Verify сунъий йўлдош тасвирларига қараб, Фордода олтита янги ўйиқ пайдо бўлганлигини аниқлади.

Дональд Трампнинг баён қилишича, ҳужумлари "муваффақиятли" бўлган ва Эроннинг энг йирик уранни бойитиш объектлари "бутунлай йўқ" қилинган.

Ҳужум ҳақида Дональд Трамп Social Truth ижтимоий тармоғидаги постида маълум қилган.

У Конгрессдан АҚШ ҳарбий кучини ишлатишга расман розилик сўрамаган.

Эрон ташқи ишлар вазири ҳужумларни халқаро ҳуқуқ ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани бузиш, деб атаган, Америка Қўшма Штатларини "хиёнат"да айблаган.

Якшанба куни эрталаб Эрон яна Исроилга ракеталар билан ҳужум қилган.

Шу соатларда АҚШ Мудофаа вазирининг баён қилишича эса, ўтган тун ташлаган бункер бомбалари туфайли Эроннинг уч ядровий объекти "жиддий зарар кўрган".

Пентагондаги брифинг ниҳоясига етаркан, Пит Хегсет Эрон учун музокаралар столи ҳали ҳам очиқ эканини айтган, бунга расмий Теҳроннинг муносабати ҳозирча ноаён.

БМТ назоратчи идорасининг маълум қилишича, ҳозирча радиация даражаси кўтарилгани аниқланмаган.

АҚШ президентининг Теҳронга "тинчиши" ёки келажакда бундан ҳам каттароқ ҳужумларга юз тутишини айтган.

Эрон Ташқи ишлар вазири эса, ҳужумларни "зўравон", деб атаган, "туганмас оқибатлар" билан огоҳлантирган, аммо айнан нима қилишларини ҳозирча очиқламаган.

Исроил Трампга ёрдами учун миннатдорчилик билдирган, Эрон эса Америка ҳужум қилганини тасдиқлаган, аммо уранни бойитишда давом этишни ваъда қилган.

Ҳужумларига қадар АҚШнинг урушга кириш ҳақидаги қарори ҳақида расман эълон қилинмаган.

Кечаётган ҳафтада АҚШ ҳам Эронга қарши ҳужумларда Исроилга қўшиладими, деган хавотирлар юзага келган, бунга жавобан Оқ Уй президент Трампнинг бу хусусдаги баёнотини тарқатган.

Унда АҚШ президенти, "Эрон билан яқин келажакда амалга ошиши, ошмаслиги ҳам мумкин бўлган музокараларнинг салмоқли эҳтимоли борлиги фактидан келиб чиқиб, бунга бориш ёки бормаслик ҳақидаги қарорни икки ҳафта ичида қабул қилиши"ни билдирган.

Расмий Теҳрон эса Исроилнинг ҳужумлари тўхтамагунча, музокараларга қайтмасликларини айтиб, жавоб берганди.

Ҳужумлари ортидан, Трамп, "Бу давом этиши мумкин эмас. Бу Эрон учун тинчлик ёки фожеа бўлади", - деб айтган. У Эрон АҚШ ҳаракатларига жавоб қайтарса, ундан ҳам кучлироқ зарба беришлари билан таҳдид қилган.

Бироқ Эрон объектларига етказилган зарар миқдори ҳақида ҳали ҳам кўп нарса маълум эмас.

Эрон манбаларининг таъкидлашича, улар зарбани кутган ҳолда уранни хавфсиз ерга олиб чиқишга муваффақ бўлишган.

BBC Форс хизмати мухбири Ғунча Ҳабибиозоднинг айтишича, Эрон давлат телевидениеси сиёсий директори ўринбосари Ҳасан Абединий жонли эфирда Эрон учта ядровий объектини "бундан аввал" кўчиришга муваффақ бўлганликларини билдирган.

Мухбиримизга кўра, Абединий, шунингдек, Эрон АҚШ ҳужумларидан "жиддий зарар кўрмаганлиги"ни ҳам таъкидлаган.

Трамп эса, Қуролли кучлари дунёдаги бирор бир Армия қила олмайдиган ишни уддалаганлигини айтган.

АҚШнинг Эронга ҳужумларини "ажойиб ҳарбий ютуқ", деб атаган.

Ўзбекистон огоҳлантирди

Ўзбекистоннинг элчихонаси Исроилдаги ўзбекистонликларга навбатдаги огоҳлантириш билан чиқди.

Элчилик уларни Исроилда янги чекловлар жорий этилганидан огоҳлантирган.

Бу қарор Исроилдаги вазиятнинг кескинлашуви муносабати билан қабул қилинганини билдирди.

Исроилдаги Ўзбекистон фуқароларини "яна бир бор хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга, мамлакатда бўлиш вақтида эҳтиёткорликни оширишга ва ракета отишмалари пайтида бошпаналарни тарк этмасликка чақирди ва расмий маълумотлардан хабардор бўлиб бориш"ни сўради.

Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов эса, кеча, 21 июн куни Эрондаги қандайдир ядровий ҳалокатнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири бўлиши мумкинлиги ёки йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берган.

Маълум бўлишича, унга "Эрон ва Исроил ўртасидаги кескинликлар ортиши, Эроннинг ядровий объектлари, уран кон захираларига ракета зарбалари фонида ўша объектлардаги қандайдир радиоктив ҳалокатларнинг Ўзбекистонга ҳам таъсири борми", - деган саволлар келиб тушган.

Олим бунга, "Ҳа, таъсири бор. Борди-ю радиоактив нурланиш фаоллашса, муайян об-ҳаво шароитларида ана ўша ҳудудлардаги радиоактив нур бизнинг Ўзбекистонга кириб келиши мумкин. Бу, Ўзбекистонга кириб келувчи ва ривожланувчи 15 синоптик жараённинг 2-3 тасида рўй беради", - деб жавоб берган.

Шу соатларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқдаги вазиятнинг шиддат билан кескинлашаётгани ўзларида "чуқур хавотир" уйғотаётганлигини билдирди.

Вазирлик матбуот котибига кўра, "Ўзбекистон доимо минтақадаги барча томонларни ўзаро музокаралар орқали тинчлик йўлида ҳаракат қилишга чақириб келган".

Ўз ўрнида, вазирлик Ўзбекистон фуқароларидан Исроил ва Эронга сафар қилишдан тийилишлари, ушбу мамлакатларда бўлганларидан эса имкон қадар хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетишларини ҳам сўраган.

Ҳушёрликни сақлашлари ва расмий эълонларни кузатиб боришларини ҳам илтимос қилган.

Ўзбекистон томонига кўра, хавфсизликни таъминлаш мақсадида зарур чоралар кўрилмоқда.

Исроил-Эрон можароси билан кечаётган бир ҳафтадан кўпроқ вақт ичида Ўзбекистон Туркманистон орқали ўнлаб фуқаросини Эрондан олиб чиқишга муваффақ бўлган.

Жорий пайтда Исроил ва Эронда қолаётган ўзбекистонликларнинг аниқ сонига оид расмий маълумотлар ҳозирча кўзга ташланмайди.

Эрон дунёнинг Марказий Осиёга чегарадош давлатларидан бири бўлади, чегараси Туркманистондан ташқари яна икки постсовет давлати – Озарбайжон ва Арманистон бўйлаб ҳам узанади.

Исроилнинг Эронга бошлаган ҳужуми минтақада ҳам бирдек акс-садо берган.

Бунгача Марказий Осиё давлатлари ҳукуматларининг барчаси Яқин Шарқдаги вазиятнинг кескинлашишидан "чуқур", "жиддий" ва "ўта" хавотирда эканликларини билдиришган.

Расмий Тошкент барча томонларни "тўлиқ вазминликка, ҳарбий ҳаракатларни дарҳол тўхтатишга", Тожикистон, "ҳалокатли оқибатларга олиб келувчи кейинги ҳарбий ҳаракатлардан тийилиш", Қирғизистон "ҳар икки томонни максимал даражада оғир-босиқлик, минтақадаги вазиятнинг янада кескинлашишига олиб келадиган ҳаракатлардан қочиш", Қозоғистон эса, "иштирокчи томонларни максимал даражада вазминлик"ка чақирганди.

Яқин Шарқ Ўзбекистон ва президенти Шавкат Мирзиёев диққат-эътиборидаги глобал муаммолардан бири бўлади.

Шавкат Мирзиёев
rasmiy
Barcha nizolar suverenitetni hurmat qilish, xalqaro huquq me’yorlari va BMT nizomi asosida faqat diplomatik sa’y-harakatlar yo‘li bilan — muzokaralar stolida hal etilisi shart.
Shavkat Mirziyoyev
O‘zbekiston prezidenti (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Ўзбекистон Президенти 17 июн куни Қозоғистон пойтахти Остонадаги "Марказий Осиё+Хитой" иккинчи саммитида қилган чиқишида халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашганига алоҳида тўхталиб ўтган.

Шавкат Мирзиёев рақобатнинг ортиши кескинликнинг зўрайишига, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга янги хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келаётганлигини айтган.

Ўзбекистон раҳбари, "низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблашлари"ни ҳам баён қилган.

"Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан — музокаралар столида ҳал этилиши шарт"лигини таъкидлаганди.

Эроннинг Исроил йўқ қилмай қўймоқчи бўлаётган, аммо фақат АҚШ зарба бера оладиган махфий ядровий объекти нима ўзи?

Фордо объекти

Сурат манбаси, GoogleEarth/CNES/Airbus/maxattechnologies

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Фордо қаерда жойлашган?

Эроннинг ядровий амбициялари учун жуда муҳим ва Исроил йўқ қилишга уринаётган ўранни бойитиш корхонаси Теҳрон жанубидаги тоғ ёнбағрида жойлашган.

Исроил Эрон ҳаво ҳудуди устидан тўлиқ назорат ўрнатган бўлиши мумкин, лекин Фордо ядровий иншооти қаршисида Исроилнинг ҳарбий қудрати ожизлик қилади.

Иншоот ер остида, Буюк Британия ва Францияни бир-бирига боғловчи Ла-Манш бўғозидан ҳам чуқурроқда жойлашган.

Фақат Америка Қўшма Штатларидагина уни йўқ қилишга қодир катталикдаги бомба бор, холос.

Аммо бу каби бир қадам Яқин Шарқдаги урушни кескин ўзгатириб юбориши мумкин.

Фордо
googleearth/cnes/airbus/maxattechnolog
Eron havo hududi ustidan to‘liq nazorat o‘rnatgan bo‘lishi mumkin, lekin Fordo yadroviy inshooti qarshisida Isroilning harbiy qudrati ojizlik qiladi.
BBC Verify va Vizual jurnalistika jamoasi
Batafsil: bbc.com/uzbek da.

Фордо қандай иншоот?

Уранни бойитиш корхонаси пойтахт Теҳрондан 100 чақиримча узоқликда, Қум шаҳри яқинидаги тоғли ҳудудда жойлашган.

Мажмуа дастлаб Эрон Исломий Инқилоб Гвардиясининг сара бўлинмалари фойдаланган қатор ер ости йўллари ёки туннеллардан иборат бўлган.

Эрон у ерда уранни бойитувчи корхона борлигини 2009 йилда, бу нарса Ғарб Жосуслик хизматлари томонидан фош қилинганидан кейин тан олган.

Ер ости иншоотининг уранни бойитиш учун ишлатиладиган центрифугалар жойлашган иккита асосий туннель ва яна шунингдек, бир қанча бошқа кичикроқларидан иборат экани тахмин қилинади.

Алоқадор мавзулар:

Фордо қўл етмасми?

Фордонинг иншоотлари жуда чуқурликда жойлашган, шу боис ҳам у Исроил ҳарбийлари учун ўзига хос қийинчилик туғдиради.

Унга бирор бир жиддийроқ зиён етказа олиш учун ер остига чуқур кириб боришга қодир бомба лозим бўлади.

Исроилда бундай қурол бор, деб тахмин қилинади.

Бироқ улар фақат 10 метрдан камроқ чуқурликда иш беради.

Аммо Америка Қўшма Штатларида бу ишни уддалай олиши мумкин бўлган бомба бор.

У оғирлиги 13 тоннадан ортувчи GBU-57 русумидаги улкан бункер бомбаси.

"Janes" мудофаа жосуслик ширкати таҳлилчиларига кўра, сирти ва вазнининг оғирлиги боис, бу бомба бетон остига 18 метр, тупроқ остига эса 61 метргача ёриб кира олади.

Аммо, ҳатто, бу бомба ҳам Фордони буткул яксон эта олмаслиги мумкин.

Чунки туннеллар ер сатҳидан 80-90 метр чуқурликда жойлашгани тахмин қилинади.

Яъни, улар Эроннинг Натанздаги бошқа уранни бойитиш иншоотларига қараганда бир неча баравар пастда жойлашган.

Исроил Натанздаги ядровий объектга аллақачон зарба берган ва мутахассислар фикрича, "буткул яксон этмаган бўлса-да, унга жиддий зиён етказган".

Ирландия Мудофаа кучларининг собиқ раҳбари вице-адмирал Марк Меллеттнинг BBC Verify га айтишича, айни русумдаги бункер бомбаларининг Фордо каби объектларни йўқ қилиш эҳтимоли ер ости туннелларининг қанчалик мустаҳкам ҳимояланганига боғлиқ.

Исроилнинг АҚШдаги элчиси ушбу объектни йўқ қилиш муҳим мақсад эканлигини айтган.

"Ушбу операция Фордони йўқ қилиш билан якунланиши шарт", - деган.

Экспертлар уни ташлаш учун ҳам Американинг "В-2" русумидаги самолётлари зарурлигини таъкидлашади.

Шу сабабдан ҳам, Исроил -Эрон можаросида АҚШнинг аралашуви ҳал қилувчи аҳамиятга эга.