Ўзбекистон газ экспортидан воз кечиши керакми? Украинада янги Ўзбек асири ёрдам сўради, собиқ Мирзаобод ҳокими жиноятда айбдор топилди

Сурат манбаси, AFP via Getty Images
Қиш мавсуми аёзларида иситиш мушкулликларига дуч келадиган Ўзбекистон 2023 йил октябридан Россиядан табиий газ импорт қилишни бошлаган.
Украинага тўлақонли босқин бошлагани учун европаликлар газидан воз кечган Россия учун ҳам бу манфаатли, Ўзбек расмийлари мамлакат аҳолиси ва ишлаб чиқариши ортиб бораётгани муносабати билан Россия гази истеъмоли келаётган йилларда кўпайишини айтадилар.

Сурат манбаси, .
Айни пайтда Ўзбекистонга газ импорти ва экспорти билан боғлиқ маълумотлар шаффоф эмаслиги мавзуси тез-тез кўтарилиб туради, бу ўзбекистонликларнинг ўзлари тезак ёқиб исинишга мажбур бўлаётган вақти ўз газини Хитойга сотаётгани аҳолида норозилик уйғотмаслиги мақсадида қилинади.
Таниқли иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров ўзининг Телеграм каналида яна газ импорти ва экспорти масаласини кўтарди:
"Қишга тезак жамлашга ундалаётган ўзбек халқига импорт газнинг қанчаси етиб боради, масалан? Иссиқхоналарга қанчаси боради? Метан заправкаларига-чи?
Балки йилига 3 млрд.кубга етаётган газ экспортини тўхтатсак, импортни оширишга умуман ҳожат бўлмас?", деб ёзди блоггер bakiroo.
Зуҳриддин Йўлдошев Ўзбекистонга қайтишда ёрдам сўради

Сурат манбаси, Telegram/НЕХТА Live
НЕХТА Телеграм канали Украинага асир тушган яна бир ўзбекистонлик видеосини эълон қилди.
Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида 1994 йили туғилганини айтган Зуҳриддин Йўлдошев Россияда ёнига гиёҳванд модда ташлаб қўйишганини ва 12-18 йилга қамаш билан таҳдид қилганларини билдиради.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчилиги билан боғланишга изн беришмаган, "ё қамаласан, ё урушга борасан" деб шарт қўйишган.
У босимлар остида Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланганини айтди, Ўзбекистонга қайтишга ёрдам беришларини сўради.
Яқинда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Варшава конференциясида Россиянинг Марказий Осиё республикалари фуқароларини Украина урушига ёллаётгани қораланди, бу нарса республикалар раҳбариятининг пассив мавқеъи туфайли ҳам рўй бераётгани таъкидланди.
Украинадаги "Хочу Жить" лойиҳасига кўра, Россия 2025 йили хорижликларни урушга ёллаш суръатини кескин оширган, "Хочу Жить" пул ёки Россия паспортига эга бўлиш учун урушга қўшилишга рози бўлган 7526 чет эллик ҳақидаги маълумотни қўлга киритганини эълон қилди.
Собиқ Мирзаобод ҳокими жиноятда айбдор топилди

Сурат манбаси, BBC.COM/Uzbek
Сирдарё вилоят аппелляция суди собиқ Мирзаобод тумани ҳокимини жиноят содир этишда айбдор деб топилган ҳукмни кучда қолдирди.
2020 йил ноябридан 2023 йил октябригача Мирзаобод туманининг ҳокими лавозимида ишлаган Жонибек Яриев мансаб ваколатларини суиистеъмол қилган ҳолда давлат ва жамият манфаатларига катта миқдорда зарар етказишда айбдор деб топилди.
Аппелляция суди собиқ ҳокимга тайинланган 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ўз кучида қолдирди, 28 миллион сўмдан ортиқ жарима белгилади, икки йилга мансабдор ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлашини тақиқлади.
Терговда аниқланишича, собиқ Мирзаобод ҳокими Жонибек Яриев Сардоба сув омбори ёрилишидан кейин қурилган уй-жойларни тақсимлашда қонун бузилишларига йўл қўйган.
Суд қарорига кўра, сув омбори ёрилиб сув босиши оқибатида уй-жойи бузилган ёки уйи яшашга яроқсиз ҳолатга келган фуқаролар янги турар-жой билан таъминланиши лозим эди.
Бироқ собиқ ҳоким айрим одамларга икки марта уй-жой ажратган.
Айрим фуқароларга бино уй-жой тақсимлашга ҳуқуқ берадиган қарор ва ордерларсиз ҳам берилган.
"Шу тариқа, давлат қурилиши ҳисобига қурилган, ҳар бири 375,6 миллион сўм қийматдаги хонадонлар ноқонуний равишда бериб юборилган", деб ёзди gazeta.uz












