Европа Иттифоқи Ўзбекистондан ислоҳотлар талаб қиладими, taftish.uz журналистлари нега ИИБга олиб кетилди?

Сурат манбаси, president.uz
- Author, BBC Янгиликлар бўлими
- Ўқилиш вақти: 4 дақ
Нuman Rights Watch Европа Иттифоқини Ўзбекистондан инсон ҳуқуқлари борасида ислоҳотлар талаб қилишга чақирди. Президент Мирзиёевнинг Европага ташрифи арафасида Тошкентдаги мустақил журналистлар ички ишлар ходимларининг босимларига дуч келганини айтиб чиқишди. ИИВ рад қилмоқда.
"Ислоҳот талаб қилинг"
Брюссел Ўзбекистон билан ҳамкорликни чуқурлаштириш билан бирга ислоҳотлар талаб қилиши лозим, демоқда Human Rights Watch (HRW).
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 24 октябр куни Брюсселга юқори даражадаги ташриф билан келди. У ерда Европа Иттифоқи билан янги ҳамкорлик келишувини имзоланди. Ташриф ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тарихий дейилмоқда ва икки томон ўртасидаги муносабатларнинг янги босқичини белгилаб берилиши таъкидланмоқда.
HRWнинг айтишича, "Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида"ги битимда демократия тамойиллари, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларга ҳурмат "асосий элемент" сифатида белгиланган бўлса-да, сўнгги олти йил давомида, яъни музокаралар бошланганидан буён мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари ҳолати кўплаб соҳаларда ёмонлашган.
Hukumat faollar, blogerlar va boshqa mustaqil shaxslarga nisbatan "internetda prezidentni haqorat qilish" kabi asossiz jinoyat ayblovlarini qo‘llab kelmoqda.
Ташкилотнинг айтишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукумати мустақил фуқаролик фаолияти ва сўз эркинлигига нисбатан чекловларни кучайтирди. Ҳукумат фаоллар, блогерлар ва бошқа мустақил шахсларга нисбатан "интернетда президентни ҳақорат қилиш" каби асоссиз жиноят айбловларини қўллаб келмоқда.
"Камида икки блогер ўз эркинлиги, хавфсизлиги ва соғлиғи ҳуқуқларини бузган ҳолда мажбурий равишда руҳий шифохонага жойлаштирилган. Нодавлат ташкилотлар учун ортиқча ва оғир рўйхатдан ўтиш талаблари сақланиб қолган, мустақил гуруҳлар эса ҳали ҳам расман рўйхатдан ўта олмаяпти", дейилади ташкилот баёнотида.
HRWнинг таъкидлашича, Ўзбекистон пахта соҳасида давлат томонидан мажбурий меҳнатни тугатган бўлса-да, фермерлар ва қишлоқ хўжалиги ишчилари учун эркин уюшмалар тузиш ҳуқуқига чекловлар ҳамон мавжуд.
Инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, ҳуқуқий кафолатлар ва қонун устуворлиги барқарор савдо ва хавфсизлик ҳамкорлигини таъминлаш учун муҳим.
"ЕИ парламенти ва келишувни ратификация қилиши керак бўлган аъзо давлатлар фуқаролик фаолиятига босимлар, сўз ва йиғилиш эркинлигига чекловлар ёки мажбурий меҳнат хавфи икки томонлама муносабатларни хавф остига қўйишини очиқ айтиши керак", дейилади баёнотда.
Журналистлар нега ИИБга олиб кетилди?

Сурат манбаси, IIV
Президент Шавкат Мирзиёевнинг самолёти Европага ташриф учун Тошкентдан кўтарилиш арафасида Ўзбекистондаги taftish.uz нашри тасвирчи ва журналистлари ўз касбий фаолияти билан шуғулланаётган вақти Юнусобод туман ички ишлар органи ходимлари қаршилигига дуч келгани ва асоссиз равишда ички ишлар бошқармасига олиб кетилгани ҳақида хабар берди.
"Текширув жараёнида нашрга тегишли видео ва фото техника воситаларининг бир қисми синдириб ташланган, шунингдек, журналистларнинг қўл телефонлари ноқонуний равишда олиб қўйилган", дейилади нашр баёнотида.
Нашр "бу воқеа — фуқароларнинг шикоятларида тилга олинган айрим мансабдор шахслар ёки давлат идоралари вакилларининг босими натижаси бўлиши мумкин", дея даъво қилган.
Кейинчалик ИИБ биноси олдидан чиқиш қилган журналистларнинг адвокати ҳимоясидаги шахсларнинг олдига киролмаётганидан шикоят қилган.
Аммо ўша куннинг ўзида, Тошкент вақти билан тунги 11:12 да нашрнинг ИИБга олиб кетилган журналистлари Маржона Эшқувватова ва Азизбек Йўлдошевларнинг видеосини жойлаб ҳаммаси жойида эканлиги ва уларнинг фаолияти давом этишини билдирди.
Видео мурожаатда Маржона Эшқувватова "бизга куч ишлатганларга нисбатан чоралар кўрилиши тўғрисида бизга у ерда ваъдалар берилди", деб айтди.
Нашрга тегишли видео ва фото техника воситаларининг бир қисми синдириб ташланганини даъво қилган Taftish.uz уларнинг ҳолати акс этган бирор тасвир илова қилмаган.
"Ҳақиқатга тўғри келмайди"
ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов "Тафтиш.уз" канали икки мухбирига нисбатан тарқалаётган ахборот ҳақиқатга тўғри келмайди", деб чиқди.
Журналистлар идорада ушлаб турилган вақти чиқарилган Ғиёсовнинг баёнотида айтилишича, воқеа 23 октябр куни Тошкент шаҳри Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ўтказилаётган сайёр қабул жараёнида бўлиб ўтган.
Шоҳрух Ғиёсовнинг айтишича, "интернет нашри вакиллари ва сайёр қабулга келган бошқа фуқаролар ўртасида жанжал келиб чиққан".
"Ҳолат юзасидан фуқаролар томонидан 102 қисқа рақамига йўлланган мурожаат бўйича воқеа жойига етиб борган ИИО ходимлари вазиятга аниқлик киритиш мақсадида, жанжал иштирокчиларининг барчасини ИИБга олиб келиб, суҳбат ўтказганлар" дейилади баёнотда.
Ғиёсов Ички ишлар органлари ходимларининг ҳаракатларини жамиятда икки субъект ўртасида келиб чиққан низоли вазиятга нисбатан амалга ошириладиган ҳуқуқий жараён, деб ҳисоблаган.
"ОАВларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик каби важларга умуман алоқаси йўқ".
Шоҳрух Ғиёсов taftish.uz канали канали маъмурларининг "журналистларга суиқасд", "зўравонлик ишлатилган", "асоссиз равишда олиб кетилган", "техникасини бир қисми синдирилган" каби сўзларини жамоатчиликни чалғитувчи маълумотлар сифатида баҳолаган ва уни тарқатмасликни сўраган.
Президент ҳимоясида
Кузатувчилар Шавкат Мирзиёев 2016 йилда давлат раҳбари бўлиб келганидан сўнг сўз эркинлиги борасида ҳам Ўзбекистонда ўзгаришлар бошлангани эътироф этишади.
Шавкат Мирзиёев қонуний фаолият юритаётган барча журналист ва блогерлар қонун ва президент ҳимоясида бўлишини қайта-қайта айтиб келади.
Бироқ фаоллар сўз эркинлиги борасида Ўзбекистон вазият яхшиланмаётганидан шикоят қилишади.
2023 йилнинг март ойида Ўзбекистондаги ва хорижда бўлиб турган ўнлаб фаол ва журналистлар президентга очиқ мурожаат билан чиқишди.
Унда вазият яхши томонга ўзгармаётгани айтилган.
"Матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти. Журналистлар ўзлари истаган оҳангда вазиятни кўрсата олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим қилиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда", дейилганди унда.
Мурожаатда Президент Мирзиёевдан Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишни, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам бериш сўралган.
Ўзбекистонда сўз эркинлигини ҳимоя қилиш ва журналистларга босимни тўхтатиш чақириғига Президент ўрнига Журналистлар уюшмаси жавоб берган.
"Холислик ва адолат бош мезон бўлсин" сарлавҳаси остида ёзилган матн уюшманинг веб саҳифасига жойланган ва унда мурожаатдаги фикрлар рад қилинган.
Муносабатда Ўзбекистонда очиқлик сиёсати ва сўз эркинлиги устувор эканлиги таъкидланган.
"Очиғи, ушбу мурожаат бундан 7-8 йил аввал эълон қилинганда эди, эҳтимол бирор фикр билдиришга ҳожат бўлмас эди. Негаки, бугун юртимизда очиқлик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги устувордир", деган Каримов даврига шама қилгани айтилаётган ташкилот.
Уюшма бирор таҳририят ва мустақил журналистларга босим бўлаётганига гувоҳ бўлмаганини ёзган.












