Туркия ва Арманистон раҳбарларининг тарихий учрашуви: Қорабоғ уруши армани геноциди мавзусига нуқта қўйдими?

Пашинян ва Эрдўған

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Пашинян бир неча йилдан буён Туркия Президенти Эрдўған билан муносабатни йўлга қўйишга интилади(икки раҳбарнинг ўтган йил сентябрида Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясидаги учрашуви)
    • Author, Григор Атанесян
    • Role, Би-би-си
  • Ўқилиш вақти: 4 дақ

Туркия президентининг таклифига биноан Арманистон бош вазирининг Туркияга бораётгани — икки давлат раҳбари ўртасидаги бундай даражадаги илк учрашувдир. Бош вазир Никол Пашинян муносабатларни тезроқ нормаллаштиришга интилаётган бўлса, Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бу жараённи Арманистоннинг Озарбайжон билан ярашиши шарти билан боғлаяпти.

Икки мамлакат мавқеъларининг яқинлашуви Пашинян томонидан қилинган катта ён босишлардан кейин бошланди. Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олиш, қўшниларга нисбатан ҳудудий даъволардан воз кечиш ва 100 йил олдинги армани геноциди масаласини кун тартибидан олиб ташлаш Арманистон ва Туркия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги чегараларни очиш учун тўсиқлар қолмаганини англатади.

Алоқадор мавзулар

Бироқ Анқаранинг олдиндан қўйган шарти бор — аввал Арманистон ва Озарбайжон ўртасида тинчлик шартномаси имзоланиши керак.

Аммо бу музокаралар боши берк кўчага кириб қолган.

Арманистон дипломатиясининг бугунги вазифаси — ушбу икки жараённи бир-биридан ажратиш.

Пашинян билан Эрдўғаннинг учрашуви натижалари Туркия буни амалга оширишга тайёрми-йўқми, деган саволга ойдинлик киритади.

Дунё чорраҳаси ва ўтмиш яралари

Ереванда Туркия ва Озарбайжон байроқларининг ёқилиши

Сурат манбаси, AFP

Сурат тагсўзи, Пашинян Ереван шаҳридаги арманилар қирғинини хотирлаш маросимида Озарбайжон ва Туркия байроқлари ёқилганини қоралади

Арманистон ҳукумати Озарбайжон ва Туркия билан ярашишни ва ўзаро даъволардан воз кечишни истайди. Шу мақсадда у муносабатларга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. Масалан, Пашинян Арарат тоғини республика рамзи сифатида ишлатишдан воз кечди, чунки у Туркия ҳудудида жойлашган. Яна бир рамзий қадам — Эрдўғаннинг илтимосига биноан Арманистон Фаластинни суверен давлат сифатида тан олди.

Арманистон тезроқ ярашиш бутун Жанубий Кавказ ва унинг қўшниларига моддий фойда келтиради демоқда. Пашинян минтақадаги барча давлатлар ўртасида чегараларни очиш ва иқтисодий тўсиқларни бекор қилишни хоҳлайди. У Арманистонни "дунё чорраҳаси" сифатида кўради — бу ердан йўллар, газ қувурлари, кабеллар ва электр узатиш тармоқлари ўтиб, Озарбайжон, Грузия, Эрон ва Туркияни боғлайди. Ушбу режа Қора денгиз ва Форс кўрфази, Каспий ва Мармар денгизлари ўртасидаги энг қисқа йўлни ваъда қилади.

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Дипломатик муносабатлар ўрнатиш ва чегараларни очиш уринишлари янгилик эмас — 2009 йили Туркия ва Арманистон раҳбарлари муносабатларни нормаллаштириш ҳақидаги ҳужжатларни имзолаган эдилар. Аммо бу жараён Қорабоғ можароси, Арманистоннинг 1915 йилдаги оммавий қирғинларни геноцид сифатида халқаро тан олинишига эришиш уринишлари ва чегара масаласидаги келишмовчиликлар туфайли барбод бўлган эди.

"Бунда асосий ролни Туркиянинг ушбу битимларни ратификация қилмаслигига эришган Озарбайжон ўйнаган эди", деб ёзган эди Қорабоғ можароси бўйича тарихчи Том де Вал. Ереванда эса шунга ўхшаш кампанияни армани миллатчилаар ва диаспора вакиллари олиб бордилар, улар Туркия геноцидни тан олсин деган талабни қўйдилар.

Ўшандан буён минтақадаги кучлар мувозанати ўзгарди. Озарбайжон армияси Қорабоғ устидан назоратни тиклади ва Пашинян Қорабоғни Озарбайжоннинг бир қисми сифатида тан олди. Чегара масаласи ҳам кун тартибидан туширилди — энди Арманистоннинг қўшниларга нисбатан ҳудудий даъволар йўқ.

Пашинян 1915 йил масаласида ҳам ўтмиш билан алоқани узди. Шу йил март ойида турк журналистлари билан учрашувда у "армани геноцидининг халқаро тан олиниши бугун ташқи сиёсатимизда устувор йўналиш эмас", деди. Унинг таъкидлашича, бугунги устувор вазифа — қўшнилар билан тинчлик, ўтмиш фожиалари ҳақидаги баҳслар эмас.

"Дунё чорраҳаси" лойиҳасининг презентацияси

Сурат манбаси, Press office of the Government of Armenia

Сурат тагсўзи, Арманистон дунё чорраҳаси бўлишни истайди, аммо бу борада қўшнилари Арманистонга ёрдамга шошилаётганлари йўқ

Расман Ереван 1915 йилда Усмонли империясида арманлар ва бошқа насроний фуқароларнинг оммавий ўлдирилишини геноцид деб ҳисоблашда давом этмоқда, буни тарихчиларнинг кўпчилиги қўллаб-қувватлайди. Халқаро геноцид тадқиқотчилари уюшмаси (IAGS) маълумотларига кўра, қурбонлар сони бир миллиондан ортиқ бўлган. Аммо Анқара буни геноцид эмас, балки ҳар икки томон — ҳам арманилар ва ҳам турклар қурбон бўлган қирғин деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, Арманистон ташқи сиёсатининг асосларидан воз кечиши, Қорабоғни Озарбайжонники деб тан олиши ва мавжуд чегараларни қабул қилиши Ереван ва Анқара ўртасида принципиал келишмовчиликлар қолмаганини англатади.

Шундай бўлса ҳам Эрдўғон ҳукумати бир неча бор таъкидладики, аввал Арманистон Озарбайжон билан тинчлик шартномасини имзоласин, ана ундан кейин нормаллаштириш ҳақида гапириш мумкин. Аммо Ереван ва Боку ўртасида ҳали ҳам чуқур келишмовчиликлар мавжуд.

Пашиняннинг вазифаси — дипломатик бурилишга эришиш ва Туркия билан нормаллашув жараёнини бошлаш, бу жараённинг Озарбайжон сулҳидан айрилигига эришишдир.