Халқаро Амнистия Исроилни геноцидда айблади

Ғазода ярадор кекса аёлни кўтариб олиб кетаётган икки йигит

Сурат манбаси, AFP

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро Амнистия ташкилоти Исроилни Ғазода фаластинликларга қарши геноцид жиноятини содир этишда айблаган ҳисобот эълон қилди.

Айбловни Исроил кескин рад этади.

Британияда жойлашган инсон ҳуқуқлари ташкилоти айтишича, ташкилотнинг ушбу хулосаси Исроил расмийларининг "ноинсонпарвар ва геноцидли баёнотлари", рақамли суратлар ва гувоҳларнинг кўрсатмаларига асосланган ва бу ҳисобот халқаро ҳамжамият учун "уйғотишга чақириқ" бўлиб хизмат қилмоғи лозим.

Исроил ташқи ишлар вазирлиги 295 саҳифалик ҳисоботни "буткул сохта ва ёлғонларга асосланган" ҳисобот деб таърифлади, Исроил ҳарбийлари эса иддаолар ўзлари дуч келиб турган "операционал реалликка мос келмайдиган" буткул асоссиз иддаолар деб муносабат билдирди.

Айни вақтда маҳаллий шифокорлар Исроилнинг Ғазога зарбаси оқибатида камида 50 фаластинлик ҳалок бўлди деб хабар бердилар.

Булар орасида энг кўп қурбон Малавий чодир шаҳарчасида тўпланган, яшаш жойидан кўчган инсонлар орасида бўлган.

Исроил у ерда Ҳамас жангариларини нишонга олдик дейди.

Халқаро Амнистия ташкилотига кўра, ойлаб давом этган тадқиқот Исроил "фаластинликларга қарши геноцид содир этган ва содир этишда давом этаяпти деган хулосага келишга етарли асос топган.

Нацистлар Холокостда яҳудийларни оммавий қирғин қилгари ортидан қабул қилинган 1948 йилги Геноцид Конвенцияда геноцид шундай таърифланади: "миллий, этник, ирқий ёки диний гуруҳни тўлалигича ёки бир қисмини йўқ қилиш мақсадида содир этилган амаллар".

Халқаро Амнистия бош котиби Агнес Калламард айтишича, Исроилнинг амаллари, хусусан, "қотилликлар, тана ёки руҳий жиддий шикаст етказишлар ва Ғазода фаластинликларга атайин яратилган ҳаёт шароитлари жисмоний йўқ қилиш ҳисоб-китоби" билан қилинган.

"Ой сайин Исроил Ғазода фаластинликларга инсон ҳуқуқларига мос бўлмаган ва қадри йўқ одам бўлмаган(subhuman) гуруҳ сифатида муомала қилди, бу билан уларни жисмонан йўқ қилиш ниятида эканини намойиш этди", деди Калламард хоним.

Халқаро ташкилотнинг ушбу ҳисоботи БМТнинг энг юқори маҳкамаси - Ҳаагадаги Халқаро Адолат суди Жанубий Африканинг Исроилнинг Ғазода геноцид содир этаётгани ҳақидаги даъволарини тергов қилаётган бир пайтда эълон қилинди.

Исроил ушбу суд ишини "буткул асоссиз" ва "бир ёқлама ва сохта даъволарга асосланган" деб таърифлади.

Халқаро Амнистиянинг айбловларига муносабат билдирган Исроил Ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Орен Мармортсен инсон ҳуқуқлари ташкилотини "аянчли ва фанатиклар ташкилоти" деб таърифлади.

"Геноцид қирғини 2023 йил 7 октябрида Ҳамас террорчи ташкилоти томонидан Исроил фуқароларига нисбатан содир этилган, деб айтган Орен Мармортсен, Исроил ўзини "халқаро қонунларга тўла риоя қилган ҳолда" мудофаа қилаяпти, деди.

Исроил ҳарбийлари айтишича, Ғазодаги Ҳамас ҳарбий инфратузилмасини йўқ қилиш мақсадида фаол ишлаяпти ва "амалиётлари чоғида тинч фуқароларга шикастни камайтириш учун барча имконли чораларни кўраяпти".

15 ой олдинги Ҳамас етакчилигидаги Исроил жанубига ҳужумлар оқибатида аскари тинч фуқаролар бўлган қарийб 1200 исроиллик ҳалок бўлган, бу Ғазо урушига сабаб бўлган эди.

Ўшандан буён Ҳамас юритадиган тиббиёт расмийлари тақдим этган ва БМТ ишончли деб биладиган маълумотларга кўра Ғазода камида 44,532 инсон ҳалок бўлди, уларнинг аксари тинч фуқаролардир.

Ғазодаги Малавий чодир шаҳарчаси Исроил зарбасидан кейин
Сурат тагсўзи, Шифокорлар Малавий чодир шаҳарчасида камида 50 инсон ҳалок бўлди, дейдилар

4 декабр куни бутун Фаластин ҳудудлари бўйлаб ҳуужумларини давом эттирди.

Хон Юнисдаги яшаш жойидан кўчган одамлар вақтинча бошпана топган Ал-Малавий чодир жамлоғига ҳаво ҳужуми оқибатида камида 23 инсон ҳалок бўлган. Ижтимоий тармоқларда ярим тунда ёнғин билан курашаётган одамлар акс этган видео тарқалган.

У ерга яқин Носир шифохонасида Би-би-сининг маҳаллий видео оператори қонга беланган болалар ва ногирон эркак ярадорлар олиб келинганини тасвирга олган.

Икки боланинг жасади кўрпаларга ўраб олиб келинган.

Исроил ҳарбийлари айтишича, ҳужум гуманитар зонада ҳаракат қилган Ҳамас аъзосини нишонга олган.

"Ҳужум ортидан иккинчи портлаш аниқланди, бу нарса ҳудудда қурол-яроғ бўлганидан дарак беради", деди Исроил ҳарбийлари ўз баёнотида.

Исроил ҳарбийлари "тинч фуқароларга шикаст рискини камайтириш" чораларини кўрганини айтади, Ҳамас "ўзининг террорчилик фаолиятида тинч фуқаролардан инсоний қалқон сифатида фойдаланаяпти", деб айблади.

Би-би-си қўлга киритган видеода ҳужумдан кейин одамлар куллар орасидан егуликларни териб олаётгани тасвирланган.

"Ҳужум огоҳлантиришсиз бўлди ва катта қирғин қилди. Бу ерда ҳар жойдан одамлар бор - Рафаҳдан ҳам, шимолдан ҳам. Одамлар бу ерга хавфсиз жой қидириб келган", деди Муҳаммад Абу Шаҳли.

Бошидаги яраси боғлаб қўйилган Абдул Раҳмон Жамоа сўзларига кўра, оиласининг етти аъзоси, шу жумладан, отаси ва уч иниси ҳалок бўлган.

"Исроил айтган хавфсиз жой йўқ бу ерда. Бу гаплар ҳаммаси ёлғон. Бизни Худонинг ўзи асрасин!, деди Абдул Раҳмон.