Нетаняҳуни ҳибсга олиш қарори адолатлими ёки антисемит?

фаластинликлар

Сурат манбаси, Reuters

    • Author, Фрэнк Гарднер
    • Role, BBC, Қуддус
  • Ўқилиш вақти: 3 дақ

Халқаро Жиноят Суди (ХЖС) томонидан Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу ва собиқ мудофаа вазири Йоав Галлантга нисбатан ҳибсга олиш буйруғи чиқарилгани Исроил сиёсий доиралари бўйлаб қаттиқ норозиликка сабаб бўлди.

Бошқа томондан эса, ушбу қарор ҲАМАС, Фаластин Исломий жиҳод ҳаракати ва Ғазодаги оддий фуқаролар томонидан олқишланди.

Исроил Президенти Исҳоқ Герцог буни “адолат ва инсоният учун қоронғу кун” деб атади ва қарор “демократия ва эркинлик ўрнига террор ва ёмонлик томонни танлади”, дея муносабат билдирди.

Алоқадор мавзулар:

Ушбу қадамни “антисемит қарор” деб баҳолаган Нетаньяҳу идораси Исроил “нотўғри ва абсурд айбловларни тўлиқ рад этишини” таъкидлаб, ХЖСни “тарафкаш ва сиёсий томонларни қўллайдиган орган” деб атади.

Кнессетнинг Ташқи ишлар ва мудофаа қўмитаси раиси Юлий Эдельштейн эса бунга “исломий манфаатлар асири бўлган сиёсий органнинг шармандали қарори” деб баҳо берди. Исроил ташқи ишлар вазири эса ХЖС ўз легитимлигини йўқотганини айтди.

ҲАМАС бу қарорни, ўзининг ҳарбий қўмондони Муҳаммад Дейфга нисбатан буйруқ чиқарилганига изоҳ бермасдан, қўллаб-қувватлади.

Баёнотда шундай дейилади: “Биз дунёдаги барча давлатларни сионистик жанговор жиноятчилар – Нетаньяҳу ва Галлантни жавобгарликка тортишда Халқаро Жиноят Суди билан ҳамкорлик қилишга ва Ғазо секторида ҳимоясиз фуқароларга қарши геноцидни дарҳол тўхтатиш учун ҳаракат қилишга чақирамиз”.

Ҳуқуқшунослар Нетаняҳу ва Галлант маҳкамага тортилишига шубҳа билан қарашяпти

Сурат манбаси, Reuters

Сурат тагсўзи, Ҳуқуқшунослар Нетаняҳу ва Галлант маҳкамага тортилишига шубҳа билан қарашяпти

Ғазодаги оддий фаластинликлар ҳам ушбу қарорни очиқ юз билан кутиб олдилар. Ғазони ташлаб чиқишга мажбур бўлган ва ҳозирда Дайр ал-Балахда истиқомат қилаётган 40 ёшли Муҳаммад Али шундай дейди:

“Биз қўрқитилдик, оч қолдирилдик, уйларимиз вайрон қилинди, болаларимиз, ўғилларимиз ва яқинларимизни йўқотдик. Биз бу қарорни олқишлаймиз ва, албатта, ХЖС қарорлари амалга ошишига умид қиламиз”.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Опаси ўтган ой Исроил қўшинлари томонидан ўлдирилган Мунира ал-Шами ХЖС қарорини “тенгсиз қурбонлар учун, жумладан, менинг опам Вафо учун ҳам адолат” деб атади.

Шунингдек, айрим исроиллик фуқаролар ҳибсга олиш буйруқлари Исроилнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига қарши эканини айтишди.

“Мен ушбу қарордан унчалик ҳам ажабланмадим”, дейди Рон Аккерман, ХЖСни “тўлиқ антисемитик орган” дея таърифлар экан. Унинг сўзларига кўра, суд фақат Исроилга нисбатан ҳақоратли ёндашув қилади.

Иерусалимлик Ҳелен Карив эса “Буни биринчи марта эшитганимда, ‘Худойим, улар Исроил давлати бош вазири ва унинг бош қўмондонларини ҳибсга олиш ғоясини қаердан олишди экан?’ дедим... Биз ахир омон қолиш учун курашаётган эдик”, дейди.

Ҳибсга олиш буйруқлари қандай ишлайди?

Getty Images
Biz qo‘rqitildik, och qoldirildik, uylarimiz vayron qilindi, bolalarimiz, o‘g‘illarimiz va yaqinlarimizni yo‘qotdik. Biz bu qarorni olqishlaymiz.
Muhammad Ali
G'azolik (Batafsil: bbc.com/uzbek)

ХЖСга умумий 124 мамлакат аъзо бўлган, жумладан, Буюк Британия ҳам, лекин АҚШ, Россия, Хитой ва Исроил унга аъзо эмас.

Шунинг учун, техник жиҳатдан, агар Нетаньяҳу ёки Галлант ушбу аъзо мамлакатлардан бирида бўлса, улар ҳибсга олиниб, судга топширилиши шарт.

Бироқ халқаро ҳуқуқшунослар бу шахсларнинг Гаагадаги судга олиб келиниши эҳтимолига шубҳа билан қарамоқда.

Нетаньяҳу охирги марта Исроилдан ташқарига июль ойида АҚШга сафар қилган.

У ўтган йил март ойида Британияга, шунингдек, бошқа бир нечта мамлакатларга ташриф буюрган эди. Бироқ келгусида бу мамлакатларга режалаштирилувчи ташрифлар билан таваккал қилиши эҳтимолдан анча йироқ.

Нидерландия Ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп мамлакати ҳибсга олиш буйруғи бўйича ҳужжат тайёрлаётганини айтди.

Сурат манбаси, EPA-EFE/REX/Shutterstock

Сурат тагсўзи, Нидерландия Ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп мамлакати ҳибсга олиш буйруғи бўйича ҳужжат тайёрлаётганини айтди.

ҲАМАС эса Иброҳим ал-Масрийга нисбатан чиқарилган буйруқдан энди камроқ қўрқиши мумкин. Исроил унинг ўтган йили ўлдирилганини тахмин қилган бўлса-да, ҲАМАС томонидан бу ҳали ҳам тасдиқланмаган.

ХЖС қўлга олишни эълон қилган ҲАМАСнинг яна икки шахси – Яҳё Синвар ва Исмоил Ҳания эса аллақачон вафот этган.

Шубҳасиз, ХЖСнинг ушбу қарори Исроилнинг халқаро мавқеига, қайд этиб ўтилган икки шахсга, айниқса, Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳужумларини “яхшилик ва ёмонлик ўртасидаги кураш” сифатида талқин этиш ҳаракатларига қарши кучли зарба бўлди.

Исроилликлар учун дунё ҲАМАСнинг ўтган йил 7 октябрида содир этган бузғунчилиги ва ваҳшийликларини аллақачон унутиб юборгандек ёки кўрмасликка олаётгандек туюлмоқда.

Фаластинликлар, айниқса, ғазоликлар эса дунё уларнинг овозларини эшитишни бошлаётганидан мамнунликни ҳис қилмоқдалар.