Дунё, янгиликлар: Ўзбекистон еридан қанчаси қаровсиз ҳолда, Чехияда йирик намойишлар ва Ким Чен Ин оммавий ўйинлардан нега норози?

President.uz

Сурат манбаси, President.uz

Ўзбекистон: 450 минг гектар ер яроқсиз аҳволга келиб қолган

Видео тагсўзи, Ўзбекистон: Мирзиёев, ислоҳотлар ва коррупция

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Шавкат Мирзиёев 4 июнь куни қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказган.

Йиғилишда сўнгги 30 йил давомида ирригация тармоқларига эътибор берилмагани ва ерга хўжасизларча муносабатда бўлиш оқибатида 450 минг гектар суғориладиган майдонлар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолгани таъкидланган.

Шунингдек, ўзлаштириш имкони бўлган 1 миллион гектардан ортиқ майдон мавжудлиги қайд этилган.

Президент Мирзиёев ушбу ерларни ирригация ишларини бажариш ва сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш, кам сув талаб қиладиган экинлар экиш ҳисобига ўзлаштириш чораларини кўришга кўрсатма берган.

"Халқаро тажриба асосида фойдаланишдан чиққан ерларни давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўзлаштириш тартибини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди," дейилади хабарда.

Прагада ўн минглаб одам Бош вазир истеъфосини талаб қилмоқда

Сешанба куни Чехия пойтахти Прагадаги Ватслав майдонига юз мингдан зиёд норозилар тўпланган.

Сурат манбаси, EPA

Сешанба куни Чехия пойтахти Прагадаги Ватслав майдонига юз мингдан зиёд норозилар тўпланган.

Чехияликлар Европа Иттифоқи дотацияларини ноқонуний ишлатишда айбланаётган Бош вазир Андрей Бабиш истеъфосини талаб қилмоқда.

Ташкилотчилар сўзларига кўра, норозилик намойишида 120 мингга яқин одам иштирок этган.

Агар ушбу рақамлар расман тасдиқланса, у ҳолда бу 1989 йилда юз берган Бахмал Инқилобидан бери Чехиядаги энг йирик норозилик намойишига айланади.

Намойишчилар Бош вазирнинг «Йўқол!» сўзи туширилган суратларини кўтариб чиқишган.

Собиқ коммунист Андрей Бабиш 2017 йилда евроскептизм кайфияти ва аксил-коррупция ваъдалари билан ҳокимиятга келган эди. У бойлиги бўйича Чехиядаги иккинчи шахс ҳисобланади.

Жаноб Бабиш Европа Иттифоқи томонидан берилган субсидиялардан фирибгарлик йўли билан фойдаланишда айбланмоқда. Ўтган жума куни матбуотда Еврокомиссия ҳисоботининг қоралама нусхаси пайдо бўлган. Ҳисобот муаллифлари Бош вазир ўн миллионлаб еврога тенг субсидияларни Европа Иттифоқига қайтариши шарт, деган хулосага келган.

Жаноб Бабиш бу айбловларни «қип-қизил ёлғон» деб атаган.

Ким Чен Ин оммавий ўйинларни танқид қилди

Шимолий Корея

Сурат манбаси, KCNA

Раҳбар Кимнинг ҳисоблашича, Шимолий Кореядаги асосий пропаганда тадбирларидан бири бўлмиш Оммавий ўйинлар сохта яратувчанлик руҳи ва ишга лоқайд муносабатни юзага келтирмоқда.

Бундай оммавий тадбир ҳар йили ўн минглаб одам иштирокида бўлиб ўтади.

Оммавий ўйинлардан асосий мақсад - халқ руҳини кўтариш. Бироқ жаноб Ким пропаганда тадбирлар руҳидан қониқмаётганини таъкидлаган.

Экспертлар фикрига кўра, раҳбар Кимнинг пропагандани янада оширишни талаб қилиши бир қарашда кутилмаган янгилик бўлиши мумкин, аммо АҚШ билан музокараларнинг боши берк кўчага кириб қолиши ортидан Пхенян яна ўз қобиғига биқина бошлаганини тушуниш мумкин.

Вашингтон ва Сеул билан музокаралар бошланган вақтда Шимолий Корея ўзининг анъанавий душманларига қарши танқид даражасини бироз пасайтирган эди.

Лекин раҳбар Кимнинг пропагандани кучайтиришга даъвати АҚШ билан дипломатик мулоқот қайта савол остига тушиб қолганини англатиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek