Американинг президентлари ҳам тавба қилишадими?

Америка президентлари доим ҳам ўз хатоларини тан олишавермайди.
Аммо ўтган ҳафта Барак Обама ўз хатосини тан олишга журъат қилди.
Оқ Уйдаги энг ёмон хатолари ҳақида сўралганида Обама, полковник Қаддофийдан кейин Ливия нималарга юз тутишини аввалдан сарҳисоб қилиб кўрмаганини айтди.
Қаддофийнинг ағдарилиши Ливияда ҳамон давом этаётган сиёсий инқирозга сабаб бўлди.
Америка президентлари учун бу каби эътирофлар камдан кам рўй берадиган ҳолатлардир.
Албатта, бу каби ноёб иқрорлар ортида президентларнинг ўзларини яхши кўришлари, ожизликларини яширишлари ва ўз рақибларининг ҳақ бўлганларини тан олишни истамасликлари билан боғлиқ.
Одатда бу каби иқрорлар президентлар ўз ваколатларини якунлаётган вақтда ёки умуман “собиқ президент” бўлишганида қилинади.
Шунда ҳам, яна Обамага қайтсак, демак у Ливияда Қаддофийдан кейин нима бўлади деган саволга жавоб бермасдан амал қилганидан афсусда экан...лекин, президентликда сўнгги йили қолган Обамага кўра, Ливия ишларига аралашиш умуман тўғри қарор бўлган.
Оммавий қирғин қуроли

Сурат манбаси, AP
Американинг Обамадан аввал президенти бўлган Жорж Буш ўз вақтида Ироқда оммавий қирғин қуроллари бор деган жосуслик маълумотларига ишонганидан афсусда эканини айтганди.
Буш маъмурияти Ироққа ҳарбий истило қарорини айнан ана шу нотўғри жосуслик маълумотларига таяниб берган эди.
Кейинроқ эса Саддам Ҳусайн режими кимёвий ва бактериологик қуролларга эга даъво чиппакка чиқди. Рад этилди.
Шунга қарамай Жорж Буш 2008 йилда ўз суҳбатида, агар Ироқда оммавий қуроллар йўқлигини билса, балки бу мамлакатга ҳужум қилмасмиди деган саволга аниқ жавоб бермаганди.
Буни тан олишни истамаганди.
Суҳбат сўнггида эса у“мен президентлик курсисини бошимни тик тутиб, ғурур билан тарк этмоқдаман”, деганди...
"Бу аёл...”

Сурат манбаси, GETTY IMAGES
Президентликдан кетганидан кейин Билл Клинтон бутун умри давомида Руандадаги қатлиом учун масъулият ҳисси билан яшаши ҳақида айтганди. Руандадаги қатлиом Клинтон президентлигининг биринчи тўрт йиллигида рўй берганди.
У шунингдек, 1994 йилда жиноий ишлар учун жазони кучайтириш ҳақида қонун таклифини киритганидан афсусда эканини айтган эди.
Унинг тан олишича, бу қонун жиноятчилик даражасини камайтирмаган, қайтаган вазиятни ёмонлаштирган.
Аммо унинг энг машҳур иқрори 1998 йилда қилинган. Клинтон Оқ Уйда тажриба орттириш учун келган ёш Моника Левински билан ўз алоқаси ҳақида ҳақиқатни яширгани учун импичмент хавфи билан рўпара келган эди. У бир неча ой давомида Левински билан ҳар қандай алоқаларни рад этиб келаётганди.
Кейин... “Мен кўпчиликни чалғитдим бу масалада, жумладан ўзимнинг турмуш ўртоғимни ҳам...Бундан жуда афсусдаман”.
Янги солиқлар бўлмайди

Сурат манбаси, Reuters
Бунақа ваъдани Жорж Бушнинг отаси, катта Буш ўз сайловолди кампаниясида бериб қўйган эди.
Айнан шу ваъда амалга ошмагани учун у иккинчи муддатга сайлана олмади.
1988 йилда сайловолди кампаниясида у “ менинг давримда янги солиқлар киритилмайди” дейди.
Аммо бу ваъда ҳаётга татбиқ қилинмайди. 1992 йилда у яна ўз номзодини қўяди ва “ шундай деган эдим, бундан надоматдаман” дейди.
Лекин кеч эди...Бу ваъда уни қандай қудратга келтирган бўлса, худди шундай қудратдан мосуво қилди...
'Юрак ва фактлар”

Сурат манбаси, AFP
Роналд Рейган “Ирангейт” деб номланган иш бўйича ўз надоматларини билдирган эди.
Бу 1980 йилларнинг иккинчи ярмида рўй берганди. Ўшанда жазо чораларига қарамай, Америка ўз қуролларини махфий равишда Эронга етказиб берганди.
Бу билан АҚШ олинган америкаликларни қутқариш ва Никарагуадаги сўлчи кучларнинг рақибларини қурол билан таъминлаш учун молия олишни мақсад қилганди.
Бу ҳақда Рейган нималарни билгани аниқ эмас, аммо 1987 йилда ундан мазкур масала ҳақида сўралганида “бундан бир неча ой аввал мен америкаликларга гаровга олинганлар ватандошларимизни қурол-яроққа алмаштирганим йўқ, деб айтгандим. Менинг юрагим ҳамон буни рост дейди, аммо фактлару ҳужжатлар нотўғрилигини кўрсатмоқда”, деб айтган эди.
Рейган шунингдек, барча масъулиятни ўз зиммасига олишини айтади, аммо уни хабардор этмасдан бу каби ишга қўл урилганини тушунмаслигини қистириб ўтади.
'Ғалабанинг 100 нафар отаси бўлади”

Сурат манбаси, Getty
Президент Жон Кеннеди ўз президентлик муддатининг бошланиши 1961 йилда матбуот анжуманида ҳозир бўлади.
Матбуот анжумани чақирилишига Америка Жосуслик Хизмати дастаги билан кубалик муҳожирларни Кубанинг Плайя-Хирон қишлоғига киритиш амалиёти муваффақиятсизликка учрагани сабаб бўлади.
Журналистлардан бири президентга бир-бирига зид хабарлар тарқаётгани ҳақида савол беради.
“Эски бир гап бор, ғалабада доим юз нафар отаси бўлади, мағлубият эса доим етимдир”, деб жавоб беради Кеннеди.
Кеннеди ўз ҳукуматининг қарори учун масъулиятни тўла зиммасига олганини ҳам айтади.
- Bi-bi-si O‘zbek xizmati bilan Whatsapp, Telegram va Viber orqali bog‘lanishni istasangiz, telefonimiz:+44 78-58-86-00-02.
- TELEGRAMDA ESA kanalimiz - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comga to‘siq bo‘lsa, uzbekweb.netga kiring












