Британ бош вазирининг отаси "офшор бизнес юритган"

Сурат манбаси, Getty images
Британия Бош вазири Девид Камерон солиқ паноҳлари шаффофроқ бўлишига ва солиқдан бўйин товлайдиганларга қарши босимни кучайтиришга чақириб келади. Аммо, Mossack Fonseca юридик ширкатидан сизиб чиққан маълумотларга кўра, унинг марҳум отаси офшор савдо-сотиқнинг энг махфий қуролларидан фойдаланган.
Бош вазирнинг отаси Иан Камерон "Blairmore Holdings" компаниясининг мажлисларида қатнашмоқчи бўлганида, у Швейцария ё Багама оролларига парвоз қилган.
"Blairmore Holdings" сармоя жамғармаси Британияда даромад ёки корпорация солиқларини тўламаслик учун, ўз мажлисларини офшор ҳудудларда ўтказган.
Сизиб чиққан ҳужжатлардан аён бўлишича, 2010 йилда вафот этган катта Камерон мажлисларда қатнашиш учун хорижга учган бешта британиялик директордан бири бўлган.
Компания Британияда солиқ тўламаслиги учун Швейцарияда уч, Багама оролларида уч директор тайинлаган.
Ҳужжатлар, шунингдек, ширкат максимум махфийликни таъминлаш учун "эга ҳиссалари"ни (bearer shares) қўллаган. Бу каби ҳиссалар компания ёки пулларнинг асл эгаси ким эканини аниқлашни ўта қийинлаштиради. Мулк муайян пайтда кимнинг қўлида бўлса, ўшаники ҳисобланади.
Эга ҳиссалари пул ювиш ва солиқдан бўйин товлашни рағбатлантиргани учун кўп мамлакатларда ман этилган.
"Blairmore" ширкати ҳужжатларига қаралса, Багамадаги банкнинг икки ходими 2005 йилда 2,347,280 эга ҳиссаларига эгалик қилганлар. Бу билан улар расман "Blairmore"нинг барча сармояларининг эгалари ҳисобланганлар.
Бу каби ҳиссалар ниқоби остида "Blairmore Holdings" асл бадавлат сармоядорлари кўздан йироқда сақланган.
Девид Камерон бош вазир бўлгач, унинг ҳукумати 2015 йилда эга ҳиссаларини ман қилган.
"Blairmore" эга ҳиссаларидан фойдаланишни 2006 йилда тўхтатган, аммо мазкур компания ҳали ҳам Британияда солиқ тўламаган.
"Blairmore" Девид Камероннинг Абердиншир графлигидаги ота-боболари яшаб келган кошона номини олган.
- Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз,телефонимиз:+44 78-58-86-00-02.
- ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek
- Instagram - BBC UZBEK
- Twitter - BBC UZBEK
- Odnoklassniki - BBCUZBEK
- Facebook - BBC UZBEK
- Google+BBC UZBEK
- YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
- Skype - uzbekbbclondon
- bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса,uzbekweb.netга киринг.












