Заур Дадаев ўзининг бегуноҳлигини таъкидламоқда

Сурат манбаси, Reuters

Россияда феврал охирида отиб кетилган таниқли мухолифатчи Борис Немцов ўлимида асосий гумондор Заур Дадаев ўзини қийноқларга солинганини айтган ва қотилликни бўйнига олмаган.

Заур Дадаев ва шеригига қотиллик айблови якшанба куни илгари сурилган эди. Энди эса у айбсиз эканини айтмоқда.

Сурат манбаси, AFP

Уч гумонланувчи ҳозирда ҳибсда қолмоқда. Улардан бири ҳибсда суриштирув ходимлари томонидан қийноққа солинганини маълум қилган.

Бундан ташқари шу пайтгача жаноб Немцов ўлимига нима сабаб бўлгани ҳақида расмий хабар йўқ.

Сурат манбаси, Reuters

Немцовнинг дўстлари ва сафдошлари ҳозирда илгари сурилаётган Шарли Эбдо карикатуралари ҳақидаги фикрлари учун ўлдирилгани мумкинлигини шубҳа остига оладилар.

Уларга қараганда, Немцов кўпроқ Президент Путин ҳақидаги танқидлари билан танилган эди.

ББС мухбирига кўра, Заур Дадаев турмада бошига қоп кийгизиб қийнаганлари учун "Немцовни ўлдирдим", деб тан олишга мажбур бўлганини сўзлаган.

У маҳкамада ҳақиқатни айтмоқчи. Бошқа гумонланувчи Губашев ҳам терговчилар томонидан ҳали Москвага олиб келинмай туриб калтакланганини гапирган ва айбсизлигини айтган.

Чеченистон раҳбари Рамзан Кодиров илгарироқ гумонланувчиларни олдиндан яхши таниганини, Заур Дадаевни тақводор мусулмонлиги ва пайғамбарга карши карикатурачиларни ёклаганлардан, жумладан Немцовнинг сўзларидан ғазабга келганини таъкидлаган, Дадаевни "ҳақиқий ватанпарвар" дея мақтаганди.

Сурат манбаси, Getty

Немцов ўтган йил ёзда ўзига нисбатан Фейсбук орқали ўлим таҳдидлари олганини ёзган.

Немцов ўлими Украинадаги воқеаларга боғлиқлиги кўпроқ тахмин қилинади. Борис Немцов Украина шарқида Россия ҳарбийларининг иштироки ҳақида маълумотларни тўплаб, эълон қилишни режалаётган бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02