Россия: Фойда фоизлари кескин оширилди, лекин рубл ҳамон қуламоқда

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 1 дақ

Россия Банки фойда фоизларини кескин равишда 17 фоизга қадар кўтарганлигини маълум қилди.

Лекин шунга қарамай Россия рубли қадрининг тушиши давом этмоқда.

Россияга иқтисодига охирги вақтларда Украинадаги можаро туфайли Ғарб томонидан киритилган жазо чоралари ва жаҳон бозорларида нефтга нархларнинг тушиб кетиши анчагина катта зиён етказмоқда.

Ўтган ҳафта Россия кредитлар фоиз ставкаларини 9,5%дан 10,5%га оширганида натижа ҳаминқадар бўлганди. Жорий ҳафтадаги рубл қадрининг пастга шўнғишига АҚШ Россияга қарши янги жазо чораларини кўриб чиқаётгани борасидаги хавотирлар туртки берди. Ғарб Кремлни Украинадаги бўлгинчиларни қўллаб-қувватлашда айблаб келади.

Россия Марказий Банки кредитлар фоиз ставкалари 10.5%дан 17%га кўтарилиши инфляцияни жиловлаш ва россияликларни банк ҳисобларига кўпроқ рубл қўйишга рағбарлантириш учун амалга оширилиганини билдирди.

Аммо, банк раҳбарига кўра, сўнгги чоралар рубл қийматининг бирданига ошиб кетишига хизмат қилмайди.

"Марказий Банк ўтган ҳафта кредитлар фоиз ставкаларини бир фоизга ошириши шифокор ўта оғир хастага бошоғриқни қолдирувчи дори беришига ўхшарди. Кредитлар фоиз ставкаларининг 17%га кўтарилишини эса, ўта чорасизликдан олинган қарор дейиш мумкин. Ва вазият бениҳоя ташвишли кўринади", дейди Би-би-сининг Москвадаги мухбири Стив Розенберг.

Душанба куни рубл қадри 15 йилдан ортиқ вақтдан буёнги энг паст даражасига тушиб кетди ва долларга нисбатан 10 фоизга яқин қийматини йўқотди.

Бироқ, мухбиримизнинг айтишича, бунинг ортидан Москва кўчаларида саросима кузатилгани йўқ. Банклар ташқарисида навбатлар ҳам пайдо бўлмаган.

Аммо, дейди Стив Розенберг, Марказий Банк эҳтимолий ваҳимани олдини олиш учун миллий валютани қўллаб-қувватлаши кераклигини яхши тушунади.

Кредитлар фоиз ставкаларини бу даражада ошириш эса, хатардан ҳоли эмас. Юқори даражали фоиз ставкалари иқтисодий ривожланишни сустлаштиради.

Ва бу ҳолат иқтисодий таназзул ёқасида турган Россия учун ижобий ҳолат эмас, дейди Би-би-си мухбири Стив Розенберг.

Россия Банкининг навбатдаги чораси иқтисодчилар умид қилаётгандек самарани берадими? Марказий Осиё давлатлари билан иқтисодий алоқалар ва Россиядаги миллионлаб меҳнат муҳожирларига таъсири қандай бўлади?

Иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусаиновнинг Би-би-си билан суҳбатда айтишича, Россиядаги жорий иқтисодий вазиятни ўнглаш у қадар осон бўлмайди. Унинг фикрича, энг самарали чора Ғарб билан алоқаларни қайта тиклашга қаратилган бўлиши лозим.

Айни вақтда Россия билан кўпроқ товар айрибошлаш даражасида алоқаларга эга Ўзбекистон каби давлат учун фойда фоизларининг оширилиши у қадар ҳам катта таъсир қилмаслиги мумкин, лекин Россия банк тизими билан кенгроқ алоқаларга эга Қозиғистон бу амаллардан зиён кўриши мумкин, дейди шарҳловчи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002