Жазоирдаги авиаҳалокатда 103 киши ҳалок бўлган

Сурат манбаси, BBC World Service
Жазоир шарқида C-130 Hercules ҳарбий-транспорт учоғи ҳалокатга учраган. Маҳаллий телевидение хабар қилишича, экипаж аъзолари дохил 103 киши ҳаётдан кўз юмган.
Маълумотларга қараганда, учоқ мамлакат пойтахтидан 450 км жануби-шарқдаги тоғли Ум-эл-Баухи вилоятида рўй берган.
Учоқ Мали ва Ливия чегарасидаги Таманрассет шаҳридан парвоз қилиб, Константин аэропортига қўнишга тайёрланаётганда Жебел-Фертас тоғига қулаб тушган.
Учоқ бортида ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларидан иборат 99 йўловчи, тўрт экипаж аъзосининг ҳаммаси ҳалок бўлгани айтилмоқда.
Ноқулай об-ҳаво шароити ва кучли шамол авиаҳалокатни келтириб чиқаргани тахмин қилинмоқда. Ушбу туманга яқинда қор ёққан.
C-130 Hercules нинг ҳалокати Жазоирда 2003 йилдан кейин рўй берган энг катта авиафожеадир.
2003 йилда Таманрассет аэропортида "Боинг" учоғи портлаб, 102 киши вафот этган эди.
Таманрассет Жазоир армиясининг муҳим чегара шаҳри ҳисобланади.
Ўтган йили шаҳардаги газ иншоотида хизмат қиладиган хорижий мутахассислар исломийлар томонидан гаровга олинган, армиянинг катта кучи шу ерга келтирилган эди.












