Туркияда юзлаб полиция зобитлари ишдан бўшатилди

Туркия матбуотининг хабар беришича, ҳукуматга яқин шахсларга нисбатан коррупцияга алоқадорлик айбловлари илгари сурилиши ортидан пойтахт Анқарада 350 нафар полиция зобити ишдан бўшатилган.
Уларнинг ўрнига асосан пойтахт атрофидаги ҳукумат мулозимлари тайинланган.
Ўтган ой коррупцияга алоқадор терговлар бошлатилиши ортидан мамлакат бўйлаб юзлаб полиция зобитлари ё ишдан бўшатилди ёда лавозимидан пастлатилди.
Уч нафар ҳукумат вазири полиция томонидан ўтказилган рейдларда уларнинг фарзандлари ҳибсга олиниши ортидан истеъфога чиққан эди.
Бош вазир полиция ва адлия тизимини унга қарши "тўҳмат кампанияси" бошлаганликда айблади.
17 декабрда полиция ўнлаб шахсларни, жумладан ҳукумат вазирларининг фарзандларини пора олиш ёда унга воситачиликда гумон қилиб, ҳибсга олган эди.
Ҳибсга олинганлар орасида бош вазир иттифоқчилари сифатида кўрилган 50 дан зиёд ҳукумат мулозимлари ва бизнесменлар бор эди.
'Сиёсий фитна'

Пойтахт Анқарада 350 нафар полиция зобити ҳукуматнинг ярим тунда олинган қарорига асосан вазифаларидан бўшатилган.
Улар орасида молиявий жиноятлар, контрабанда ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлимлари бошлиқлари бор, дея хабар беради мустақил "Дўған" ахборот агентлиги.
Кўпчилик фикрига кўра, ҳибсга олишлар ва ишдан бўшатишлар Туркияда иқтидорда бўлган АК Партияси сафларида юзага келган бўлиниш инъикосидир.
АК Партиясидагиларнинг бир қисми жаноб Эрдўғанни дастакласа, бир қисми АҚШда истиқомат қилувчи нуфузли уламо Фетҳуллаҳ Гуленни дастаклайди.
Жаноб Гюленнинг "Хизмат" ҳаракати аъзолари АК Партиясидан ташқари полиция ва адлия соҳаларида нуфузли лавозимларни эгаллашган.
Жаноб Эрдўғаннинг ўзи "сиёсий фитна"га йўл қўймаслигини айтган.












