Дунёда 30 миллиондан ортиқ киши ОИТСга чалинган

1 декабр - Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан ОИТСга қарши кураш халқаро куни деб эълон қилинган бўлиб, бу йил у 26-марта нишонланди.
БМТга кўра, ушбу хасталикка чалинишнинг олдини олиш ва даволаш бўйича кўрилаётган чораларга қарамасдан, СПИДни юқтирган инсонларнинг сони юқорилигича қолмоқда.
Ташкилот бу рақам 35 миллион атрофида эканини маълум қилади.
Бирлашган Миллатлар раҳбари дунё ҳукуматларига мурожаат қилиб, ВИЧ вирусининг олдини олиш ва даволашнинг самарали йўлини топиш амалларини тезлаштиришни сўраган.
БМТ Бош котиби "СПИДни жиловлаш алоҳида мажбуриятни талаб қилади", деган.
"ОИТС ҳеч қайси хасталикка ўхшамаган хасталикдир. ОИТС ижтимоий масала, инсон ҳуқуқлари масаласи, иқтисодий масаладир. У ёш инсонлар иқтисодий тараққиётга ҳисса қўшишлари, ақлий салоҳиятни оширишлари, болаларни вояга етказишлари керак бўлган ёшда нишонга олади", деб айтган Пан Ги Мун.
Бирлашган Миллатлар раҳбари одамзод ОИТСни буткул йўқотишни истар экан, бунинг учун қатъий раҳбарлик талаб қилинади, дейди.
Маълумотларга кўра, ВИЧ вирусига чалиниши оқибатида вафот этган инсонларнинг тўртдан уч қисми Африка қитъасига тўғри келади.
ВИЧ вирусига чалинганларнинг учдан икки қисми ушбу минтақада аниқланган.
Ўзбекистонда
Ҳалокатли вирусни юқтирганларнинг сони дунёнинг ҳамма жойида кенг тарқалмоқда, бироқ бу борадаги рақамлар Шарқий ва Марказий Осиё мамлакатлари, Шарқий Оврўпода бошқа жойларга нисбатан тез суръатда кўпаяётгани кузатилмоқда.
2012 йил бошидаги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 21500 дан ортиқ ВИЧ инфекциясини юқтирган киши аниқланган.
2008 йилда Россия ҳудудида меҳнат қилаётган қарийб 1 миллион 100 киши текшириб кўрилганда 1579 вирусни янги юқтириш ҳолатлари аниқлангани айтилганди.
ВИЧ вирусини юқтирган муҳожирларнинг энг кўпи Украинадан бўлганлар, иккинчи ўринни ўзбекистонликлар эгаллаган.
Афғонистонда
Жаҳон Соғликни сақлаш ташкилоти ва Бирлашган Миллатларнинг ОИТСга қарши кураш идораси маълумотларига кўра, Афғонистонда унга йўлиққан қарийб 5000 киши истиқомат қилаяпти, деб кўрилади.
Халқаро ташкилотлар ҳисоб-китобича, Афғонистонда ОИТС хасталигини юқтириш охирги 1 йилда 30 фоиз кўпайган.
Афғонистонда бу касалликка йўлиққанларнинг аксари игна орқали қўлларига гиёҳванд модда юбораётганлар бўлаяпти.
Орттирилган Иммун Танқислиги Синдроми
1981 йил 5 июнда Америка касалликлар устидан назорат маркази янги хасталикни рўйхатдан ўтказган.
Бу Орттирилган Иммун Етишмовчилиги Синдроми эди.
1988 йил Дунё соғлиқни сақлаш вазирлари учрашувидан сўнг 1 декабр СПИДга қарши кураш куни деб эълон қилинди.
1996 йилда БМТ қошида олти халқаро ташкилот иттифоқи тузилиб, БМТнинг СПИД муаммолари бўйича қўшма лойиҳаси деб атала бошланди.
СПИДга қарши кураш рамзи қизил лента бўлиб, бу соҳада бирор ҳаракат ушбу рамзсиз ўтказилмайди. Ушбу боғич рассом Франк Муру ғояси бўлиб, у 1991 йил баҳорида СПИДни тушуниш рамзи сифатида қабул қилинган.
СПИД аср балоси сифатида тан олинган.
СПИД учун таъсирли дори воситаси ҳозирга қадар ўйлаб топилмаган.












