ОИ Россиянинг Украинага босимларини танқид қилди

Оврўпо Иттифоқининг икки юқори мартабали расмийси Россияни Украина билан ўрталарида савдо ва ҳамкорлик келишуви имзоланишига халақит бераётганини танқид қилган.
Мазкур баёнот Киевда оврўпопараст намойишчилар ва полиция ўртасида янги тўқнашувлар кечаётган бир пайтда янграган.
Оврўпо Иттифоқи билан қандай келишувга бориш борасида Украина эркин қарор бериши керак", деб айтган ОИ.
"Шу боис биз Россия мавқеи ва ҳатти-ҳаракатларини қатъиян қабул қилмаймиз", дейилади Оврўпо Комиссияси Президенти Жозе Мануэль Бароззо ва Оврўпо Кенгаши раҳбари Ҳерман ван Ромпей эълон қилган баёнотда.
Оврўпо расмийлари таъкидлашларича, Иттифоқ билан кучли алоқалар Украинанинг қўшнилари, жумладан, Россия билан мавжуд муносабатларига зиён етказмайди.
Россия агар Украина Оврўпо Иттифоқи билан келишув имзоласа, муайян иқтисодий чоралар кўриш билан таҳдид қилган.
Ўтмишда Москва газ нархлари устидан келишмовчиликлар боис таъминотни узиб қўйган, жорий йил эса, Украина шоколадлари импортига тўсиқ қўйган.
Шунингдек, Россия ОИга хайрихоҳ савдо алоқалари учун Гуржистон ва Молдова шароблари ва минерал сувларини бойкот қилган.
"Уят"
Украина полицияси Киев марказида тўпланган оврўпопараст фаоллар билан тўқнашувда кўздан ёш оқизувчи газ қўллаган.
Хабарларда айтилишича, айрим норозилик намойиши иштирокчилари ҳукумат биноларига киришга уринишган, бироқ полиция бунга йўл қўймаган.
Минглаб намойишчилар Оврўпо Майдонида тўпланишган. Якшанба кунги чиқишлар 2004 йил Норинж инқилобидан бери энг йирик йиғин бўлгани айтилмоқда.
Намойишчилар ҳукумат Оврўпо Иттифоқи билан савдо ва ҳамкорлик битимини имзоламаслик борасидаги қароридан ғазабланишган.
Россия Украинани ўзи ва яна икки собиқ Шўро давлати - Беларус ҳамда Қозоғистон ўртасида тузилган Божхона иттифоқига киришга ундаган.
Украина мухолифати раҳбарлари, жумладан, оғир вазн бўйича жаҳон чемпиони Витали Кличко ҳукумати қўққисдан ўз фикрини ўзгартирганини "уятли" дея таърифлаган ва Киев марказида оммавий норозиликлар ташкил қилишга сўз беришган.
Фаоллар, жумладан, қамоқдаги мухолифат раҳбари Юлия Тимошенко тарафдорлари ҳукуматни уни озод қилишга чақирган. Ушбу чақириқ Оврўпо Иттифоқи тарафидан ҳам янграганди.
Тимошенко хоним сурункали бел оғриғига Олмонияда муолижа олишни истайди. Аммо, ўтган ҳафта Украина парламенти уни қўйиб юбориш борасидаги қонун лойиҳасини рад этди.
Мухолифатга кўра, якшанба куни 100, 000 киши Киев кўчаларига чиққан. Полиция ҳисоб-китобларига кўра эса, бу сон 50, 000ни ташкил қилган.
Юзлаб намойишчилар расмийларнинг огоҳлантиришларига қарамай, майдонда чодир тикиб, тунни ўша ерда ўтказишган.












