Ғарблик жиҳодчилар ал-Амрикий ва ал-Бритоний "ўлдирилган"

АҚШ ва Британиядан бўлган икки нуфузли Исломий жангариялар ал-Шабаб гуруҳи билан чиқишолмай қолиши ортидан ўлдирилганлар. Бу ҳақида гувоҳлар Би-би-сига маълум қилишди.
Ал-Амрикий лақаби билан танилган Омар Ҳаммомий ва Усамо ал-Бритоний лақаби билан танилган асли покистонлик Британия фуқароси пойтахт Могадишунинг жануби-ғарбидаги қишлоқда тонгда юз берган ҳужумда нобуд бўлишган.
Улар бу йил ал-Шабаб сафидан чиқиб кетишлари ортидан яшириниб юрган эдилар.
Аввал ҳам бир неча бор ал-Амрикий ўлгани ҳақида хабарлар чиққанди.
Март ойида АҚШ Давлат департаменти ал-Амрикийни тутишга ёрдам берувчи ҳар қандай маълумот учун 5 миллион доллар мукофот пулини эълон қилганди.
"Ўткир зеҳнли синфком"
Ал-Амрикийга бўйсунган жангчилардан бири Би-би-сига ўз қўмондони ва ал-Бритоний Динсон шаҳрига яқин қишлоқда ал-Шабабга енгилганини билдирди.
У ал-Шабаб бу икки ғарбликнинг жасадларини ўз билан олиб кетганини айтди.
Унга кўра, уларнинг яна бир иттифоқчиси бўлмиш мисрлик Хадап ал-Масарий таслим бўлган.
Маҳаллий яшовчилар ва ал-Шабаб ичидаги юқори даражали манба икки жиҳодчининг ўлимини тасдиқладилар.
Икки ғарблик жиҳодчи июнь ойида ал-Шабабдан ажралиб чиққан номдор Исломий жангари Шайх Ҳассан Даҳир Авейснинг иттифоқчилари бўлишган.
Шайх Ҳассан Даҳир Авейс ҳозирда БМТ томонидан қўллаб-қувватланувчи Сомали ҳукумати турмасида сақланмоқда.
Би-би-сининг Сомали хизмати таҳлилчиси Муҳаммад Муҳаммаднинг айтишича, ал-Шабаб ажралиб чиққан жаноб Авейснинг тарафдорларига овни бошлаган.
Жаноб Авейс ал-Шабабнинг раҳбари Аҳмад Абди Годандан мўътадилроқ деб кўрилади. Аҳмад Абди Годан халқаро жиҳод мақсадларига эга.
Ал-Амрикий YouTubeда пайдо бўлган ўзининг рэп усулидаги жиҳодий қўшиқлари билан ном чиқарганди.
У Алабама штатининг Дафни шаҳрида катта бўлган. Унинг Дафнидаги дўстлари у мактабда ўзининг ўткир зеҳни ва ҳаммага ёқадиган характери билан ном чиқаргани, ва синфком бўлганини айтишган.

Унинг мактабдошларидан бири Жеймс Калвейхаусга кўра, унинг отаси суриялик сунний мусулмон, онаси эса жанубий баптист насроний бўлишган.
Жаноб Калвейхаус Би-би-сига ал-Амрикийнинг радикаллашуви у 2011 йилда ўсмир бўлиб Сурияга сафар қилганидан сўнг бошланганини айтди.
Йиллар оша у тобора анъанавий Исломга амал қила бошлаган, ва ўз отасидан ҳам анъанавийроқ бўлиб етишган.
У 2006 йилда Сомалига кўчиб ўтиб, ал-Шабаб сафига қўшилган ва гуруҳдаги энг юқори даражали лавозимлардан бирини эгаллаган.
Фатво
Сомалида икки хорижий жангарининг ўлими борасидаги хабар чиқишидан бир кун аввал 160 нафар етакчи Исломий уламолар ал-Шабабга Исломда ўрин йўқ дея фатво чиқарганлар.
Найробида жойлашган таҳлилчи Муҳаммад Абдуллаҳийнинг Би-би-сига айтишича, бу қадар нуфузли уламолар томонидан чиқарилган фатво кўпларнинг ал-Шабабга бўлган муносабатини ўзгартириши мумкин, бироқ гуруҳ раҳбариятини йўлдан қайтармаса керак.
"Фатвода ал-Шабабга бошпана берманг, дастак берманг, улар ҳақида хавфсизлик кучларини огоҳ қилинг дейилади," - дейди таҳлилчи.
Бироқ, унга кўра, ал-Шабабга иқтисодий ночорлик туфайли қўшилган ёшларга иш жойлари ва имкониятлар яратиб бериш керак.
Фатво Президент Ҳассан Шайх Муҳаммад томонидан уюштирилган аксил-экстремизм анжумани якунида эълон қилинган.
У Сомали президентлигига бир йил аввал сайланар экан, 20 йилдирки давом этаётган жангларга нуқта қўйишни ваъда қилганди.
Ҳукуматпараст қўшинлар ал-Шабабни қатор муҳим шаҳарлардан сиқиб чиқаришган, лекин гуруҳ ҳамон кичикроқ шаҳарлар ва қишлоқларни назорат қилади.












