Суриядаги БМТ назоратчилари карвони ўққа тутилди

БМТ вакили Анжела Кейннинг Сурия ҳукумати билан музокаралари натижасида келишувга эришилди.
Сурат тагсўзи, БМТ вакили Анжела Кейннинг Сурия ҳукумати билан музокаралари натижасида келишувга эришилди.

БМТ назоратчилари Дамашқдаги кимёвий ҳужум содир этилган ҳудудга жўнайди.

Мутахассислар расмий ҳисобларга қараганда 300 дан ортиқ инсон умрига зомин бўлган ҳужум тафсилотларини текшириб, кимёвий қурол борасидаги саволларга аниқлик киритади.

Сурия ҳукумати кеча юқори лавозимли БМТ вакили Анжела Кейн билан музокаралар натижасида ҳарбий ҳаракатларни вақтинча тўхтатиб, халқаро кимё мутахассисларининг ҳудудга киришига рухсат берган эди.

Кимёвий ҳужум ҳақидаги хабардан беш кун ўтиб, Сурия ҳукуматининг назоратчилар киришига розилиги Ғарб мамлакатлари томонидан киноя билан қабул қилинди.

Уларга кўра, Башар ал-Ассад назоратчиларнинг киришини ортга суришига сабаб, кимёвий қурол излари ҳали тўлиқ тугатилмаган ёки табиий йўл билан йўқолмаганлиги бўлиши мумкин.

Россия томони ўз ўрнида Суриянинг келишувини қувватлади ва Ғарбнинг Суриянинг розилигига қилган муносабатига эътибор қаратар экан, бу баъзи давлатлар Сурия можаросини тинч йўл билан ҳал қилишдан манфаатдор эмаслигини кўрсатади, дейди.

"Москва Суриядаги воқеаларни диққат билан кузатмоқда. Ҳозир тобора кўпроқ далиллар бу террористик ҳаракат яққол бузғунчилик характерига эга эканини исботламоқда. Интернетда шундай хабарлар борки, Сурия ҳукуматини айблайдиган материаллар бу ҳужум амалга оширилишидан бир неча соат олдин қўйилганини кўрсатган. Бу олдиндан режалаштирилган жиноят бўлган", дейди Россия дипломати.

Президент Башар ал-Ассад ҳам кеча Россиянинг "Известия" газетига берган интервьюсида АҚШнинг ҳарбий аралашувининг оқибатлари ёмон бўлиши ва Сурия ҳеч қачон Ғарбнинг қўғирчоғига айланмаслигини таъкидлаган. "

Айни вақтда Британия Ташқи Ишлар вазири Уилям Хейг Сурияда дипломатик йўл ишламаётганини айтмоқда.

Уильям Хейг ББСга берган интервьюсида дипломатик босим иш бермаётгани, Хавфсизлик Кенгашида Сурия масаласида якдиллик йўқлиги, бу вазиятда можарони БМТнинг бир овоздан қувватлашисиз ҳарбий йўл билан амалга оширилиши мумкинлигига ишора қилган.

"Ҳар қандай жавоб халқаро меъёрлар асосида бўлади", деган жаноб Хейг Кимёвий қурол Сурия армияси томонидан қўлланилганига ишонишини таъкидларкан. Туркия Ташқи ишлар вазири Аҳмат Довутўғли ҳам БМТ режалари иш бермаса бошқа чораларни кўришга тайёрлигини билдирган.

"Ҳозир бу режани 36-37 мамлакат муҳокама қиляпти. Анқара ҳамиша БМТ қарорлари асосида ҳаракат қилишни ёқлаб келган. Айни ҳолатда БМТ Дамашққа босимни ҳал қилолмаса, Туркия Сурияга қарши коалиция таркибига кириши мумкин", деб айтган Турк дипломати.

Россия Ташқи Ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб давлатлари Сурияга ҳам Ироқ ва Ливан сценарийси билан бориш ниятидалигини айтган.

"Ғарб БМТ Хавфсизлик Кенгашига Сурия ҳукуматининг кимёвий ҳужумга алоқасини исботламай туриб, ҳарбий юришни режалаштирмоқда. Бу эса халқаро ҳуқуқ нормаларининг қўпол равишда бузилишидир", деган жаноб Лавров Москвадаги матбуот анжуманида.

БМТ карвони ўққа тутилди

Заҳарли газ қўлланилгани гумон қилинаётган Дамашқдаги Ғута тумани исёнчилар назоратидир.

Чегара Билмас шифокорларнинг айтишича, шу пайтгача уларнинг ходими учта шифохонада заҳарланиш аломатлари билан келган 3600 га яқин беморни даволаган, 355 киши вафот этганини айтган.

Охирги хабарларга кўра, гумон қилинаётган ҳудудга бораётган БМТ назоратчилари карвони ўққа тутилган. Ҳеч ким жароҳатланмаган.

БМТ ким томонидан ўқ отилганини айтмаган.

Лекин текширувчилар орқага қайтаришга қарор қилинган.