Туркия Бош вазири Фатҳуллоҳ хўжани ватанига қайтишга чақирди

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўған таниқли турк уламоси Фатҳуллоҳ Гуландан Туркияга қайтишни сўраган.
Туркия Бош вазири чақириғи ўнинчи бор ўтказилган "Туркча Олимпиадалари" халқаро фестивалининг ёпилиш маросимида янграган.
Дунёнинг 135 ўлкасидан Туркияга келган ўнг минглаб турк тили мухлислари ўнгида чиқиш қилган жаноб Эрдўған Фатҳуллоҳ Гуланга ишора этиб, шундай деган:
"Қардошим, ғурбат ҳасратдир. Ҳасратнинг бадали оғирдир. Биз ҳижратда бўлиб, шу ватан тупроқларига қайтиш ҳасратида яшаганларни орамизда кўришни истаймиз."
Динлар ва тамаддунлар орасида ўзаро тушуниш ва тоқатли бўлишни тарғиб этган Фатҳуллоҳ Гулан қарийб 13 йилдан буён Қўшма Штатларда истиқомат қилади.
71 ёшли Фатҳуллоҳ Гулан асос солган Исломий жамоат дунёнинг ўнлаб мамлакатларида ўз ўқув даргоҳларига эга.
2000 йилда Фатҳуллоҳ Гулан Қўшма Штатларга сафар қилар экан Туркияда маҳкама "ноқонуний ташкилот тузиш" айблови билан унга қарши жиноий иши очди.
Саккиз йил давом этган текширув жаноб Гуланнинг тўла оқланиши билан поён топди, бироқ уламо ҳозирга қадар Туркияга қайтгани йўқ.
"Хўжа афанди"
Фатҳуллоҳ Гулан 19-аср охиридан 20-аср ўрталарига қадар яшаб ўтган уламо Бадиуззамон Саид Нурсий яратган диний таълимотни ҳаётга татбиқ этган шахс сифатида танилган.
Турк диний жамоатлари орасида "Хўжа афанди" номи билан маълум ва машҳур бўлган жаноб Гулан илм, "Аҳли Китоб" (яҳудийлар ва насронийлар) билан мулоқотга ва кўп партияли демократияга ишонишини айтади.
Унинг қаламига мансуб 60га яқин ижтимоий, сиёсий ва диний мавзулардаги китоблар ўзбекча дохил дунёнинг ўнлаб тилларига таржима қилинган.
Фатҳуллоҳ Гулан жамоаси тарафдорлари асосий мақсадлари "умматга хизмат қилиш" эканини таъкидлашади.
Дунёвий туркларнинг ўзлари учун Гулан таълимоти замонавий эмас, балки анъанадор, чунки у, мисол учун, аёллар ҳижоб ўрашини тарғиб қилади.
Ўз веб саҳифасида жаноб Гулан Ислом ва демократия тушунчалари зинҳор қарама-қарши эмаслигини айтади. Унга кўра, дунёвийлик динсизликни англатмайди.
Гуланнинг таълимоти бизнесга катта эътибор қаратади. Туркияда амал қилувчи қатор жамғармалар ва уюшмалар Лотин Америкасию Африкадаги тадбиркорлар ва турк ишбилармонлари орасида савдо-сотиқни ривожлантиришни мақсад қилиб олган.
Жамоат дунёнинг турли нуқталарида бир мингдан зиёд лицей ва коллежларига эга бўлиш билан бирга матбуот, нашриёт, молия ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам жуда фаол экани айтилади.
Бироқ танқидчиларга кўра, Фатҳуллоҳ Гулан жамоатининг сиёсий таъсир доираси нафақат Туркияда, балки дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам тобора ортиб бормоқда.
"Нурчилар"

Ўзбекистонда Фатҳуллоҳ Гулан тарафдорларини "Нурчилар" номи билан танишади.
Жамоат Ўзбекистон мустақиллигининг илк йилларида мамлакатнинг турли минтақаларида 12та лицей очишга муваффақ бўлди.
Ушбу лицейларда таълим даражаси бошқа ўқув даргоҳларига нисбатан анча баландлиги билан ажралиб турарди.
Аммо, 1999 йил февралида Тошкентда юз берган портлашлар ортидан Ўзбекистон ва Туркия муносабатлари ўта совуқлашди.
Ўзбекистондаги барча коллежлар бирин-кетин беркитилди.
Ўзбекистонда "Нурчилар" номи билан фаолият юритган бирор бир ташкилот кузатилмаган эсада, расмий Тошкент ҳозирда уни мамлакатда фаол бўлган экстремист ташкилотлар рўйхатига киритган.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари бир пайтлар турк лицейларида таълим олган баъзи ёшларни "Нурчи"ликда айблаб, жазога тортмоқда.
Охирги беш йил ичида ўнлаб ёш йигитлар ушбу "экстремист" ташкилотга аъзолик ва унинг адабиётларини тарқатиш айблари билан қамоқ жазосига ҳукм этилдилар.
Яна юзлаб ёшларнинг Қозоғистон, Россия, Туркия каби давлатларга қочишгани айтилади.
Аммо, Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида Фатҳуллоҳ Гулан жамоасига қарашли мактаб ва лицейлар ҳамон фаолият юритишмоқда.












