Темза дарёси "қиролича флотилияси" ни қарши олмоқда

Сурат манбаси, PA
Якшанба куни Британияда қиролича Елизаветанинг олмос тўйи таркибига кирувчи асосий тантаналардан бири Темза дарёси соҳилларида бўлиб ўтади.
Мингга яқин байрамона безатилган кемалардан ташкил топган флотилия ҳамроҳлигидаги намойишни юз минглаб одамлар томоша қилишга келишади.
Ёмғир ёғишига қарамасдан кўпчилик тунни Темза соҳилларидаги палаткаларда ўтқазишган.
Британия монархининг тахтдаги 60 йиллигига бағишланган сувдаги байрам томошалари Лондонда кейинги 350 йил ичида сув устида ўтказилаётган энг ёрқин воқеалардан бири бўлиши айтилган.
Бутун мамлакат бўйлаб бир вақтнинг ўзида миллионлаб британияликлар олмос тўйга бағишлаб ўтқазилаётган концертларни томоша қилиш, маросимларда қатнашиш имконига эгалар.
Қиролича Елизавета, Эдинбург герцоги ва қиролликнинг бошқа аъзолари Альберт кўпригидан Тауэр кўпригигача сузиб ўтадиган юбилей учун махсус безатилган "Спирит оф Чартвелл" бортида ҳозир бўлишади.
Тантана маросимлари учун қариийб 10 миллион фунт сарфланиши айтилган. Бу маблағнинг катта қисми шағсий хайриялардан тушган пулларга, шунингдек солиқ тўловчилар зиммасига ҳам тўғри келган.
Монархияга қарши "Республика" гуруҳи "сайланмаган", "ҳисоб бермайдиган монарх"га қарши намойишлар ўтқазишини билдирган.












