Аҳолисининг аксари даҳрий Эстонияда мажусийлик қайта тикланмоқда

Мажусийларнинг ўрмон қўйнида ўз маросимлари бор
Сурат тагсўзи, Мажусийларнинг ўрмон қўйнида ўз маросимлари бор
    • Author, Том Эсслмонт
    • Role, Би-би-си ньюс, Таллинн

Эстонияда ўтказилган сўнгги сўров натижаларидан маълум бўлишича, аҳолининг атиги 20 фоизи динни ўзининг ҳаётининг муҳим бўлаги деб билади. Шу тарзда, расмий статистик рақамларга асосан, эстонлар ер юзидаги энг даҳрий миллатлардан бўлиб чиқади.

Таллиннинг шабада эсиб турган эски шаҳар қисми кўчалари бўйлаб одимлар экансиз, черковлардан эшитилиб турган қўнғироқ ва қўшиқлар садоси бу шаҳар, қўйингки, мамлакат ҳақида алдамчи таассуротни пайдо қилади.

Диққат қилинса, маҳаллий черковларга қатновчиларнинг аксарияти чет эллик сайёҳлар экани аниқ бўлади.

Бир гал якшанба куни Таллиндаги Дом Лютеран черковига кириб, тўғриси, ҳайратда қолдим. Ибодатгўйларнинг аксари Ҳолландиядан келган сайёҳлар эди ва орқа қатордан жой олган атиги 15 тача киши ибодатхонага мунтазам қатнайдиган маҳаллий халқ - эстонлар бўлиб чиқишди.

Тарихий ёвлик

Черков руҳонийси Архо Тухкрунинг сўзларига кўра, бу муаммо азалдан мавжуд.

"Одамлар бизда эътиқодли. Лекин улар черковга боғланиб қолмаган. Бизда одамлар ўзларининг оиласи билан черковга қатнайдиган анъана йўқ", дейди у.

Кўп эстонлар учун диндан кўра миллий тимсоллар муҳимроқдек.

Лютеран черкови Эстонияда мавжуд черковлар орасида эътиқод қилувчилари кўплиги бўйича энг йириги ҳисобланса ҳам унга аҳолининг 13 фоизи жалб қилинган, дейди руҳоний Тухкру.

Лекин бундан-да ишончлироқ статистика маълумотлари мавжудки, ҳар бешинчи эстон эътиқодни ўзининг ҳаёти учун муҳим деб билади.

Бундай қараш жамиятнинг ҳар бир бўғинида билинади. Масалан, мактабларда дин алоҳида фан саналмайди.

Бунинг ўрнига ёш эстонлар саркардалар ҳақида, мамлакатларига насронийликни олиб келган немислар ва данияликлар тарихини ўрганишади. Ўша даврларда насронийликни мамлакатни босиб олган босқинчиларнинг дини деб қараш шаклланган.

Мустақиллик ёдгорлиги черков рўпарасида барпо этилган
Сурат тагсўзи, Мустақиллик ёдгорлиги черков рўпарасида барпо этилган

"Бугунги эстон жамияти дунёвий саналишининг асосий сабабларидан бири - бу миллий ва диний қарашларнинг аниқ ажратилганидир,- тушунтиради ҳукуматнинг диний ишлар бўйича маслаҳатчиси Ринго Рингвее.

Яна бир тўсиқ - бу тилдир. Кўпчилик эстонлар руҳонийлар муқаддас матнларни ўқиётган, ваъз-насиҳат қилаётган тилни тушунишмайди.

"Лютеранлар немис тилида гапиришган , - дейди Рингвее. - XIX асрда Рус православ черкови пайдо бўлган ва XX аср бошигача ундаги ибодатлар у рус тилида бўлган".

1920 йилда Эстония мустақил бўлгач, Эстон Православ черкови юзага келади. Лекин бу черков раҳбарияти Москвага эмас, Константинопол патриархига қарашни афзал биладилар. У черковларда асосан эстон тилида иш юритишган бўлса, Совет Иттифоқи 1940 йилда Эстонияни ишғол қилганидан сўнг Эстон Православ черковини Москва Патриархлиги тасарруфига ўтказишади.

Шўролар Иттифоқи даврида дин умуман рағбатлантирилмаган. Агар собиқ совет республикаларида СССР нинг қулаши ортидан насронийликнинг қайта уйғонганини кузатиш мумкин бўлган бўлса, Эстонияда бу содир бўлмади. Лекин бу эстонлар умуман эътиқодсиз деганини англатмайди.

Табиатсеварлар

Таллинндан 300 километрча узоқликдаги ўрмон қўйнида мен табиат ишқибозлари ёки табиатни севадиганларни учратдим. Балки уларни табиатга сиғинадиганлар деб атаса тўғрироқ бўлар.

"Биз мажусийлармиз. Бизнинг худомиз - табиат. Шошманг, шошманг, мана бу ерга ўтириб, гапга қулоқ солинг", дейди Айгар Пихо, саккиз боланинг отаси. У Эстония жанубида жойлашган Риуге қишлоғида истиқомат қилади.

Айгар ҳам кўплаб эстонлар сингари руҳият одами. У ўзининг эътиқодини "Маауск" деб атайди. Бу сўзни "жонажон дин" ёки "жонажон эътиқод" деб таржима қилиш мумкин. Бу эътиқоддаги одамларнинг фикрича, энг муқаддас нарсалар - илоҳий кучга эга дарахтлар ва ердир. Айгарнинг ибодат жойи - ўрмон. Лекин унинг на бирор маросими, на бирор китоби бор. Шунинг учун Айгарнинг динини тўкис деб атаб бўлмайди. Суҳбатимизга Айгарнинг 22 ёшли қизи Котре қўшилади: "Биз ўзимизни "маауск" деб атаймиз, лекин бу нимани назарда тутишини гапириб ўтирмаймиз. Биз айтилган заҳотиёқ бу сўз табиат билан бизнинг қалбларимиз уйғунлигини англатишини тушунамиз". Мени ёзги қуёш вақти деб аташган байрамларига таклиф этишади. Бу байрамда Айгар ва оиласи аъзолари улкан гулхан ёқишади ва унинг атрофида рақсга тушишади, улкан арғимчоқлар ясаб, уларда учишади, қўшиқ куйлашади.

Қизлар гул териб, улардан гулчамбар ясайдилар. Маҳаллий одатларга кўра, қиз ўзига куёв топиши учун бу гулчамбарни ёстиғи тагига қўйиши керак.

Бундай анъаналарнинг илдизи эстон маданияти тарихига бориб тақалади.

Аҳолининг 50 фоиздан зиёди омма фикри ўрганилганида, қандайдир ҳаётий кучга ишонишларини, аммо бу қандай куч эканлигини сўз билан тушунтириб бера олмасликларини айтишган.

Ушбу анъаналар нақадар қадимийлиги борасида турлича қарашлар мавжуд.

"Булар асосан XIX аср охири-XX аср бошларида ўрганилган фольклорга асосланган,-дейди Эстониядаги дин тарихини ўрганган археолог Тинно Йонкус. - Улар бунга ишонишган ва булардан фойдаланишаяпти. Бу маросимларни ўрта асрлар ёки насронийликдан олдинги замонларга боғлиқ деб бўлмайди".

Дарахт билан тиллашиш Бошқа бир одамлар эса бу фикрга қўшилмайдилар ва улар Руналарнинг қадимий тақвимларига асосланган махсус ташкилот тузганлар.

Ташкилот "Маавалла Кода" деб номланади ва унинг 300 ёки 400 тача аъзоси бор. Андрес Хейнапуу ва унинг ўғли Отт ушбу ташкилотнинг аъзолари.

Улар учун ер руҳияти ўзларининг шахсий руҳияти демакдир. Бу сенинг атрофинг ўраб олган нарсаларга қандай муносабат қилишингда кўринади.

"Дарахтнинг қулоғи йўқ. Мен дарахтнинг олдига яқинлашиб, ўзимнинг саволимни фикран ифода қиламан. Сал ўтиб, мен ўзимнинг саволимга жавоб йўллашаётганини ҳис қиламан", дейди Андрес Хейнапуу.

"Яъни сиз дарахт билан суҳбатлашасиз. Шундайми?" - сўрайман мен.

"Албатта", деб жавоб қайтаради Андрес.

Мен ҳам дарахтлар билан гаплашмоқчиман, дейман. Лекин жонсиз нарса билан қандай суҳбатлашиш мумкин?

Бу гапимга Отт эътироз билдиради, "дарахт жонсиз нарса эмас, жонли".

Сўнг у суҳбат пайти эман дарахти фикрлари кескин-кескин бўлишини, четан эса одамни тушунишга ҳаракат қилиши сезилишини айтади.

Отт ва унинг отаси даврасини тарк этарканман, аксар эстонлар табиатни чин дилдан севишади ва уни ҳимоя қилишга тайёрлар, деган тўхтамга келаман. Лекин улар орасида Отт ва унинг отасига ўхшаган "муҳаббатлари ҳаддан зиёд кучайиб кетганлари" ҳам бор. Уларнинг ўз мамлакати ва табиатига бўлган муҳаббатлари - ўзига хос тинч миллатчиликнинг бир кўринишидир.

Айни мана шу миллатчилик туфайли черковнинг бу жамиятда ўзининг ролини топиши қийин бўлаяпти.

Шунинг учун ҳам бу ердаги инсонларнинг устувор нарсалари рўйхатида насронийлик ёки умуман дин энг қуйи ўринлардан бирини эгаллаган.