Россияда милицияни 'полиция'га айлантиришга оид янги қонун муҳокама қилинмоқда

Россия милицияси
Сурат тагсўзи, Милиция ҳақидаги қонунни қуйи парламент тасдиқласа, 2011 йил 1 мартидан бошлаб кучга киради
    • Author, Давлат Қудрат
    • Role, Би-би-си, Москва

Президент Медведев Россия милициясини "полиция"га айлантирмоқчи. Бугун "Полицияга оид" қонун лойиҳаси муҳокима учун Россия қуйи парламентига оширилган.

Расмийлар янги қонун полиция тизимини ижобий томонга ўзгартиришини урғулашади. Жорий йил августида "милицияга оид қонун" лойиҳаси муҳокамаси пайтида Президент Медведев Россияда Октябр революциясидан олдинги "полиция" номига қайтиш таклифини олдинга сурди.

"Бизга профессионал кишилар керак. Бизга самарали, ҳалол ва аҳил ишлашга қодир бўлган ходимлар лозим. Шунинг учун ҳам, мен милиция номини ўзгартириб, илгариги полиция номига қайтишимиз вақти келди, деб ўйламан", деб айтган Дмитрий Медведев.

"Полицияга оид" қонунда полиция ходими ҳар бир ушланган шахсга унинг ҳуқуқий ёрдам олиши, ўз яқинларига телефон орқали қўнғироқ қилиши ва таржимон олишга ҳаққи борлигидан огоҳ этиши лозим.

Бундан ташқари ушланган шахсга 3 соат давомида полиция ушлагани ва қаерда эканлиги ҳақида ўз яқинларига бир марта телефон орқали хабар бериш ҳуқуқи белгиланган.

Қонун лойиҳасида "полиция ходимининг қонуний талаби фуқаролар ва вазифали шахслар томонидан бажарилиши шарт" деган бўлими ҳуқуқ ҳимоячилари қаттиқ хавотирлигига сабаб бўлганди.

Айни вақтда Москвадаги Инсон ҳуқуқлари институти "Бошпана ҳуқуқи" лойиҳаси раҳбари Елена Рябининанинг фикрича, янги қонун Россия полиция тизимини ижобий томон ўзгартиради дейиш мушкул...

"Менимча, милиция номини ўзгартириш билан, унинг асл маъноси ўзгармайди. Янги қонунда ўзгаришлар кўп деб айтиш ҳам қийин. Милиция ушлагани ҳақида яқинларига сим қоқиш, адвокат олиш ҳуқуқлари олдинги қонунда ҳам бор эди. Бу ерда энг муҳими қонунда ёзилгани эмас, унинг амалда бажарилишидир. Афсуски, Россияда милиция ходимлари кўп ҳолларда ушланган шахс ҳақ-ҳуқуқларини паймол этишади",- Елена Рябинина. Кузатувчиларга кўра, Россияда милиция зўравонлигидан, хусусан, меҳнат муҳожирлари азият чекишади.

Москвада ишлаётган Тожикистонлик Самандарнинг айтишича, полицияга оид янги қонун хорижийларга яхшилик келтирмайди.

"Милицияга тушсангиз, энг аввал сизни телефонингизни олишади. Чунки, сиз телефонга бирор нарса ёзиб олишингиздан қўрқишади милиция ходимлари. Кейин бизга ўхшаган мигрантларни сўкишади, жойи келса, уришади ҳам. Мен Россия милициясига ҳам, полициясига ҳам ишонмайман",- дейди Самандар.

Ҳозирда Москвада яшаёткан Ўзбекистонлик ҳукуқшунос Светлана Абдуллохўжаева эса, янги қонун милиция тизимини яхшилаши мумкин деган фикрда.

"Менимча, милицияни полицияга ўзгартиришдан ҳеч ким зарар кўрмайди. Бу тўғри қилинган иш. Агар полицияга оид янги қонун, ҳақиқатан ҳам амалда бажарилса, Россияда милиция томонидан зўравонликлар камаяди", -дейди ҳуқуқшунос Светлана Абдуллохўжаева.

"Полицияга оид" қонун Россия қуйи парламенти томонидан тасдиқлангандан сўнг, 2011 йилнинг 1 мартидан бошлаб кучга киради.

BBCUZBEK.COM таҳририяти SMS рақами +447786201124