Покистон Эронга ракета билан жавоб қайтарди - Сўнгги янгиликлар Уруш ва Тинчлик

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Пол Адамс ва Кэролайн Дэвис
- Role, Лондон ва Исломобод
- Ўқилиш вақти: 5 дақ
Эроннинг дрон ва ракеталар билан берган зарбаларидан икки кун ўтиб Покистон ҳам Эрон ҳудудини нишонга олди. Нималар маълум?
Покистон Эронга ракеталар отиши натижасида 9 киши ҳалок бўлди.
Покистон ракеталар билан Эрон жанубий-шарқидаги Систон-Балужиистон вилоятида "террористлар бошпанаси"га зарба берганини айтди.
Эрон ҳужумни қоралади ва унинг натижасида 3 аёл, 2 эркак ва 4 нафар бола ҳалок бўлганини билдирди.
Ўзаро ҳаво ҳужумлари Яқин Шарқда бир неча инқирозлар сабаб вазият кескинлашган бир маназара рўй бермоқда.
Исроил Фаластинда Ҳамас кучлари билан урушмоқда ва Ливанда Эрон дастагига эга Ҳизбуллоҳ билан отишмоқда. Эрон қўллаб қувватлайдиган Ироқ ва Суриядаги гуруҳлар АҚШ кучларини нишонга олмоқда. АҚШ ва Британия яна Эрон дастаклайдиган Ямандаги Ҳусийларга зарба бермоқда. Ҳусийлар кемаларга ҳужум қилганди.
Покистон Ташқи ишлар вазирлиги Эроннинг Сарафан шаҳрига берилган зарбалар "кенг миқёсли террористик ҳаракат тайёрланаётгани ҳақида ишончли истиҳборот" олингач амалга оширилганини таъкидлади. Вазирлик Эроннинг "суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тўлиқ ҳурмат" қилишини қўшимча қилган.
Покистон армияси чиқарган баёнотда дрон, ракета ва узоқ масофага учувчи ракеталар ёрдамида "аниқ зарбалар" Балужистон Озодлик армиясини ҳамда Балужистон озодлик фронтига қарши йўналтирилгани айтилади.

Икки гуруҳ ҳам Покистоннинг олис жанубий ғарбидаги минтақа бўлмиш Балужистонга катта автомономия беришни сўраб, ўнлаб йилдан бери давом этиб келаётган курашда иштирок этиб келади.
Хитой, Туркия ва Афғонистоннинг Толибон ҳукумати томонларни босиқлик ва музокараларга чақирган.
Эрон ва Покистон алоқалари мураккаб, аммо илиқ. Шу ҳафта уларнинг вазирлари Давосда учрашди, ҳарбий денгиз кучлари эса Ҳормуз бўғози ва Форс кўрфазида қўшма машғулотлар ўтказди.
Икки давлат ҳам балуж ҳарбий гуруҳлари ва наркотика савдоси билан шуғулланувчилар томонидан чегара ҳудудларида ҳукм сураётган қонунсизликдан бир хил хавотирда.
Икки томон ҳам зарбалардан сўнг, бу биродар кўшнига берилган зарба эмаслигини урғулашга ҳаракат қилди.

Теҳроннинг Покистон зарбаларига берган муносабати нисбатан босиқ кўринди. Расмийлар эса аёллар ва болалар доҳил ҳалок бўлганлар Эрон фуқаролари эмаслигини айтишди.
Уилсон марказининг Жанубий Осиё бўйича директори Макл Кугелманнинг айтишича, Покистоннинг жавоб чоралари кескинлашув хавфини орттирса-да, айни вақтда "улар ҳаддан ошмаслик имконини ҳам беради"
"Аслида, ҳозир икки томон ҳам тенг бўлди. Исломободда тийиб туришликни тиклашга ҳаракат қилиш учун ўта кучли рағбат бор эди. Айниқса, Эрон бутун минтақа бўйлаб рақиблари ва таҳдидларга қарши ҳужум уюштираётган, тўғридан тўғри ёки проксилар орқали зарба бераётган бир манзарада", дейди у.
Бошқаларга кўра, Исломободдаги ҳукумат ички босим остида қолган ва жавоб беришга мажбур бўлган.
"Жамоатчилик ҳукуматга нимадир қилиш кераклиги борасида қаттиқ босим ўтказди ва улар Эрондан кам эмаслигини кўрсатиб қўйиш учун шундай қилишди, буни қилич шимариш деса ҳам бўлади", дейди Покистоннинг собиқ Мудофаа вазири истеъфодаги генерал-лейтенант Асиф Ясин.
Аммо у "икки давлат ҳам шу ерда тўхташини" ва Покистон Эрон билан алоқаларни қайта тиклашини ҳис қилаётганини айтади.
17 январ: Эрон қўшни 3 давлатга мисли кўрилмаган зарбалар берди - Покистон норози

Сурат манбаси, Reuters
Эрон сўнгги кунларда қўшни Покистон, Ироқ ва Сурия давлатларига зарбалар берди. Покистон норозилик билдирди ва бу "мутлоқ қабул қилиб бўлинмас"лигини таъкидлади.
Покистоннинг айтишича, сешанба куни Эрон томонидан берилган зарбалар натижасида 2 бола ҳалок бўлган ва 3 нафари жароҳат олган. Покистон ҳафта давомида Теҳрон зарба берган учинчи давлатдир.
Покистон уни "ноқонуний ҳаракат" деб атади ва "жиддий оқибатлар"га олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Эрон бу ҳафта Ироқ ва Суриядаги объектларга ҳам ҳужум қилганди.
Расмий Теҳрон ушбу ҳужумлар Эроннинг хавфсизлигини бузганларни жазолашга қаратилган "мақсадли" амалиётлар эканлигини таъкидлаган.
Эроннинг Покистонга ракета ҳужуми деярли мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди. Сешанба кунги зарбалар жанубий ғарбдаги Балужистон вилоятининг икки давлат чегарасидаги қишлоққа берилган.
Теҳрон этник Балуж сунний мусулмонлардан ташкил топган Жаиш ал-Адл ёки "адолат армияси"ни нишонга олганини айтди.
Гуруҳ Эрон ичига ҳужумлар уюштирган ва Покистон ҳукумат кучларига ҳам қарши чиқади.
Ўтган декабрда Жайш ал-Адл Покистон билан чегарага яқин шаҳар - Раскдаги полиция идорасига ҳужум қилган
Икки ҳафта бурун Эрон Исломий инқилобдан бери энг ёмон ички ҳужумдан азият чекди.

Икки бомба портлаши АҚШ томонидан ўтган йил ўлдирилган Эрон Инқилоб қўриқчилари генерали Қосим Сулаймонийни хотирлаш учун Керманга йиғилган 84 одамнинг ўлимига сабаб бўлди.
Душанба куни Эрон Сурия ва курдлар назорати остида бўлган Ироқ шимолига баллистик ракеталар учирди. Эрон Кермандаги портлашда алоқадор деб кўраётган ИШИД ва Исроилнинг Моссад айғоқчиларини нишонга олганини айтди.
Зарба Ироқнинг Ирбил шаҳридаги бинога берилди. Маҳаллий расмийлар 4 фуқаро ўлдирилгани ва 6 киши жароҳат олганини айтди. АҚШ ҳужумларни қоралади.
Кейин Эрон Суриянинг шимолий ғарбида жойлашган Идлиб вилоятига ҳам зарба берди. Минтақа мухолифатнинг сўнгги таянч нуқтаси ҳисобланади қарийб 3 миллион қочқинга бошпана ҳамдир.
Аммо ядровий қуролга эга, ўзининг шарқдаги қўшниси Покистонга ўарба бериш - бу драматик кескинликдир.
Покистон Ташқи ишлар вазири "Эрон томонидан ҳаво ҳудудларининг асоссиз бузилганини" қоралади ва Теҳронга норозилик нотаси юборди.
Унда ҳодиса "мутлоқ қабул қилиб бўлинмас"лиги айтилган ва "ушбу ноқонуний ҳаракат Покистон ва Эрон ўртасида бир неча алоқа каналлари бўлишига қарамасдан содир бўлиши янада хавотирли" эканлиги таъкидланган.

Чоршанба куни Исломобод Эрондаги элчисини чақириб олганини ва Эрон элчисига ҳозирча ватанига қайтишга рухсат берилмаслигини маълум қилди.
Хитой чоршанба куни Покистон ва Эронни "босиқ" бўлишга чақирди.
"Икки томонни ҳам босиқ бўлишга, кескинликнинг кучайишига олиб келувчи ҳаракатлардан қочишга ва тинчлик ҳамда барқарорликни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирамиз", деган Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мао Нинг.
У Пекин икки давлатни ҳам "яқин қўшни" сифатида кўришини таъкидлаган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Эрон душанба куни кечаси Ироқ шимолидаги Ирбил шаҳридаги нишонларга қарши баллистик ракета зарбалари бергани АҚШ томонидан қораланган.
Эрон зарбалари Ғазо бўлгасида Исроил ва Эрон қўлловига эга Фаластиннинг Ҳамас гуруҳи ўртасида 7 октябрда бошланган урушдан сўнг Яқин Шарқда вазият кескинлашган бир манзарада рўй берди.
Эрон можаронинг кенгайиб кетишига аралашишни истамаслигини айтиб келади. Аммо ўзини "Қаршилик ўқи" деб атовчи гуруҳлар Фаластин билан бирдамлигини кўрсатиш учун Исроил ва унинг иттифоқчиларига ҳужумлар уюштиради.
Ливаннинг Ҳизбуллоҳ ҳаракати Исроил кучлари билан чегарада отишмоқда. Шиа жангарилари Ироқ ва Суриядаги АҚШ кучларига қарши ракета ва дронлар учирмоқда. Яманнинг Ҳусий исёнкорлари Қизил денгизда кемаларга ҳужум қилмоқда.
Исроил Ливанда Ҳамас етакчиларидан бири ҳамда Сурияда Инқилоб қўриқчилари қўмондонининг ўлимларига сабаб бўлган зарба бергани айтилади. АҚШ эса ҳаводан зарба бериб Ироқ жангларилари етакчисини ўлдирган ва Яманда Ҳусийларнинг объектларини бомбалаган.
Покистон ва Эрон ушбу аҳоли кам яшайдиган минтақада қуролли бўлгинчи гуруҳлар, жумладан, Жаиш ал-Арди билан ўнлаб йиллардан бери курашади.
Узунлиги 900 километрни ташкил қилувчи умумий чегарадаги хавфсизлик икки ҳукуматни анчадан бери безовта қилиб келади.
Эрон зарбалари Эрон чегарасидан 45 чақирим узоқликдаги ва энг яқин шаҳар Панжгурдан 90 чақирим олисдаги Сабз Кўҳ қишлоғига берилгани айтилади.
Маҳаллий расмийлар бу ерларни оз сонли аҳоли яшайдиган ҳудуд сифатида таърифлайди.Бу ерда чорва билан шуғулланадиган балуж қабиласи яшайди. Минтақада товар, наркотик ва қурол контарабандаси кенг тарқалган.
"Чегаранинг икки томонидаги одамлар ўзларини энг зарар нарсалардан маҳрум қилинган, камситишларга дуч келган сифатида ҳис қилади. Ва ўз табиий захираларидан катта улуш талаб қилишади", дейди хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Зайғам Хон Би-би-сига.
Эрондаги сунний мусулмонлар бўлмиш балуж этник озчилик қабиласи аксар шиалардан ташкил топган давлат камситаётганидан шикоят қилади. Балуж бўлгинчи гуруҳлари эса Покистон ҳукуматига қарши исёнкор ҳаракатларни давом эттирмоқда.
Теҳрон ушбу гуруҳни ўтган ой ўнлаб эронлик полициячилар ўлимига сабаб бўлган чегара яқинида амалга оширилган ҳужумларга масъул деб билади.
Айни дамда Эрон Ташқи ишлар вазири Аҳмад Воҳидий ҳужумларга масъул жангарилар Покистондаги ҳудуддан кирганини айтди.
АҚШ Миллий Истиҳборот директори идорасига кўра, Жаиш ал-Адл Систон-Балужистонда фаолият юритадиган "ўта фаол ва таъсирли" сунний жангари гуруҳ.
Покистондаги хавфсизлик масалалари бўйича яна бир таҳлилчи Амир Раънонинг Би-би-сига айтишича, "дипломатик инқироз тинчланиб олгунча бироз вақт керак бўлади ва Покистон ҳам айни дамда унинг авж олиб кетишини истамайди".
Унинг билдиришича, Покистон ўтмишда Эроннинг чегарадаги ҳаракатларига муносабат билдирмаган.
"Бироқ энди тўп Эронда, у ҳалол ўйнашни истайдими", дейди таҳлилчи.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















