Янгиликлар: Эрон АҚШ ва Британияни қўрқитдими, Россия кескин кетди, Саудия Арабистони жиддий хавотирда ёки Ҳамасни дастакласа, нима бўлади? Isroil Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, UK MOD
Яқин Шарқдан хавотирли хабарлар олинмоқда. Яман ҳусийлари АҚШ ва иттифоқчиларидан қасос олиши билан огоҳлантирди. Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақиришни сўради.
Нима гап?
АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги ҳусийларга зарба берди, янгилик сарлавҳаларга чиқди.
Хабарларга кўра, ҳаво ҳужумлари чоғида исёнчиларга тегишли 16 жойдаги 60 дан ортиқ объект нишонга олинган.
Портлашлар пойтахт Санодан ташқари ҳусийларнинг Қизил денгиз бўйидаги Ҳудайда порти, Дҳамар ва уларнинг истеҳкоми саналувчи шимолий-ғарбий Саъдо шаҳрида кузатилган.
АҚШ президенти Жо Байден бу Эрон томонидан дастакланувчи мазкур гуруҳнинг Қизил денгиздаги ҳужумларига жавоб эканини айтган.
Ҳусийлар Яманнинг аксарият қисмини назорат қилади ва Исроилга кетаётган кемаларни нишонга олиш билан Ҳамасни дастаклаётганини айтади.

Ҳусийлар Ташқи ишлар вазири муовини АҚШ ва иттифоқчиларининг ҳаво ҳужумларини "очиқдан-очиқ тажовуз", деб атаган ва бунинг "бадали оғир бўлиши" билан огоҳлантирган.
Британия Бош вазири эса, ҳужумларни "чекланган, зарур ва мутаносиб равишда амалга оширилган ўз-ўзини ҳимоя қилиш амали", деб баҳолаган.
Хабарларга кўра, Ямандаги ҳусийларга қарши ҳаво ҳужумларида АҚШ ва Буюк Британияга Австралия, Канада ва Баҳрейн иттифоқчилик қилган.
Шу соатларда олинган хабарларга кўра, ҳусийлар Қизил денгиздаги ҳужумларини тўхтатмасликларини айтиб чиқишган.
АҚШ ва иттифоқчиларининг амалиёти тасвирларда:

Сурат манбаси, US Central Command/Reuters

Сурат манбаси, UK MoD/Reuters

Сурат манбаси, US Central Command/Reuters
Акс-садолар
Эрон ва "Ҳизбуллоҳ" АҚШ ва Британиянинг ҳужумларини қоралашган.
Эрон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, бу Яман "суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига очиқдан-очиқ дахл қилиш" ва халқаро қонунларни бузиш.

Вазирликка кўра, мазкур ҳужумлар "минтақадаги ишончсизлик ва беқарорликни кучайтиришдан бошқа ҳеч қандай натижага олиб келмайди".
Саудия Арабистони эса, АҚШ ва унинг иттифоқчиларини оғир-босиқлик ва эскалацияга йўл қўймасликка даъват этган.
Оммавий ахборот воситаларининг Саудия Арабистони ташқи ишлар вазирлиги баёнотига таяниб хабар беришича, расмий Риёд вазиятни "жиддий хавотир" билан яқиндан кузатиб турибди.

Сурат манбаси, Getty Images
Сўнгги ҳужумларга Россиянинг муносабати кескин бўлган.
"АҚШнинг Яманга ҳаво ҳужуми бу - англо-саксонларнинг БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини оёқ-ости қилиши ва минтақадаги вазиятни бузғунчи мақсадларда кескинлаштириш йўлида халқаро ҳуқуқни буткул менсимаслигининг яна бир мисоли", - дея баён қилган Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова ўзининг Telegram каналида.
Аввалроқ эса, "АҚШ ва Буюк Британиянинг Яманга берган зарбалари туфайли" Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг фавқулодда йиғинини чақиргани маълум бўлган эди.
Жаҳон савдоси учун нимаси хавфли?

Сурат манбаси, Reuters
Суранжана Тевари
Осиё бизнес мухбири, BBC News
Дунёдаги нефть ва табиий газнинг катта қисми ушбу минтақадан келади.
Шунингдек, дунёдаги юк ташишнинг 15 фоизчаси Қизил денгиз ҳисобига тўғри келади.
Ғазодаги уруш бошланганидан бери ҳусийлар 27 та кемага ҳужум қилишди, натижада таъминотдаги тортилиш ва талабнинг пастлиги глобал миқсёда нарх-наволарга таъсир қилаётган бир пайтда савдо оқимлари зарар кўрди.
Баъзи йирик юк ташиш линиялари ва нефть гиганти BP Қизил денгизда таваккал қилишдан кўра, вақт ва харажатларни ошириб бўлса-да, кемаларини аллақачон жанубий Африка бўйлаб йўналтиришни бошлади.
Агар инқироз давом этса, нефть ва товарларнинг қимматлашуви истеъмолчилар, дўконлар ва ёқилғи қўйиш шохобчаларига таъсир қилиши мумкин.
Америкаликлар эҳтиёт бўлиши керакми?

Сурат манбаси, Reuters
Том Бейтман
ББС Давлат департаменти мухбири
Президент Байденнинг баёноти АҚШ ва иттифоқчиларининг ҳусийларнинг халқаро юк ташишга кучайиб бораётган ҳужумларига "тоқат қилмаслиги"ни кўрсатишга қаратилган қатъияти - "аниқ мужда"сини англатади.
Аммо америкаликлар бу йўлда эҳтиёткор бўлишлари керак. Уларнинг мақсади тангликни кучайтирмасдан, ҳусийларнинг денгиз йўлига қаратилган ҳужумларининг олдини олишдир. Уларнинг бош дипломати - АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен эскалацияга йўл қўймаслик мақсадида шу ҳафта минтақада бўлиб қайтганди.
Ҳусийлар Эрон томонидан қўллаб-қувватланади, аммо уларнинг тўлиқ оператив назорати остида эмас. Теҳрон сўнгги ўзгаришлар қандай якун топишини кутади.

Гап шундаки, бир неча йиллик фуқаролар уруши ва Саудия Арабистонининг ўз инфратузилмаларига қилган ҳужумлари ортидан, ҳусийлар кучлироқ қудратларнинг уларни заифлаштириш уринишларига қарши тура олишади.
Биз АҚШ бошчилигида уюштирилган ҳужумларнинг бор кўламини ҳалича билмаймиз. Аммо бу ҳусийларни тўхтатиши аниқ эмас - улар аллақачон Американинг ҳужуми ўзларининг Қизил денгизда кенг миқёсли жавобларига сабаб бўлиши билан огоҳлантириб бўлишди.
Ҳусий исёнчилар кимлар?

Сурат манбаси, Reuters
Ҳусийлар Ямандаги мусулмон озчилик шиа зайдийларнинг кичик мазҳабига мансуб қуролли гуруҳдир. Улар ўз номини ҳаракат асосчиси Ҳусайн ал-Хусийдан олган.
Расман Ансоруллоҳ номи билан танилган гуруҳга 1990-йилларда ўша пайтдаги президент Али Абдуллоҳ Солиҳнинг коррупциясига қарши курашиш учун асос солинган.
Саудия Арабистони ҳарбийлари томонидан қўллаб-қувватланган президент Солиҳ 2003 йилда ҳусий исёнчиларини йўқ қилишга уринган, бироқ ҳусийлар уларнинг ҳар иккисига ҳам бас келишнинг уддасидан чиққан.
2014 йил бошларида улар мамлакат шимолидаги Саада вилоятини босиб олди, сўнг мамлакат пойтахти Санони эгаллаб, 2015 йил майида президент Ҳадийни хорижга қочишга мажбур қилди.
2015 йил майида коалициянинг қуруқлик кучлари порт шаҳар Аданга тушди ва ҳусийларни мамлакат жанубидан қувиб чиқарди. Аммо уларни пойтахт Сано ва мамлакат шимолидан даф эта олмади.
Яманнинг расмий ҳукумати ҳозир Аденда, президент Ҳодийнинг ўзи эса Саудия Арабистонида.

Ҳуcийлар ўз назорати остидаги ҳудудни бошқариш учун собиқ президент Али Абдуллоҳ Солиҳ билан ҳамкорликда "сиёсий кенгаш" тузди. Бироқ 2017 йил декабрида Солиҳ ҳусийлар билан алоқаларини узди ва ўз тарафдорларини уларга қарши курашишга чақирди. Солиҳ ўлдирилди ва ҳусийлар унинг кучларини мағлуб этди.
2018 йилда Солиҳ тарафдорлари Саудия Арабистони бошчилигидаги коалицияга қўшилди. Улар биргаликда Қизил денгиздаги Худайда шаҳрини қайтариб олиш учун ҳуcийларга қарши катта ҳужум бошладилар. Порт очлик хавфи остида қолган миллионлаб яманликлар учун ҳаёт йўли ҳисобланади.
Олти ой давом этган шиддатли жанглардан сўнг ҳар икки томон сулҳ тузишга рози бўлди.
2021 йилда ҳуcийлар ҳукуматнинг шимолдаги сўнгги таянчи ва нефтга бой вилоят маркази бўлган Мариб шаҳрига ҳужум бошлади.
Жорий йил март ойида вилоят бўйлаб жанглар авж олди ва минглаб одамлар уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлди.
Ҳусийлар Саудия Арабистони ва БААдаги нишонларга баллистик ракеталар ва дронлар билан ҳужум қилди, жумладан, нефть объектларига зарба беришди, шунингдек, тинч аҳоли ҳам талафот кўрди.
Саудия Арабистони ва АҚШ расмийлари Эронни БМТ қурол эмбаргосини бузган ҳолда ҳусийларга дронлар каби қурол-яроғлар контрабанда қилишда айблади. Эрон бу айбловни рад этди.
Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция, БМТ маълумотларига кўра, минглаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди, натижада ўн минглаб одам ҳалок бўлди.
Буларга "икки карра уриш" ҳужумлари киради, бунда биринчи зарба душман қўшинларига берилса, иккинчиси уларга ёрдамга борган одамларга тушади.
БМТ фуқаролар урушида қатнашаётган ҳар икки томон ҳам уруш жиноятларини содир этган бўлиши мумкинлигини айтади. Ҳар икки томон айбловларни рад этиб келмоқда.
2022 йил апрель ойида Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция ва ҳусий исёнчилар ўртасида БМТ воситачилигида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришилди, бироқ томонлар олти ой ўтиб келишувни янгилай олмади.
Бироқ яқинда улар ишончни мустаҳкамлаш чораси сифатида 900 га яқин асирни алмашишга келишиб олдилар. Бу жараёнлар доимий оташкесимга олиб келишига умид қилмоқда.
11 январ. Халқаро судда Исроилга қарши геноцид иши

Сурат манбаси, Getty Images
Гаагадаги Халқаро Жиноят судида Жанубий Африканинг Исроилга қарши геноцид ишини кўриб чиқиш бошланди.
Нидерландиянинг Гаага шаҳрида жойлашган БМТнинг Халқаро Жиноят суди Жанубий Африка республикаси(ЖАР)нинг Исроилга қарши Ғазо бўлгасида геноцид содир этаётгани даъвосига асосланган суд ишини кўриб чиқишни бошлади.
11 январ эрталабдан Гаага трибунали биноси олдида фаластинпараст ва исроилпараст намойишчилар тўпландилар, уларнинг бир-бирига нисбатан ғазабнок кайфияти кузатилди.
Нидерландия полициясининг намойишчиларни тарқатишига тўғри келди.
Судда ЖАРнинг Нидерландиядаги элчиси Вусимузи Мадонсела биринчи бўлиб сўз олди, у шундай деди:
"Авваламбор, Жанубий Африка шуни эътироф этадики, геноцид амаллари ва Исроил давлатининг рухсати 1948 йилдан буён Фаластин халқига қарши содир этилаётган ноқонуний ҳаракатлар давомининг шубҳасиз таркибий қисми ҳисобланади.

Сурат манбаси, .
"Ариза геноцид ҳаракатларини ва Исроилнинг бунга қарши чора кўрмаслигини Исроилнинг 75 йиллик апартеид, 56 йиллик оккупация ва Исроил томонидан Ғазога киритилган 16 йиллик блокаданинг кенг маънодаги контексти ичига киритади", деди Жанубий Африка элчиси.
Халқаро Жиноят судида чиқиш қилган Жанубий Африка ҳуқуқшуносларининг айтишларича, ЖАР Исроилнинг Ғазодаги халқаро қонунчиликка зид амаллар содир этаётганини ўзларига етказиш учун Исроил расмийлари билан учрашув таклиф этган, бироқ Исроил давлати бунга кўнмаган.
Шундан сўнг геноцид ишини Халқаро Судга олиб чиқишга қарор қилганлар.
Жанубий Африка ҳуқуқшунослари Ғазонинг ичимлик суви, электрдан узиб қўйилиши, қамалда ушлаб турилиши у ердаги халқни йўқ қилиш амали деб талқин этилмоғи лозим.
Ушбу иш Исроилдан Ғазодаги ҳарбий амалиётларини тўхтатишни талаб қилмоқда.
Мухбирларга кўра, Гаагада кўрилаётган иш жиноят иши эмас, бу иш Исроил геноцид амалларини содир этаяпти деган даъво бўйича ўз нуқтаи назарини ифода этилиши талаб қилинадиган иш.
Исроилнинг Ғазони "вайрон этиш" режаси "давлатнинг энг юқори даражасидан" келаяпти, дейилди судда.
Исроил тарафи ўз ҳимоясига судда 12 январ куни чиқиш қилиши кутилади.
Исроил ЖАРнинг ўзига қарши даъволарини ғазабнок қабул қилмоқда, бу айбловлар "асоссиз" дейди.
ЖАР Олий Суди ҳуқуқшуноси Тембека Нгкукайтобининг Гаага судида айтишича, Исроилнинг "геноцид нияти"нинг исботи "ҳарбий ҳужумлар амалга оширилиши йўлидан" аёнлашади.
"Ғазони вайрон этиш нияти давлатнинг энг юқори даражасидан етишиб чиққан", деди ҳуқуқшунос.

Сурат манбаси, Getty Images
"Ҳар куни Фаластин халқи умрининг, мол-мулкининг, қадр-қиммати ва инсонийлигининг ортиб бораётган, тузатиб бўлмас йўқотилиши", деди ЖАРнинг яна бир юристи Алида Ҳассим.
"Буларни ушбу суднинг буйруғидан бошқа ҳеч нарса тўхтатолмайди", деди Ҳассим хоним.
Суд бошланишидан олдин ўз исбот-далилларини тақдим этган ЖАР томонига кўра, "Исроилнинг амаллари Фаластин миллати, ирқи ва этник гуруҳининг салмоқли қисмини йўқ қилиш ниятига қаратилган".
Жума куни Исроил вакиллари ўз ҳимояларига чиқиш қиладилар, бироқ Исроил Ғазодаги амаллари ўзини оқлайди, чунки бу Ҳамаснинг 7 октябрдаги қонли ҳужумларига жавоб деб келади.
Бироқ Халқаро Жиноят судида чиқиш қилган ЖАР Адлия вазири Роналд Ламола, Исроилга қарши содир этилган ҳар қандай ваҳшийлик Исроилга Геноцид конвенциясини бузишга изн бермайди, деди.
"Давлат ҳудудига бирорта қуролли ҳужум, у қанчалик жиддий бўлмасин, ҳатто ваҳшиёна жиноятлар билан боғлиқ ҳужумлар ҳам, бу ҳуқуқ масаласи бўлсин, ёки ахлоқ масаласи конвенцияни бузишга оқлов бўлолмайди", деди Адлия вазири Роналд Ламола.
1948 йилдаги Геноцид конвенциясини Исроил ҳам имзолаган, бу нарса давлатдан геноцид содир этилиши олдини олишни талаб қилади.
Гаагадаги Халқаро Жиноят Судининг қарори назарий жиҳатдан бу судни тан олган мамлакатлардан ўз қарорларини ижро этишни талаб қилади, аммо мажбурлай олмайди.
Судни Исроил ҳам, ЖАР ҳам тан олган.
ЖАРнинг геноцид ишини Исломий Ҳамкорлик ташкилоти, Малайзия, Туркия, Иордания ва Боливия қўллаб-қувватлаб чиқдилар.
Шунингдек, Малдив, Намибия, Покистон, Араб Лигаси, Колумбия ва Бразилия ЖАР томонида эканини изҳор этдилар.
АҚШ ўз қаршилигини билдирди.
Исроилнинг Ғарбдаги иттифоқчилари, шу жумладан, Европа Иттифоқи сукут сақламоқда.
Буюк Британия ушбу ишни дастаклашдан бош тортди.
Шу куни Ғарбий соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳри Нелсон Мандела хиёбонида кичик юриш ташкил қилинган, унда Фаластин Бош вазири Муҳаммад Штаййе Жанубий Африка республикасига геноцид ишини кўтариб чиққани учун миннаторлик билдирган.
"Агар Ғазода 23000 одам ўлдирилгани геноцид деб кўрилмаса, билмадим яна нима кўрилади", деди Фаластин бош вазири.
Исроил Ташқи ишлар вазирлиги Халқаро Жиноят судидаги ишга кескин муносабат билдирди, Жанубий Африка "Ҳамаснинг ҳуқуқий қўли" ролини ўйнаяпти деди.
Фаластин расмийлари Исроил Ғазода 380 масжидни вайрон этди, улар орасида айримлари минг йилждан ҳам олдин барпо этилган масжидлар деди.
Финландияда 1,5 минг мусиқа бизнеси вакиллари Исроилни Евронигоҳ танловидан чиқариб ташлашни талаб қилиб чиқдилар.
9 январ. Саудия элчиси: Исроилга бошқалардек муомала қилинг

Сурат манбаси, Getty Images
Би-би-сининг Radio 4 канали Саудия Арабистонининг Буюк Британиядаги элчиси Шаҳзода Холид бин Бандар ал-Сауд билан суҳбат қилди.
Саудия элчиси Ғарб, "Исроилга бошқа ҳар қандай мамлакатга бўлгандек муомала қилиши лозим", деди.
"Агар кимдир бугун исроилликлар қилаётган ишни қилганида эди, у халқаро ҳамжамиятдан узиларди, сиз одамлар санкциялар ҳақида гапираётгани, шунга ўхшаш ишларни кўрган бўлардингиз. Мен адолатли муносабатни кўраётганим йўқ. Исроилга нисбатан кўр ҳудуд(инглиз тилида blind spot) ҳақиқий муаммодир. Чунки у сулҳга нисбатан кўр ҳудуд ҳосил қилаяпти", деди Саудия элчиси.
7 октябр ҳужумларидан олдин Исроил билан дипломатик муносабатларини яхшилаш ҳаракатини бошлаган Саудия Арабистони Фаластин ҳудудлари келажагида қандай роль ўйнаши мумкин, деган саволга элчи Шаҳзода Холид бин Бандар ал-Сауд, оташкесимсиз бирор бир режа имконсиз, деб жавоб қайтарди.
Бироқ, Исроил Ғазода ҳарбий амалиётларини тугатганидан кейин Ғарбий соҳилни назорат қилиб турган Фаластин маъмурияти Ғазо устидан назоратни ўз қўлига олар экан, бу маъмурият халқаро қўллаб-қувватловга муҳтож бўлади, деди элчи.

Сурат манбаси, Reuters
"Бу қандай рўй берди, нимадан рўй берди, булар фаластинликлар билан халқаро ҳамжамият билан муҳокама этилмоғи лозим. Ва бу саволларсиз, уларни Исроил қабул қилмаса, сиз ҳеч нарса қилолмайсиз", деди Саудия элчиси.
Келажакда Фаластин давлати бошқарувига Ҳамасга изн бериладими деган саволга элчи, айрим талабларга жавоб бершиса, деди ва қўшимча қилди: "Муроса бўлмаса, ечим йўқ".
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен яна Яқин Шарқ бўйлаб Ғазо урушини тўхтатиш дипломатик сафарини давом эттираяпти, у Исроил расмий мулозимлари билан Тел-Авивда учрашган.
АҚШ расмийлари хабар қилишича, Америка Давлат котиби Блинкен Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняҳуга "янада кўп тинч фуқароларга шикаст етиши олдини олиш ва фуқаровий инфратузилмаларни ҳимоя қилиш муҳимлигини урғулаган".
Ғазодаги Ҳамас соғликн сақлаш расмийлари хабар қилишича, охирги 24 соат мобайнида бўлгада 126 инсон ҳалок бўлган.

Сурат манбаси, Reuters
Исроил ўзининг тўққиз ҳарбийси ҳалок бўлгани хабарини тарқатди.
Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғазо бўлгасидаги шифохоналар атрофидаги хавфсизлик вазияти зудлик билан ёмонлашиб бораётганини айтмоқда.
Маҳаллий ғазоликлар айтишларича, маҳаллий сотувчилар озиқ-овқат маҳсулотларининг нархларини кўтариб юборганлар, бу нархларда оддий одамларнинг егулик сотиб олишга қурби етмайди.
Исроилнинг шимолдаги Ливан билан чегарасида вазият тобора таранглашаётгани кузатилмоқда.
Бир кун олдин Ливан жанубида Исроил дрони билан автомобилига ҳужум қилинган Ҳизбуллоҳ қўмондонларидан бири Виссам Тавилнинг дафн маросими Хирбет Салом қишлоғида бўлиб ўтган.
Исроил Ҳизбуллоҳни қуролли можаро оқибатларидан огоҳлантирди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
8 январ. АҚШ: Фаластинликлар Ғазода қолишга ҳақли - Ҳамас Ғазо шимолида парчаландими?

Сурат манбаси, Reuters
АҚШ Давлат котиби фаластинликлар Ғазода қолишга ҳақли эканлигини айтди. Исроил Ғазо шимолида Ҳамасни парчалаб ташлаганини даъво қилмоқда.
Ҳамас бошқарувидаги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг айтишича, уруш бошлангандан бери Ғазода камида 23084 инсон ҳалок бўлган. Хабарда айтилишича, вазирлик сўнгги 24 соат ичида 249 ўлим ҳолатини қайд қилган. Жароҳатланганлар сони 58926 га етган.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен фаластинликлар Ғазони тарк қилишга мажбурланмаслиги ва шароит туғилиши билан ўз уйларига қайтишга изн берилиши кераклигини айтди.
Блинкен фаластинликларни бошқа жойга кўчиришга чақирган айрим Исроил вазирларининг баёнотларини қоралаган.
Алоқадор мавзулар:
АҚШ мулозими Яқин Шарққа қилган сафари сўнггида Қатарга борган.
Унинг сўзлари Жабалия қочқинлар жамлоғида 70 одам ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарлардан сўнг янграган.
Жабалияда олинган тасвирларда бузилган биноларнинг вайроналарида ётган жасадлар ётгани кўринган. Уларнинг кўпчилиги аёллар ва болалар бўлган.

Исроил Мудофаа кучлари матбуот котиби Би-би-сига "ҳужумда ҳарбий нишонга қарши ҳаракат қилингани ва зикр қилинган қурбонлар сонидан хабардор эмас"лигини айтди.
Исроил: Ҳамасни Шимолий Ғазодан Ҳамас қўмондонларидан тозаладик
Исроил армияси Ғазо бўлгаси шимолида Ҳамаснинг қўмондонлик структурасини йўқ қилишни ниҳоясига етказганини айтмоқда.
Армия матбуот котиби Даниэл Ҳагарининг айтишича, фаластинлик жангарилар ҳудудда вақти-вақти билан ва қўмондонларсиз ҳаракат қилмоқда.
Унинг айтишича, Исроил шимолий Ғазода тахминан 8 минг жангарини ўлдирган. Би-би-си ушбу рақамларни мустақил текшира олмади.
У Исроил Мудофаа кучлари энди Ҳамасни жануб ва Ғазо марказида парчалашга диққатини жамлаганини таъкидлади.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002














