Эрон: Дунёни ўзига қаратган сурат нимаси билан кучли эди? Видео Yangiliklar

Сурат манбаси, Social media
Эронлик аёл Маҳса Аминийнинг қамоқхонада ўлдирилганига қарийб бир йил тўлди. У Эрон аҳлоқ полицияси томонидан гўёки сочини ёпмади деган айблов билан ушланганди. Унинг ўлими Эрон бўйлаб намойишларга сабаб бўлган ва оқибатда ҳукуматнинг кескин жавобига дуч келганди.
Ўшандан бери минглаб одам ҳибсга олинди, ватанини ташлаб чиқишга мажбур қилинди ёки ўлдирилди.
Ўша вақтдаги бир сурат - кесилган сочини қўлига олиб, онаси қабри тепасида турган аёл тасвири бутун дунёнинг диққатига тушганди.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Рўё Пираи намойишда ўқ еб ҳалок бўлган онаси билан видолашувини эслайди.
"Қабрга тушдим ва оҳиста юзини ушладим. Жуда совуқ эди", дейди у.

Сурат манбаси, Social media
Ўтган йил Эрондаги намойишларнинг шафқатсиз бостирилишини ярқ этиб кўрсатган ва дунёнинг эътиборини тортган сурат.
Ўшанда Рўё онасининг қабри бошида кесилган сочини қўлига олиб расмга тушган.
Эрон ғарбидаги курдлар яшайдиган Кермоншохда 3 фарзанднинг онаси 62 яшар Мино Мажидий қизига айтмасдан намойишларга қўшилади.
"Агар менга айтганида, албатта, бирга чиққан бўлардим. Отам жуда хавотирланган ва уни намойишга боришдан қаттиқ қайтарган. Онам, "агар сен ва мен чиқмасак, ёшларни йўқотамиз-ку", деб жавоб берган", деб эслайди Рўё.

Мино Мажидий она шаҳридаги намойишларга қўшилади.
У қуш отадиган сочма ўқлар билан 167 марта отилади.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода ерда ётган Рўёнинг онаси Мино Мажидийни кўриш мумкин.
Одамлар унга ёрдам беришга ҳаракат қиляпти аммо намойишчилар у орқадан отилганини билмаяпти. Ундан қон оқяпти.
Мино Мажидий шифохона йўлида ҳалок бўлади. Рўё шокка тушади.

Сурат манбаси, Courtesy
"Ичимдагини гап билан чиқара оладиган инсон эмасман. Туйғуларимни кўрсатмоқчи бўлдим. Сочимни кесдим. Кейин ўтириб, йиғлаб юбордим", дейди Рўё Пираий.
Бироқ онаси ўлганидан 7 кун ўтиб кўрсатган жасорати Эрон ичи ва ташқарисидаги миллионлаб одамларнинг эътиборини тортди.
"Онам ўтганидан кейин еттинчи куни рамзий маънода сочимни олдим. Чуқур қайғу ва ғазабда эканлигимни кўрсатиш учун расмга тушдим".
Чоп қилинганидан саноқли дақиқалар ўтиб Рўёнинг сурати ижтимоий тармоқни портлатди. Оиласи уни хавфсизлик кучлари ҳибсга олишидан қўрқиб қолади.
"Қамоқда вақти жинсий тахқирларга учраган қизлар ҳақида даҳшатли ҳикояларни эшитгандик. Эртаси куни отамга Рўё чиқиб кетиши керак дедим", дейди опаси Маҳса Пираий.
Рўё ўқиши, оиласи ва она шаҳрини ташлаб Туркияга қочиб ўтди.
Эронда намойишлар авжига чиққан вақтда Франция Президенти Эммануэл Макрон намойишчиларга бирдамлигини кўрсатиш учун эронлик фаол аёллар билан учрашишни истайди.
Рўёнинг расми унинг маслаҳатчилари эътиборини тортади. Рўё Парижга боради.
"Мен Мино Мажидийнинг қизиман. Бу менинг онам", деганди у ўша учрашувда.
Рўёнинг ҳаракати ва онаси қабри бошида тушган расми Эрон намойишлари қурбонларининг энг ёрқин тасвири бўлди.
"Сиз жуда ҳам илҳомбахш, жасур ва нотиқ экансиз. Сиз билан бирга ўтириш мен учун шараф", деганди у билан видео орқали онлайн суҳбат қурган машҳур актриса Анжелина Жоли.
"Бу авлод Ислом республикаси қадриятларига бўйсинмайди. Ислом республикаси бу авлодни ортиқ бошқара олмайди. Улар яккаҳокимликка тоқат қилмайди. Албатта, бу уларнинг табиатига мос эмас", деб таъкидлайди Рўё Пираий.
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002










