Нигердаги давлат тўнтариши: Нега Франция кетиб, Россия келсин дейишмоқда? Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, .
Нигер президентини ҳокимиятдан ағдарган ҳарбийларнинг айрим тарафдорлари Россияни қўллаб-қувватлашларини намойиш этаяптилар.
Нигердаги давлат тўнтаришидан кейин Ғарбга нисбатан душманлик кайфияти кучайиб бораётганини намойиш этиб, бир тадбиркор Россия байроғи рангларидаги кийимларини фахр билан намойиш этди.
Тўнтаришдан кейин ҳарбийлар ва Ғарб ўртасида сўз жанги давом этяпти.
Алоқадор мавзулар:
Ағдарилган президент Муҳаммад Базум жангари исломчиларга қарши курашда Ғарбнинг ишончли иттифоқчиси, шунингдек, кучли иқтисодий ҳамкори эди.
Нигерда француз ҳарбий базаси жойлашган бўлиб, уран қазиб олиш бўйича дунёда еттинчи ўринда туради. Ёқилғи ядровий энергия учун жуда муҳим, унинг чорак қисми Европага, хусусан, собиқ мустамлакачи давлат Францияга кетади.
Генерал Абдураҳмон Чиани 26 июлдаги давлат тўнтариши натижасида президентни ағдарганидан сўнг кўчаларда бирданига Россия байроғи ранглари пайдо бўлди.
Якшанба куни пойтахт Ниамейдаги намойишда минглаб одам иштирок этди, баъзилари Россия байроқларини кўтариб, ҳатто Франция элчихонасига ҳужум қилди.
Энди бу "ҳаракат" бутун мамлакат бўйлаб кенг тарқалаётганга ўхшайди.
Марказий Зиндер шаҳридан 800 км узоқликда яшовчи тадбиркор (хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини айтишни истамади ва юзини хиралаштиришимизни сўради.
"Мен россияпарастман ва Францияни ёқтирмайман. Болалигимдан Францияга рақиб бўлганман.
Улар ватанимнинг уран, бензин, олтин каби барча бойликларидан фойдаланишган. Энг камбағал нигерликлар Франция туфайли кунига уч маҳал овқатлана олмайди."
Тадбиркорнинг айтишича, ҳарбий тўнтаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида душанба куни Зиндерда ўтказилган намойишда минглаб одам қатнашган.
Унинг айтишича, у маҳаллий тикувчидан Россия байроғи рангидаги - оқ, кўк ва қизил рангли мато олиб, унга костюм тикиб беришни сўраган.
У бунинг учун россияпараст гуруҳлар тўлаганини рад қилди.
Нигерда 24,4 миллион аҳоли истиқомат қилади, улардан ҳар беш кишидан иккитаси ўта қашшоқликда яшайди, яъни кунига 2,15 доллардан кам даромад олади.

Сурат манбаси, AFP
1960 йилда мустақилликка эришганидан кейин 2021 йили Нигерда биринчи демократик ва тинч йўл билан ҳокимият алмашинувида Президент Базум ҳокимиятга келган эди.
Аммо унинг ҳукумати Саҳрои Кабир чўли ва жанубдаги ярим қурғоқчил Саҳел бўйлаб кезиб юрган "Исломий давлат" ва "Ал-Қоида"га алоқадор исломий жангарилар томонидан нишонга олинган.
Франция муҳим манфаатларга эга бўлган собиқ француз мустамлакалари бўлмиш яна икки давлатда армия исломчилар босими остида ҳокимиятни қўлга олди.
Нигерда бўлгани каби, аввал ҳам ҳар икки давлатда кўп сонли француз қўшинлари бўлган, бироқ исломчилар ҳужумлари давом этаверган. Уларнинг бу ҳужумларидан зада бўлган одамлар французларни уларга қарши етарли чора кўрмаётганликда айблай бошладилар.
Ҳокимиятга келганидан сўнг, Малидаги хунта биринчи навбатда француз қўшинларини, кейин эса минглаб БМТ тинчликпарвар кучларини мамлакатдан чиқариб юборгач, россиялик ёлланма жангарилар ширкати «Вагнер» гуруҳини кутиб олди.
Малидаги исломий ҳужумлар давом этар экан, Буркина-Фасо хунтаси ҳам Россияга яқинлашиб, юзлаб француз аскарларини мамлакатдан чиқарди.
Нигерда жаноб Базум маъмурияти Францияга қарши намойишларни тақиқлаб келган.
Бир неча фуқаролик жамияти гуруҳлари 2022 йил ўрталарида французларга қарши норозилик намойишларини кучайтира бошлади. Бунда президент Базум маъмурияти французларнинг Малидан чиқарилган Бархан кучларини Нигерга қайта жойлаштиришни маъқуллагани баҳона бўлганди.
Улар орасида 2022 йил август ойида фаоллар, фуқаролик жамияти ҳаракатлари ва касаба уюшмалари коалицияси томонидан тузилган М62 ҳаракати муҳим роль ўйнади. Улар нарх-наво қимматлашиши, нотўғри бошқарув ва мамлакатда француз қўшинлари ҳозирлигига қарши чиқишлар уюштирдилар.

Гуруҳнинг режалаштирилган турли норозилик намойишлари Нигер ҳукумати томонидан тақиқланган ёки зўравонлик билан бостирилган, унинг раҳбари Абдулае Сейду 2023 йил апрель ойида "жамоат тартибини бузганлик" учун тўққиз ойга қамалди.
Президент Базум лавозимидан четлатилганидан кейин М62 тирилганга ўхшайди.
Давлат телевидениеси ушбу ҳаракат аъзолари хунтани қўллаб-қувватлаш учун оммавий намойиш ташкиллаштиргани ва Ғарбий Африка раҳбарларининг мамлакатдаги давлат тўнтариши билан боғлиқ санкцияларини қоралагани ҳақида хабар тарқатди.
Гуруҳ Ватан Мудофаа Миллий Кенгаши деб номланувчи хунтага алоқадорми ёки Россияга, аниқ эмас.
Аммо якшанба кунги намойишни уюштирган соябон гуруҳ бўлиб, унга Демократик курашни мувофиқлаштириш қўмитаси Букат ва Нигер учун ёшлар ҳаракати каби кичикроқ фуқаролик жамияти гуруҳлари ҳам кирди.
Зиндерга қайтган россияпараст тадбиркор Москва Нигерга ёрдам бера олишига ишонади.
"Россия хавфсизлик ва озиқ-овқат соҳасида ёрдам беришини хоҳлайман, - дейди у. - Россия қишлоқ хўжалигимизни яхшилаш учун технология етказиб бериши мумкин".
Аммо Зиндерда яшовчи фермер Мутака бу гапларга қўшилмайди ва давлат тўнтариши ҳамма учун ёмон бўлганини айтади.
"Мен русларнинг бу мамлакатга келишини қўллаб-қувватламайман, чунки уларнинг ҳаммаси европалик ва бизга ҳеч ким ёрдам бермайди, - дейди у. - Мен ўз ватанимни яхши кўраман ва тинчликда яшашимизга умид қиламан".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002















