Диктаторни қулатган қўшиқчи. У ким? Dunyo Yangiliklar

- Author, Майк Томсон
- Role, BBC News, Сфакс
Тунислик рэп қўшиқчиси Эл Генерал 2010 йили ўзининг роса оммалашган "Жаноб Президент" номли видео клипини чиқарганда атиги 21 ёшда эди.
У оқава сув босган, граффити билан безатилган қоронғи хиёбонда туриб, мамлакатнинг ўша пайтдаги диктатори Зайн ал-Обидин Бен Алига ҳеч ким журъат эта олмаган тарзда зарба берди.
Ҳамада Бен Амор исмли бу йигитнинг қўшиғи бутун бир авлоднинг ғазаби, умидсизлиги ва тушкунлигини ифода этди.
Алоқадор мавзулар:
"Мен бунинг оқибатлари бўлишини билардим, ёшлигим туфайли қўрқдим. Қилган ишим хавфли эканини билардим", дейди у Би-би-сига Сфакс қирғоқбўйи шаҳридаги студиясидан телефон орқали.
Эл Генерал тезда машҳур бўлиб кетди, ўша видеода унинг бейсбол кепкаси пешонасидан пастга туширилганди, унинг кимлигини кўпчилик билмас эди. Бироқ намойишчилар бутун мамлакат бўйлаб унинг қўшиғини куйлагани сабабли, Эл Генералнинг ниқоби охир-оқибат очилди ва у ҳибсга олинди.
"Биласизми, тамом, деб ўйлагандим, чунки ўша пайтда Ички ишлар вазирлигига борсанг, у ердан қайтиб чиқмасдинг."
Яхшиямки, кутилмаганда Эл Генерал бир неча кундан кейин озод қилинди. Шу пайтгача унинг қўшиғи нафақат Тунис учун инқилобий мадҳия, балки Миср кўчаларидан тортиб, Баҳрайн бозорларигача Яқин Шарқда демократия учун ҳайқириққа ҳам айланган эди.
Эл Генералнинг сурати Time журналининг биринчи саҳифасида чиқди, у дунёдаги энг таъсирли 100 киши рўйхатига киритилди.


2011 йил январь ойи ўрталарида Бен Али мамлакатдан қочди. Эл Генерал ва бошқа намойишга чиққанлар барчаси ғалаба қозонди.
Афсуски, демократия Тунисда кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди. Араб баҳори пайтида ҳукуматлари ағдарилган мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Тунис инқилобдан яхши ўтган бўлса ҳам, кейинги ҳукуматлар кўпчилик тунисликларнинг аҳволини яхшилаш учун деярли ҳеч нарса қилмади.
Аксарият сиёсатчилар қулаган иқтисодни сақлаб қолишдан кўра, беҳуда жанжал ва ўзини кўрсатишдан нарига ўтмади. Демократия тез орада кўпчилик учун анархия, сиёсий инерция ва қонун ва тартиб қулаши билан синоним бўлиб қолди.
Буларнинг барчаси Қайс Саиднинг 2019 йилги президентлик сайловларида ғалаба қозонишига сабаб бўлди. Собиқ ҳуқуқшунос профессор мамлакатни сиёсий ва иқтисодий тартибсизликдан қутқаришга ваъда берди. Унинг танқидчилари шундан кейинги воқеаларни давлат тўнтариши деб таърифлайди.
2021 йил июль ойида парламент фаолияти тўхтатилгандан сўнг, популист президент ўзига ўзи фармон билан мамлакатни бошқариш ваколатини берди. Кўп ўтмай, у парламентни тарқатиб юборди, ўшандан сўнг бу парламент ўрнига президентга қаршилик кўрсатиш кучига эга бўлмаган заифроқ парламент келди.
Саид судлар мустақиллигини қўриқлаган Судьялар олий кенгашини тарқатиб юборди, кейин 50 дан ортиқ судьяни ишдан бўшатди.
Ўтган йили перзидент Саид аксар мухолифат гуруҳлари томонидан бойкот қилинган референдумда ғалаба қозонгач, конституцияни қайта ёзди ва бу унга ўз қўлида кўпроқ ҳокимият жамлаш имконини берди. Сиёсатчилар, ҳуқуқшунослар ва журналистлардан тортиб академик ва фаолларгача бўлган ўнлаб мухолифлар ҳибсга олинди.
Эл Генерал мамлакат қўрқув ва қатағон кунларига қайтгандек ҳис қилади.
"Биз ҳар доимгидан ҳам кўпроқ назорат остидамиз. Биз ҳозир ёки 2010 йилда яшаяпмизми, билмаймиз. Мен мамлакатимиз хавф остида қолганини ҳис қилаётган кўпчиликдан бириман. Биз ҳали ҳам шокдамиз. Бундай даражадаги репрессияни кутмаган эдик".
Президент Саид мухолифатни самарали тор-мор этган бўлса ҳам, нархларни пасайтиришда унчалик муваффақият қозона олмади.
Инфляция туфайли кўплаб озиқ-овқат нархлари ҳатто ўрта синф тунисликлар учун ҳам қиммат, гуруч, шакар ва ёғ каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг кескин танқислиги бор. Буларнинг барчаси, дейди бозор сотувчиларидан бири, баъзи одамларни озиқ-овқат излаб, йўл четидаги ахлатларни титишгача мажбур қилмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Ҳеч бир жойда қашшоқлашув Тунис пойтахтидаги Эттадҳамен кварталидагичалик кўринмайди, бу ерда ёшлар ишсизлиги айниқса кенг тарқалган.
Гиёҳванд моддалар истеъмоли ҳолатлари кўпайгани сабабли, исми сир қолишни истаган спорт зал эгаси кикбоксинг машғулотларини ўтказа бошлади. У спорт ёшларда ғурур туйғусини, гиёҳвандликдан бошқа нарсага қизиқиш уйғотишига умид қилмоқда.
Қаттиқ машғулотлардан қаттиқ терлаган бир йигит Европада кикбоксинг мусобақаларида қатнашиб, спортнинг энг юқори чўққисига чиқмоқчи эканлигини айтади. Ғояси эса у ерга етиб бориши биланоқ кемадан қочиш эди.
"Агар менда хорижга чиқиш ва бокс билан шуғулланиш имконияти бўлса, биринчи навбатда у ерда қандай қолиш ҳақида ўйлайман. Очиғи, агар йўл топсам, қайтиб келмайман".
Аммо спорт зал эгаси кейинчалик спорт маъмурлари бундай схемаларни яхши билишини унга тушунтирди.
Унинг айтишича, улар хорижда мусобақаларда қатнашаётган тунисликларнинг паспортларини олиб қўйиб, ўзлари мусобақаларда ҳамроҳлик қилишади.
Минглаб бошқа умидсиз тунисликлар кичик қайиқларда Европага етиб боришга уринаётган африкалик муҳожирларга қўшилишмоқда.
Афсуски, кўпчилик бунга эриша олмайди. 2014 йилдан бери Ўртаер денгизини ноқонуний кесиб ўтишга ҳаракат қилган 28 мингга яқин одам ҳалок бўлди.
Кўпчилик ўта хавфли бу саёҳатда омон қолади. Жорий йил Италияга 60 мингдан ортиқ муҳожир келган, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан икки баравар кўп.
Уларнинг сони ортиб боргани сари Европа Иттифоқининг уларнинг келишини тўхтатишга бўлган қатъияти ҳам ортиб бормоқда. Тунис раҳбари учун бу яхши даромад.
Жорий йил бошида у Европага чегарачилик қилмоқчи эмаслигини айтганига қарамай, яқинда Тунис президенти мамлакатдаги одам савдосига қарши кураш учун Европа Иттифоқидан тахминан 118 миллион доллар олди.
ЕИ Тунисга сармоя киритиш учун яна бир миллиард доллар таклиф қилмоқда. Бироқ, бу жаноб Саид Халқаро Валюта Жамғармасининг (ХВЖ) 2 миллиард долларлик қутқарув пакети шартларига рози бўладими-йўқлигига боғлиқ. Ҳозирча у жамғарма қўяётган шартларга рози эмас.
ХВЖ шартига кўра, у субсидияларни камайтириши ва давлат хизматчилари сонини ҳам қисқартиришни талаб қилади. Бу эса жаноб Саиднинг обрўсини тушириши ва ҳатто унга қарши исёнга олиб келиши мумкин.
Гарчи жаноб Саид мамлакатни бошқараётганидан хавотирда бўлганлар сони ортиб бораётган бўлса ҳам, ҳозирча президент Саид ҳайратланарли даражада омма қўлловига эга. Муҳожирлар ҳақидаги ғазабли нутқларидан тортиб, сиёсий мухолифлари қамоққа олиниши, парламент ва суд тизимини атай заифлаштиришгача хавотир уйғотмоқда.

Сурат манбаси, Getty Images
Шундай одамлардан бири Эл Генералдир. Унинг қўзғолон мадҳияси катта муваффақиятга эришгандан сўнг, у оила қурди.
У ҳозир Сфакснинг нуфузли мавзеларидан биридаги катта ва дабдабали уйда яшайди.
Мамлакати яна зўрайиб бораётган қатағон қурбони бўлганини кўргач, Эл Генерал қўшиқ ёзишга қайтиш зарурлигини ҳис қилганини айтади.
Унинг таъкидлашича, ўзининг сўнгги қўшиғида президент Саидни танқид қилади, албатта бу сафаргиси инқилобий рэп эмас.
Эл Генерал бу курашни янги авлод рэперларига қолдирмоқчи.
"Эл Генерал ҳар доим Эл Генерал бўлиб қолади, лекин эҳтимол ҳозир мендан кўра кўпроқ инқилобий бўладиганлар бор. Масалан, футболда биз Лионел Мессини зўрларнинг зўри деб айтамиз, балки бир неча йилдан сўнг кимдир ундан ҳам яхшироқ тўп тепиши мумкин".
https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002













