Янги конституция ва янги Тунис: Мамлакат авторитар режимга қайтмоқдами? Dunyo Tunis Yangiliklar

Сурат манбаси, Getty Images
Тунисда овоз берувчилар президентга кенг янги ваколатларни беришни қўллаб-қувватладилар. Сиёсий кузатувчилар бу нисбатан ёш демократияга эга бўлган Туниснинг яна авторитар режимга қайтишидан хавотир билдиришяпти.
Конституцияга ўзгартиришлар билан Президент Қаис Саедга янги ваколатларни бериш учун ўтказилган референдумда тунисликларнинг атиги учдан бир қисми овоз беришган. Овоз берганларнинг 94,6 фоизи ўзгаришларни ёқлаб чиққан.
Референдумни бойкот қилган мухолифат гуруҳлари у «ишончли эмас» ва «бўрттирилган» дейишмоқда.
Жаноб Саед конституцион ўзгаришлар Тунисни сиёсий фалажликдан олиб чиқишини ваъда қилган.
64 яшар президент бир йил аввал кутилмаганда парламентни тарқатиб, вазирларни ишдан бўшатганидан бери давлатни фақат ўз фармонлари билан бошқариб келаётганди.

Сурат манбаси, Getty Images
Туниснинг янги конституцияси энди президентга ижрочи ҳукумат ва армия устидан мутлақ назоратни, ҳамда ҳукуматни парламент тасдиғисиз тайинлаш ваколатини беради.
Шунингдек, янги бош қомус Туниснинг адлия тизимини сустлаштиради ва президент ваколатлари устидан текширувларни олиб ташлайди.
«Қаллоблик» айблари
Жаноб Саеднинг сиёсий рақиблари Туниснинг сайлов кенгашини «қаллоблик»да айблади ва янги конституцияни тан олмсликларини айтди. Янги конституция референдумнинг якуний натижалари эълон қилингач кучга киради.
Жаноб Саед ва Тунис сайлов комиссияси ҳали бу айбловларга жавоб беришгани йўқ.
«Саед натижаларни қалбакилаштириб сохта халқ иродасини тақдим қилди», деди «Миллий нажот фронти» раҳбари Нежиб Чебби. Унинг айтишича, илк натижалар бўрттириб кўрсатилган ва кузатувчилар жойларда гувоҳ бўлган вазиятдан фарқ қилади.

Сурат манбаси, Getty Images
Кўп тунисликлар янги конституция Тунисни сиёсий тортишувлар ва фалаж ҳукуматдан озод қилади, ҳамда мамлакатдаги энг йирик Исломий партия таъсиридан халос қилади, дея уни қўллаб-қувватлашди.
Овоз бериш тугаши ортидан гапирган жаноб Саед ўз тарафдорларига «Тунис янги даврга ўтди» ва «давлатга қарши жиноятларни амалга оширганларнинг бари жавобгарликка тортилади», деди.
Душанба куни ўтган референдумда сайловчиларнинг атиги 30,5 фоизи овоз берган.
Аммо, жаноб Саедга кўра, «сайлов шохобчалари одамларга гавжум бўлган, агар у икки кун ўтказилса, янада кўпроқ овоз берилган бўларди».
Араб баҳори ва «кучли лидер»

Сурат манбаси, Getty Images
Тунис 2011 йилда мамлакатни энг узоқ бошқарган Зине ал-Абидин Бен Алини ағдариб, Яқин Шарқ бўйлаб «Араб баҳори» дея танилган инқилобларни бошлаб берганди. Ўшандан бери ўтган бешта йирик сайловлар орасида бу энг сусти бўляпти.
Яқин-яқинларгача Тунис «араб баҳори» ортидан пайдо бўлган ягона демократик давлат дея кўрилганди.
Президент Саеднинг айтишича, унинг ислоҳотлари 2011 йилги инқилоб рухида амалга ошириляпти ва йилларки давом этаётган иқтисодий инқирозга якун ясашни мақсад қилади.

Сурат манбаси, TUNISIAN PRESIDENCY / HANDOUT
«Янги Тунисни ва эски тарихни ортдда қолдирган янги республикани қуриш учун биз жуда катта пул ва бойликка эгамиз, иродамиз эса унданда катта», деди Президент Саед референдум ортидан.
Бирон ягона сиёсий партия қўлловига эга бўлмаган мустақил сиёсатчи Қаис Саед кўплаб тунисликларнинг дастагига эга. Улар мамлакатдаги муаммолар ечилиши учун кучли лидер кераклигига ишонишади. Аммо, референдумдаги иштирокка қаралса, чамаси уларнинг кўплари уни кўтаринки руҳда ўтказмадилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek













